15 август куни Жиззах вилоятида Халқаро армия ўйинлари доирасида Ўзбекистон мезбонлик қилаётган «Дала ошхонаси» ва «Қуролсоз уста» мусобақалари бошланди.
Тошкент аэропортида Интерполнинг Ўзбекистондаги бюроси ходимлари халқаро қидирувда бўлган фуқарони туркиялик ҳамкасбларига топширди. У муҳрларга қасддан зарар етказиш ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун қидирувда бўлган.
Андижоннинг Булоқбоши туманидаги «Халқ банки» ходимлари томонидан банкоматга жойланиши керак бўлган 111 млн сўм ўзлаштирилганлиги аниқланди. Текширув давомида етказилган зарар тўлиқ қопланган.
Ижтимоий тармоқларда Қаршидаги тери заводи яқинида ўзини ёқиб юборишга уриниш акс этган видео тарқалди. Воқеа жойида йиғилганлар заводдан чиқаётган кучли ҳид сабабли уни ёпишни талаб этишмоқда. Ҳолат юзасидан прокуратура тергов ҳаракатлари олиб бормоқда.
Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов: «Афғонистонлик қўмондонлар ва ҳарбий хизматчилар қочиб кетган пайтда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида қолган ҳарбий вертолёт ва самолётлар Украинага ўтиб қолмаслиги биз учун муҳим», дея баёнот берди.
Ўзбекистонликлар мустақилликнинг 31 йиллигини нишонлаш арафасида иш ҳафтасидан қатъий назар кетма-кет 4 кун — 1 сентябрдан 4 сентябрга қадар дам олишади. Шунга кўра, барча таълим ташкилотларида ўқиш жараёнлари 5 сентябрь — душанба кунидан бошланади.
Тошкент вилояти прокурори лавозимида ишлаб келган Салом Самадов Қашқадарё вилояти прокурори этиб тайинланди. У аввал ҳам мазкур лавозимда фаолият олиб борган.
Қувасойда бир гурух аёллар 938 кг темир буюмлар эвазига «гашиш» моддасини сотган вақтда ушланган. Гумонланувчиларнинг жиноят содир этганлиги тасдиқланса, 20 йилгача қамалиши мумкин.
Бадиий академия Қорақалпоғистон давлат санъат музейи асосчиси Игорь Савицкий ҳайкалини яратиш бўйича танлов эълон қилди. 4 август куни Савицкий таваллудининг 107 йиллиги нишонланаётган вақтда жамоатчилик эътибори ҳалигача музей асосчисига ҳайкал ўрнатилмаганига қаратилди.
Ўзгидромет 18−20 август кунлари еттита вилоятда шамол тезлиги 17 м/с дан 27 м/с гача кучайиши, бунинг оқибатида айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилишидан огоҳлантирди. Шанба кунига келиб, ҳаво харорати 27 даражагача тушиб кетади.
Тошкент метрополитенининг ер усти ҳалқа линиясида поездлар ҳаракати 5 сентябргача соат 23:00 гача амалга оширилади.
Бош прокуратура Қашқадарё ва Самарқанд вилоятидаги иккита археология ёдгорлигига зиён етказилгани ҳақида хабар берди. Зарар 1,8 млрн сўмни ташкил этади.
Андижон машинасозлик институти ётоқхонаси ҳожатхонасида 2-босқич талабаси осилган ҳолда топилди. Бош прокуратура маълумотларига кўра, марҳум ўз жонига қасд қилган.
Етти нафар Афғонистон фуқароси Тошкентдан Лондонга сохта Британия паспортлари билан учиб кетишга уринди. Улар қўлга олиниб, жиноий иш қўзғатилган.
Countrymeters лойиҳаси ҳисоб-китобларига кўра, 15 август куни дунё аҳолисининг сони 8 млрддан ошди. Уларнинг 4,04 млрд нафари эркак, 3,96 млрд нафари аёллардир. Дунёнинг қарийб 70% аҳолиси 20 давлатда яшамоқда. Қитъалар бўйича эса энг кўп инсонлар Осиёда — 4,7 млрд киши.
Ўзбекистон медиамаконида Грузияга қизиқиш ва саёҳат қилиш кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бирига айланмоқда. «Газета.uz» ушбу қизиқиш нега ортаётганлиги, Грузиянинг ўзига хос томонлари ва ундан нималарни ўрганиш мумкинлиги ҳақидаги саволларга у ерга саёҳат қилганлардан жавоб олди.
Жазони ижро этиш тизими ходимларининг шахсий видеорегистраторлардан фойдаланиш тартиби белгиланди. Унга кўра, ️бодикамера ходим хизмат вазифасини бажаришга киришганидан бошлаб ишга туширилиши ва нарядни топширгунига қадар ишлатилиши лозим. Ундан шахсий мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.
USAID ташаббуси билан Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидан 250 нафарга яқин хотин-қиз электрон тижорат, ижтимоий тармоқлар маркетинги ва реклама бўйича ўқитилади. Машғулотлар якунида улар онлайн дўконларини очиш, глобал ва маҳаллий платформалар орқали товарларни сотиш имкониятига эга бўлишади.
Қўқон ва Фарғонада нодавлат ОТМлар тармоқлар орқали фуқаролар мазкур муассасада бакалавр даражасини берувчи халқаро дипломга эга бўлишлари ҳақида хабар тарқатган. Олийгоҳлар раҳбар ва ходимлари шу орқали 345 кишининг 2,1 млрд сўмини ўзлаштиргани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Норин туманида катта ёшли эр-хотин тахминан тарвуздан заҳарланиш оқибатида оламдан ўтди. Уларнинг икки қизи ва икки набираси шифохонага ётқизилди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг