Шавкат Мирзиёев 16 январь куни аҳолини энергия билан узлуксиз таъминлаш бўйича йиғилиш ўтказди. Ўз фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилди. Шу пайтгача биринчи ўринбосар бўлиб келган Бахтиёр Раҳмонов ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Давлат раҳбари бу ҳолатга изоҳ бериб ўтди.

«Қиш мавсумига лозим тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон „сводка“ билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим», — деди президент.

Юзага келган вазият соҳалар ҳамда ҳудуд раҳбарларининг бугунги кунгача қандай ишлаганини яққол кўрсатиб қўйгани таъкидланди. Айниқса, Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарлари бугунги ҳолатга умуман тайёр эмаслиги кескин танқид қилинди.

Пойтахтнинг Бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани оқибатида рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетгани, қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, бозорларда озиқ-овқат музлаб қолмаслиги, нарх-наво ошиб кетмаслиги учун чора кўрилмаётгани учун пойтахт мутасаддиларига қатъий эътироз билдирилди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан ташқари, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ҳокимлари ҳам лавозимидан озод этилиб, ҳоким вазифасини бажарувчиси лавозимига туширилди. ДХХ ва Бош прокуратурага уларнинг фаолиятини ўрганиш топширилди.

«Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти раиси Фарҳод Абдураҳмонов ҳам лавозимидан озод этилди. Тошкент шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи, бош прокурор ўринбосари Эркин Юлдашев шаҳар прокурори этиб тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар сессиясида 2018 йил 21 декабрь куни ташкилий масала кўрилиб, Шавкат Мирзиёев шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев номзодини шаҳар ҳокими лавозимига тавсия этган.