Референдум ва янги Конституция

Ўзбекистон Асосий қонунининг янгиланишини, шубҳасиз, 2023 йилнинг бош сиёсий воқеасидир. 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда халқ (овоз беришда иштирок этганлар улуши 84,5 фоизни ташкил этди) Конституциянинг янги таҳририни маъқуллади. Сайловчиларнинг 90,2 фоизи Асосий қонуннинг ўзгартирилиши учун овоз берди, 9,35 фоизи эса бунга қарши чиқди.

Асосий ўзгаришлар сифатида Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжатга айлангани, унда Ўзбекистонинг ижтимоий ва дунёвий давлат деган мақоми мустаҳкамлаб қўйилгани ва яна бошқаларни санаб ўтиш мумкин.

Референдумдан сўнг, мамлакатда янгиланган Конституцияга мос янги қонунлар қабул қилина бошлади. Ноябрда президент кодексларга давлатнинг дунёвийлигини мустаҳкамловчи тузатишларни киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Жинс бўйича камситишни тарғиб қилганлик учун 6,6 млн сўмгача жарима солиниши, миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, кўп хотинли бўлишни тарғиб қилганлик учун 15 суткагача қамоқ жазоси тайинлаш мумкин бўлди.

Муддатидан аввалги президент сайлови

Референдумдан сўнг, 9 июль куни Ўзбекистон президентлиги учун муддатидан аввалги сайловлар бўлиб ўтди ва унда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан қайта сайланди. Унга «Адолат» партиясидан рақиб бўлган Робахон Маҳмудова 4,43 фоиз, Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятов 4,02 фоиз, Экологик партиядан Абдушукур Ҳамзаев эса 3,74 фоиз овоз олди.

Шавкат Мирзиёев қасамёд қилмоқда, 2023 йил, 14 июль. Фото: Президент матбуот хизматиШавкат Мирзиёев қасамёд қилмоқда, 2023 йил, 14 июль. Фото: Президент матбуот хизмати

Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун кучга кирди

Болалар ва хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи қонуннинг кучга киришини Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим ҳодиса дея эътироф этиш мумкин. Nemolchi.uz лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Нигина Худойбергенова таъбири билан айтганда, мазкур қонун лойиҳаси узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтди.

Болалар ва аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг Сенатдаги муҳокамасидан, 2023 йил 24 январь. Фото: Сенат матбуот хизматиБолалар ва аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг Сенатдаги муҳокамасидан, 2023 йил 24 январь. Фото: Сенат матбуот хизмати

Жамоат фаолларининг қатъияти туфайли энди маиший зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик бор, шилқимлик (хусусан, кўчадаги тегажоқликлар) эса 15 суткагача маъмурий қамоққа сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик сифатида тан олинди. Болаларнинг жинсий дахлсизлиги ва эркинлигига қарши жиноятларни содир этганлик учун белгиланган жазо муддатлари узайтирилди.

Маъмурий ислоҳотлар

Ўтган, 2022 йилнинг энг охирида Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотлар бошланди. Вазирлик ва идоралар сонини икки баробардан кўпроқ — 61 тадан 28 тагача камайтириш, давлат хизматчиларининг сонини эса 30−35 фоизга қисқартириш кўзда тутилган эди. Давлат органларининг қисқартирилиши ва уларнинг харажатлари мақбуллаштирилиши натижасида Ўзбекистон давлат бюджети 2,8 триллион сўм иқтисод қилиши кутилаётган эди. Аммо ислоҳот лойиҳалари умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинмади, шу ва бошқа омиллар (масалан, вазирларнинг аввалги лавозимларига қайта тайинланиши) сабаб жамоатчилик ушбу ўзгаришларни совуқ кутиб олди. Ислоҳот танқидчилари учун Адлия вазирлиги алоҳида баёнот беришга мажбур бўлди.

