Ўзбекистон Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 12 июнь, душанба куни Қорақалпоғистонда 2022 йил июль ойи бошидаги воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича яна 28 нафар судланган шахсларнинг шикоятларини кўриб чиқиш якунлари бўйича қарорни эълон қилди. «Газета.uz» суд мажлисини жонли эфирда намойиш этди.

Эслатиб ўтамиз, 17 март куни Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон суди судьялар ҳайъати судьяси Даулетбай Разов раислигида биринчи инстанция суди Нукус воқеалари бўйича иккинчи суд мажлисида 39 нафар судланувчига нисбатан ҳукм эълон қилинганди. Унга кўра, 28 кишига 5 йилдан 11 йилгача қамоқ жазоси тайинланди. 11 нафар айбланувчи эса шартли равишда суд залидан озод қилинди.

Апелляция инстанцияси судининг ҳал қилув қарори билан (иш Олий суд судьяси А.Абдикаримов ва судьялар У.Рўзиев ва Д.Тожибоевлар раислигида кўриб чиқилди) 5 нафар судланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосидан озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди. 16 нафар судланувчига нисбатан жазо муддати қисқартирилди, 7 нафар судланувчининг жазоси эса ўзгаришсиз қолдирилди.

Жазоси эркинликни чеклаш билан алмаштирилганлар

  • Ислом Пўлатов — 5 йил озодликдан маҳрум қилиш ўрнига — 5 йил озодликни чеклаш;
  • Полат Есенгелдиев ва Исломбек Айтмуратов — 6 йил қамоқ ўрнига — 5 йил озодликни чеклаш;
  • Ислом Сапаров ва Раҳимжон Жумабоев — 7 йил қамоқ ўрнига — 5 йил озодликни чеклаш.

Улар суд залида озод қилинди.

Мурожаатлари қисман қаноатлантирилганлар

  • Даулеткелди Надирбоев ва Аидос Есемуратовга — 7 йилдан озодликдан маҳрум қилиш муддатини 5 йилга қисқартириш;
  • Заирбек Пиржанов, Куанишбай Бахиев ва Руслан Баимбетов — 7 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
  • Рустам Дўсимбетов ва Азамат Алланазаров — 7 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
  • Нусрет Бауэтдинов — 7,5 йилдан 5,5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
  • Замирбек Тожимуратов ва Асилбек Омирзоқов — 8 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
  • Камол Эшжонов, Нурсултон Байлепесов ва Алпамис Жумабеков — 6 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
  • Адилбек Сариев ва Қўнғратбай Бекпўлатов — 7 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
  • Нурсултон Дуйсенбоев — 7,5 йилдан 5 йилгача қамоқ.

Апелляция шикоятлари қаноатлантирилмаганлар

Биринчи инстанция судининг Куанишбай Бегалиев, Нуратдийин Хабипов, Дауранбек Раманов, Шарапат Аширбеков, Омирбек Қурбонов, Манас Раҳманов ва Ўралбай Дўсназаровга нисбатан ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Суд ажрими билан жиноят иши бўйича етказилган зарарни қоплаш мақсадида олиб қўйилган мол-мулк, шу жумладан кўчмас мулк ва автомашиналар қуйидаги судланувчиларга қайтарилади: Д.Надирбоев, Қ.Бахиев, Н.Бауэтдинов, А.Жумабеков, П.Есенгелдиев, Р.Досймбетов, О.Досназаров, Р.Жумабоев ва З.Тожимуратов.

Биринчи инстанция суди ҳукмининг қолган қисмлари ўзгаришсиз қолдирилди.

нукус воқеалари

нукус воқеалари

нукус воқеалари

Эслатиб ўтамиз, 5 июнь куни апелляция суди худди шу жиноят иши бўйича биринчи суд мажлисида ҳукм қилинган шахсларнинг шикоятлари бўйича ажрим эълон қилганди. Суд қарори билан 8 нафар айбланувчига нисбатан қамоқ жазоси озодликни чеклаш билан алмаштирилди, 6 нафар судланувчининг жазо муддати қисқартирилди, ишда асосий иштирок этган Даулетмурат Тажимуратовга нисбатан — 16 йил қамоқ жазоси ўзгаришсиз қолдирилди. Суд прокуратуранинг 4 кишига нисбатан протестини рад этди. Марҳум Полат Шамшетовга нисбатан суд ҳукмнинг ҳукмга тегишли қисмини бекор қилишга қарор қилди.