Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси раҳбари Сардор Ўктамович Умурзаков лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан у президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.

У 2022 йил июлидан бери Президент администрацияси раҳбари, унгача эса бош вазирнинг Инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимида ишлаб келган.

Аввалроқ Суннатилла Бекенов Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари ёрдамчиси лавозимидан озод этилганди.

Шунингдек, Фурқат Жалолович Рахимов Президент администрациясининг Ижро этувчи аппарати таҳлилий материалларни тайёрлаш ва администрация бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш шуъбаси мудири лавозимидан озод этилди.

У бу лавозимда 2022 йил 1 ноябрдан бери ишлаб келаётганди. У, шунингдек, инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси котибияти мудири, Самарқанд ҳокими лавозимларида ишлаган.