Йил ўртасида юридик фанлари доктори, профессор Исо Ҳамидов «Газета.uz» ёзган мақоласида ислоҳот натижасида давлат бошқарувининг ташкилий тузилмаси ва вазифалари оптимал шаклланиб кетди, деб якдил таъкидлашга ҳали эрта эканини қайд этиб ўтди. «Қарорларнинг шошма-шошарлик билан қабул қилингани, ислоҳотни тайёрлаш жараёнида лозим даражадаги экспертлик муҳокамасининг бўлмагани айрим қарорларнинг илмий асосланганлигига нисбатан шубҳа ва саволлар келтириб чиқармоқда», — деб ёзганди у.

Ўзбекистон ҳукумати биноси. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz».Ўзбекистон ҳукумати биноси. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz».

2023 йил охиригача маъмурий ислоҳот доирасидаги айрим қарорлар қайта кўриб чиқиб бўлинди. Масалан, авваллари ҳукуматга тўғридан-тўғри бўйсунган Оила ва хотин-қизлар ишлари қўмитаси 2022 йил декабрида Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ўтказилганди, аммо яқинда яна Вазирлар Маҳкамаси бўйсинувига қайтарилди. Ўтган йил декабрида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги тузилмасига ўтказилган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги сентябрда яна Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасига қайтди. Март ойида Стратегик ислоҳотлар агентлиги давлат улуши бор 31 та йирик корхона акцияларини ўз балансига олганди (агентлик 2023−2025 йиллар давомида уларни ислоҳ қилиб, операцион жозибадорлигини ошириши лозим эди), аммо август ойида барча улушлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарувига қайтарилди.

Президент администрацияси тузилмасидаги ўзгаришлар

Август ойида президент ўз маъмуриятининг янги тузилмасини тасдиқлади. Президент администрацияси раҳбари лавозими тугатилиб, президентнинг иккита қўшимча ёрдамчиси лавозимлари жорий этилди, улардан бирига президентнинг бунгача администрация ижро аппаратида ишлаб келган тўнғич қизи Саида Мирзиёева тайинланди. Маслаҳатчилар сони 9 тадан 11 тага оширилди, жумладан, администрация раҳбари лавозими тугатилганидан кейин Сардор Умрзоқов янги ташкил этилган алоҳида топшириқлар бўйича маслаҳатчи лавозимини эгаллади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

Ўзбекистон, янги Конституцияга мувофиқ, ижтимоий давлатга айлангани шарофати билан фаолияти аҳолини тўғридан-тўғри ижтимоий муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлашдан иборат бўлган давлат органини ташкил этиш масаласи ва ниҳоят ижобий ҳал қилинди. Июнь ойида Ўзбекистонда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.

Ижтимоий ҳимоя учун турли даврларда ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳам собиқ Меҳнат вазирлиги масъул эди, бундай аҳвол эса ижтимоий муҳофаза тизимини тўлақонли ривожлантиришга тўсқинлик қиларди. Экспертлар кўп йиллардан бери мазкур соҳа тарқоқ эканини таъкидлаб келаётганди.

Агентликка ижтимоий ҳимоя тизими ходимларининг қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт кечириши учун қулай муҳит яратиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий суғурта механизмлари билан қамраб олинишини кенгайтириш вазифалари юклатилган. У, шунингдек, давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматларни кўрсатиш стандартларини ҳамда уларнинг ижросини мониторинг қилиш мезонларини ишлаб чиқиши лозим.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига Мансурбек Оллоёров директор этиб, президентнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева эса агентлик директорининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Аномал совуқ ва Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Тошкент шаҳар ҳокими лавозимидан олиниши

2023 йил бошида Ўзбекистонда ноодатий қаҳратонлар кузатилди, ҳаво ҳарорати -20 даражадан ҳам пасайиб кетди. Бу нафақат қаттиқ совуққа ўрганмаган аҳоли учун, балки мамлакат коммунал тизими учун ҳам кутилмаган воқеа бўлди. Тизимдаги авариялар оқибатида бир неча кунлаб чироқ бўлмади, газ босими ўтган йилларда энергия таъминоти масаласида нисбатан барқарордек кўринган Тошкент шаҳрида ҳам пасайиб кетди.

