Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги яна Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасига ўтказилди. Бу Шавкат Мирзиёевнинг 6 сентябрда қабул қилиган Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида белгиланди.

Ҳужжатда агентлик фармацевтика саноати барқарор ривожланиши учун жавобгарликни тўлиқ зиммасига олиши қайд этилди. Агентликни ССВга ўтказишда мустақил юридик шахс мақоми ҳамда фаолиятини молиялаштиришнинг амалдаги манбалари ва тартиби сақлаб қолинади.

Фармон билан давлат бюджети маблағлари ҳисобига имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича тасдиқланган стандартларга мувофиқ тиббий хизматларнинг базавий нархлари ССВ томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан келишилган ҳолда белгиланади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги президентнинг 2017 йил 7 ноябрдаги қарори билан «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни тугатилган пайтда ташкил этилганди. Унинг тугатилишига «фармацевтика саноати ривожига салбий таъсир кўрсатувчи тизимли камчиликлар», тармоқни ривожлантириш бўйича ягона стратегиянинг йўқлиги ҳамда маҳаллий фармацевтика корхоналарининг фаолиятини, шу жумладан, тегишли маҳсулотларни аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг уларга бўлган эҳтиёжини лозим даражада мувофиқлаштириш таъминланмагани сабаб бўлган.

2022 йил декабрда давлат раҳбарининг фармони билан агентлик Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига ўтказилди (дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатдан ўтказиш функцияси Соғлиқни сақлаш вазирлигида қолди).

Ўша пайтда — декабрь ойида Ҳиндистоннинг Marion Biotech компаниясига тегишли «Док-1 Макс» сиропи ва бошқа дори воситаларини қабул қилиш оқибатида ўнлаб болалар ҳалок бўлганидан сўнг агентлик директори Сардор Кариев ишдан бўшатилган. Ҳозир у жиноий ишда айбланувчилардан бири. Jurabek Laboratories қўшма корхонаси собиқ директори Кариев агентликка 2019 йил февраль ойида раҳбарлик қила бошлаганди.