«Газпром» компанияси кучли совуқ фонида Ўзбекистон томонининг сўровига асосан мамлакатга Россия газини етказиб бериш ҳажмини оширди. Бу ҳақда 26 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда «Газпром» бошқаруви раиси Алексей Миллер маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда етказиб бериш ҳажми «имзоланган шартнома бўйича кунлик мажбуриятлар»дан икки баравар кўп ва «Марказий Осиё — Марказ» газ транспорт тизимининг максимал ўтказиш имконияти миқдорига етган.

«Декабрь ойида Ўзбекистонга ҳам совуқлар келди ва ўзбекистонлик дўстларимиз, ҳамкасбларимиз Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини имзоланган шартнома бўйича кунлик мажбуриятларимиздан икки баробар оширишни сўрашди. Айни пайтда декабрь ойида биз Ўзбекистонга „Марказий Осиё — Марказ“ газ қувури орқали етказиб берилиши мумкин бўлган максимал техник ҳажмдаги газни етказиб беряпмиз», — деди Миллер.

Ўзбекистон 7 октябрдан куз-қиш мавсумида газ тақчиллигининг бир қисмини қоплаш учун Қозоғистон ҳудуди орқали Россиядан газ импорт қилишни бошлади. Газ сотиб олиш бўйича шартнома икки йилга тузилган бўлиб, сотиб олиш ҳажми кунига 9 млн куб метрни, йилига қарийб 2,8 млрд кубметрни ташкил қилиши керак.

«Албатта, Ўзбекистон учун, хусусан, „Марказий Осиё — Марказ“ газ қувури орқали тескари режимда газ етказиб бериш имконияти куз-қиш мавсумидан ўтишда жуда муҳим омил ҳисобланади. Биз эса бунга яраша ҳозир шундай техник имкониятларга эгамиз — ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг сўровига биноан Ўзбекистонга газни тўлиқ етказиб беряпмиз», — деди «Газпром» раҳбари.

Ноябр ойи бошида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов мамлакат «Газпром» билан Россиядан газ етказиб беришнинг келажакдаги, асосан, куз-қиш мавсумининг энг юқори чўққиси учун ҳажмларини муҳокама қилинаётганини таъкидлаганди. Октябрь ойининг тўлиқ бўлмаган даврида Россиядан 300 млн куб метрга яқин газ етказиб берилди.

Шунингдек, Энергетика вазирлиги раҳбари катта захирага эга Туркманистонга яқинроқ бўлса-да, Ўзбекистон нега Россия газини сотиб олиши, шунингдек, газни бошқа давлатларга экспорт қилишининг сабабларини тушунтирганди. Унинг таъкидлашича, Россиядан газ етказиб бериш масаласини сиёсийлаштириш нотўғри.