Пойтахтда энг совуқ кунларда кўп қаватли турар жой мавзеларида одамлар гулхан атрофида исинишга мажбур бўлди. Аҳоли тайёр овқат сотиб олишга ва совуқдан савдо марказларида жон сақлашга мажбур бўлаётганини таъкидлади. Электр ва газ йўқ бўлган шароитда кўп қаватли уйлардаги хонадонларни иситиш имконсизлиги сабаб, Мудофаа вазирлиги, ИИВ ва Миллий гвардия Тошкентнинг бир қатор маҳаллаларида чодирли шаҳарчалар қурди — бу ерда одамлар иссиқ овқат олиши, исиниши ва мобил қурилмаларини қувватлантириши мумкин бўлди.

Аҳолини исинтириш учун ҳарбийлар ва куч ишлатар тизимлар томонидан ўрнатилган чодирлар. Тошкент, 2023 йил январи. Фото: Миллий гвария.Аҳолини исинтириш учун ҳарбийлар ва куч ишлатар тизимлар томонидан ўрнатилган чодирлар. Тошкент, 2023 йил январи. Фото: Миллий гвария.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида аҳоли одатда уйни иситиш учун фойдаланиладиган газ босими пасайиб кетгани учун қийинчиликларга учраётганини маълум қилди, газ тортилмаган ва электр деярли берилмай қўйган қишлоқларнинг аҳолиси эса чидаб бўлмас даражада оғир турмуш шароитларидан шикоят қилди.

Тошкент энергетика тизимидаги инқироз оқибати ўлароқ 2018 йилдан бери Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

«Нега пойтахтда шундай бўлди? Нега олдиндан тайёргарлик қилмадик? Шунча гап гапирганимизга қарамай, Вазирлар Маҳкамаси қаерга қараган деган савол мени қийнаяпти. Қиш мавсумига лозим тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим, — деганди ўшанда президент энергетика инқирози бўйича йиғилишда. — Қуруқ гап билан, ёлғон „сводка“ билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим».

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб бунгача «Ўзавтосаноат» раҳбари ва Бош прокуратура бошқарма бошлиғи сифатида ишлаган Шавкат Умурзаков тайинланди.

Электр энергияси, газ ва мустақиллик учун кураш

Ўзбекистон август ойида Туркманистон билан йилига 2 миллиард куб метр туркман газини сотиб олиш бўйича шартнома имзолади. Томонлар янада узоқ муддатли ва етказиб бериш ҳажми ҳам каттароқ бўлган шартнома устида ҳам иш олиб бормоқда.

7 октябрдан эътиборан Ўзбекистон куз-қиш мавсумидаги етишмовчилик ўрнини қоплаш учун Қозоғистон ҳудуди орқали Россиядан газ импорт қилишни бошлади. Газ харид қилиш шартномаси икки йилга мўлжалланган бўлиб, кунлик харид миқдори суткасига 9 миллион куб метрни — йилига тахминан 2,8 миллиард куб метрни ташкил этиши керак.

Декабрга келиб, қаттиқ совуқлар сабаб, «Газпром» Тошкентнинг илтимосига кўра Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини икки баробар оширди. Шу ойда «Ўрта Осиё — Марказ» газ қувури орқали «техник жиҳатдан максимал ҳажмда» газ ўтказилган.

Йил охирида Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида қуёш электр станциялари, Навоий вилоятининг Томди туманида эса шамол электр станциясининг биринчи навбати ишга туширилди. Ушбу объектларнинг умумий генерация қуввати 2400 МВтни ташкил этади.

Умумий қиймати 2 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳалар тўлиқ қувват билан ишга тушиши билан, таъкидланишича, 2 миллион уй хўжалиги барқарор электр энергия таъминотига эга бўлади. Бундан ташқари, 2 миллиард куб метр табиий газни иқтисод қилиш, 4 миллиард долларлик саноат маҳсулоти ва хизматлар ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистонга «кафолатланган ва барқарор энергия ресурслари сув билан ҳаводек зарур», дея таъкидлади Ўзбекистон презиенти. Келгуси олти йилда мамлакатда электр энергиясига бўлган талаб 83 миллиарддан 120 миллиард киловатт соатга ўсиши кутилмоқда. «Буни, биринчи галда, қайта тикланадиган энергия ҳисобидан қоплаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистоннинг «яшил» энергияни Осиё ва Европа мамлакатлари бозорига ҳам етказиб бериш режалари борлигини қўшимча қилди.

Пенсия ва ойликлар бир йилда икки марта оширилди

2023 йилда пенсия ва ойликлар икки марта — апрель-май ойларида ва декабрда оширилди. Ҳар иккала сафар ҳам ошиш даражаси 7 фоизни (жами 14 фоизни) ташкил этди. Шу тариқа, ижтимоий тўловлар ва бюджет ходимларининг ойлик маошлари индексацияси йиллик инфляциянинг Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра тахмин қилинган 9−10 фоизлик даражасидан ўзиб кетди.

Тўрт йилда биринчи марта коммунал хизматлар учун тарифлар оширилди

Ўзбекистонда 1 октябрдан йирик корхоналар, бюджет ташкилотлари ва компаниялар учун электр энергияси ва газ нархлари оширилди. Аҳоли учун тарифлар эса ўзгаришсиз қолдирилди. Бунинг ортидан Тошкентда юридик шахслар ва бюджет ташкилотлари учун иссиқлик таъминоти нархлари, шунингдек, барча ҳудудларда ва, жумладан, аҳоли учун ҳам — чиқиндиларни олиб чиқиш ва совуқ сув тарифлари оширилди.

Коммунал хизматлар учун тарифлар тўрт йилдан бери — аввалига коронавирус пандемиясининг иқтисодий оқибатлари туфайли, кейинчалиқ эса референдум ва янги сайловларга тайёргарлик сабаб — ўзгармай турганди. Аммо иқтисодий экспертлар ресурслар учун бозор нархлари белгиланмаса, барқарор энергия таъминотига эришиш ва инфратузилмани соз ҳолатда сақлаш мумкин эмаслигини якдил таъкидлаб келаётган эди.

Шаҳарларда рухсат этилган энг юқори тезликнинг 60 км/с этиб чекланиши

Шаҳарларда рухсат этилган энг юқори ҳаракатланиш тезлигининг соатига 60 километргача чекланиши — йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳаси ва шаҳар муҳитидаги энг узоқ кутилган қарорлардан бири бўлди. Авваллари чеклов соатига 70 километрга тенг эди.

Ҳар 5 км/с тезлик ЙТҲ иштирокчиларининг ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, бу ҳақда Транспорт вазирлигининг Тошкент транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Муроб Обидов бир йил аввал гапирганди.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Агар соатига 65 км/с тезликда келаётган ҳайдовчи пиёдани кўриб, тормозни босса, транспорт воситаси пиёдага бориб урилгунига қадар тезлик 32 км/c гача пасаяди. Бироқ ҳайдовчи соатига 60 км/c тезликда ҳаракатланса — яъни, тезлиги бор-йўғи 5 км/c га пастроқ бўлса ва боягидек масофадан тормозни босишга киришса, пиёда билан тўқнашиш вақтида автомобилнинг тезлиги атиги 5 км/c ни ташкил этади.

Тезликни пасайтириш самарасига баҳо бериш учун вақт ва маълумотлар таҳлили зарур. Айни вақтда, экспертлар биргина тезликни пасайтириш билан жиддий натижаларга эришиш қийинлигини, бу борада комлпекс чоралар зарурлигини эслатиб келмоқда.

Тошкентда жамоат транспортини ривожлантириш учун 1000 та автобус ва электробус сотиб олиниши

Февраль ойида Ўзбекистон президенти жамоат транспортини ривожлантириш тўғрисида қарор имзолади. Тошкент учун газда ҳаракатланувчи 700 та (200 та 18 метрли «гармошка» ва 500 та 12 метрли оддий) автобус ва 300 та электробус сотиб олинди. Бу — бунчалик қисқа муддатда сотиб олинган энг йирик автобуслар партияси бўлди. Газда ҳаракатланувчи яна 1000 та автобусни Нукус ва вилоят марказлари учун сотиб олиш режалаштирилган эди.

аёллар ва болалар ҳимояси, жамоат транспорти, ижтимоий ҳимоя, йил якунлари, конституция, коррупцияга қарши кураш, маъмурий ислоҳотлар, энергия ресурслари

Дастлабки автобуслар баҳорда етказиб берилиши керак эди: 20 апрель куни Тошкентда бирданига 400 та янги катта ва ўта катта сиғимли автобус ва электробуслар йўналишларга чиқиб, пойтахт кўчаларини безади. Улар орасида 18 метрли «гармошка»лар ҳам бор эди — шаҳар бундай турдаги сўнгги автобусдан охирги марта 10 йил аввал фойдаланган эди.

Орадан ярим йилдан кўпроқ вақт ўтиб, жамоат транспортида йўлкира 2019 йилдан бери биринчи марта (1400 сўмдан 2000 сўмга) оширилди. Бундан ташқари, бир соат ичида бир неча бор жамоат транспортидан фойдаланганда тақдим этилиши айтилган ва кўпдан бери ваъда қилиб келинган чегирмалар, шунингдек, кунлик, ҳафталик, ойлик ва йиллик тарифлар жорий қилинди.

Икки ва ундан ортиқ ҳаракатланиш бўлаги бор йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларига светофорлар ўрнатила бошлади

Сентябрь ойида тасдиқланган «Ўзбекистон-2030» стратегияси Ўзбекистон аҳоли пунктларининг қатнов қисми ҳар бир тарафида икки ва ундан ортиқ ҳаракатланиш бўлаги бўлган йўлларидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларини тугма билан бошқариладиган светофорлар билан жиҳозлашни назарда тутади. 2024 йилдан ушбу талаб барча янги йўллар учун мажбурий бўлади.

Тошкентда бу борада ишлар бошлаб юборилди — бунинг учун ҳатто вилоятлардан йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари жалб қилинди. Амир Темур, Оққўрғон, Паркент, Сайрам ва бошқа кўплаб кўчаларда янги светофорлар пайдо бўлди. Айрим жойларга эса светофорлар ҳали ҳам ўрнатилгани йўқ. Паркент кўчасидаги 69-мактаб ва 77-ихтисослаштирилган заиф кўрувчи ва кўзи ожиз болалар мактаби олдидаги пиёдалар ўтиш жойига ўрнатилган светофорлар ҳали ҳам ишга тушгани йўқ.

Ўзбекистон шаҳарларида, хусусан, Тошкентда ҳар тарафи бир неча (тўрт, беш, олти ва ундан ортиқ) полосали кўча ва йўлларда тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари кўп учрайди. Пойтахтдаги бир қатор шундай ўтиш жойларида ўлим билан тугаган ЙТҲлардан сўнггина светофор ўрнатилган. Пиёдалар хавфсизлигини ошириш учун, юқорида таъкидланганидек, комплексли ёндашув зарур.

Болаларнинг дорилардан оммавий заҳарланиши

Август ойида Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган дориларни, хусусан, «Док-1 Макс»ни ичганидан сўнг Ўзбекистонда 2022 йил охири ва 2023 йил бошида 65 нафар бола ўлгани ҳақидаги маълумот ошкор қилинди. Ушбу фармкомпания дорилари кенг тарқалгани ва тақиқланган препаратларни сотиш ҳатто феврал ойида ҳам давом этавергани инобатга олинса, бу қурбонлар сони бўйича якуний рақам бўлмаслиги ҳам мумкин. «Док-1 Макс» иши бўйича суд давом этмоқда.

Сентябрь ойида Наманган вилоятининг Чуст туманида камида 71 нафар бола касалхонага ётқизилгани маълум бўлди. Кейинроқ эса вилоятда 450 бола, хусусан, биргина Чуст туманида 306 бола касалхонага ётқизилгани маълум бўлди. Ота-оналар болаларнинг аҳволи йодлаштириш дастури доирасида тарқатилган «Антиструмин» №100 дори воситасини ичганидан сўнг ёмонлашганини маълум қилди, аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги аввалига бу даъвони рад этди.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов «Антиструмин»нинг ножўя таъсиридан азият чеккан болаларни кўргани касалхонага борди. 2023 йил, сентябрь. Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги.Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов «Антиструмин»нинг ножўя таъсиридан азият чеккан болаларни кўргани касалхонага борди. 2023 йил, сентябрь. Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги.

Орадан икки ой ўтиб Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов болаларнинг сентябрдаги оммавий заҳарланиши «Антиструмин» йод препарати дозаси ошириб юборилгани билан боғлиқ эканини тан олди.

Ушбу ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида уч аёл шифокор — эндокринология маркази директори ўринбосари, Ўзбекистоннинг бош болалар эндокринологи ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқармаси бошлиғи ҳибсга олинди. Ўзбекистон шифокорлар уюшмаси бу шифокорларга қўлланилган эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўраб президентга мурожаат қилди.

Қорақалпоғистон воқеалари бўйича ҳукмлар

2023 йил январи охирида Нукус воқеаларининг 22 иштирокчисига доир иш бўйича ҳукмларни эълон қилди: Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди, Лолагул Қаллиханова эса 8 йилга озодликдан шартли маҳрум қилиниб, Азамат Нуратдинов, Аҳмет Сметуллаев ва Азамат Турданов билан бирга суд залидан озод қилинди. Қолганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш тарзидаги жазолар тайинланди.

аёллар ва болалар ҳимояси, жамоат транспорти, ижтимоий ҳимоя, йил якунлари, конституция, коррупцияга қарши кураш, маъмурий ислоҳотлар, энергия ресурслари

Нукус воқеалари бўйича иккинчи ишда 39 киши судланди: 28 киши 5 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо олган бўлса, қолган 11 кишининг озодлиги 5 йилга чекланди. Июнь ойида биринчи ишнинг саккиз иштирокчисига тайинланган озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо озодликни чеклашга алмаштирилди. Худди шу ойда иккинчи иш бўйича судланаётганларнинг жазолари ҳам енгиллаштирилди — беш кишининг жазоси озодликни чеклашга алмаштирилди, 16 нафарининг жазо муддати эса камайтирилди.

Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш доирасидаги оммавий қўлга олишлар

Тошкент шаҳар ИИББ 2 декабрь куни «кўча тўдалари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилаётганини маълум қилди. Қўлга олинганлар орасида «Саидазиз медгорок» номи билан танилган Саидазиз Сайдалиев, Бахтиёр Қудратуллаев («Бахти Ташкентский»), Салим Абдувалиев («Салимбой») кабилар бор эди. Умумий ҳисобда 100 дан ортиқ одам ушланган бўлса, уларнинг 52 нафари қамоққа олинди.

Бундан ташқари, сўнгги бир ҳафта давомида Избоскан тумани собиқ ҳокими Серобиддин Исмоилов, Бухоро тумани собиқ ҳокими Хайрилло Жўраев ва Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Саидаҳмад Султонов, қишлоқ хўжалиги вазирлигининг собиқ раҳбари Азиз Воитов ва бошқалар қўлга олинди.

Оммавий қўлга олишлар юзасидан Ўзбекистон президенти ҳам изоҳ берди.

«Ўзини „кўча“ деб атайдиган жиноий гуруҳлар бўладими, коррупцияга берилган мансабдор шахслар бўладими, ким қонунга беписанд қараб, давлат ва жамиятга зарар етказадиган бўлса, биз бунга ҳеч қачон жим қараб туролмаймиз», — деди президент.

«Кўчаларимиз, маҳаллаларимиз, ҳаётимиз том маънода тинч ва тоза, жиноятдан холи бўлиши керак. Янги Ўзбекистонда қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар бўлиши шарт. Ва, албатта, шундай бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.