Тошкент шаҳри ҳокими лавозимига Шавкат Умурзоқов тайинланди, деб хабар бермоқда «Газета.uz»га бир қанча мустақил манбалар.

У 2018 йилнинг июнь ойидан буён «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Бундан ташқари, Шавкат Умурзоқов (1979 йилда туғилган) 2013−2018 йилларда Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш департаментига, 2011 йил июнь ойидан 2013 йил сентябрига қадар эса Тошкент вилояти прокуратурасининг иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга қарши курашиш департаментига раҳбарлик қилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳокимнинг истеъфога чиқишини маълум қилганди. «Қиш мавсумига лозим тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон „сводка“ билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим», — деганди давлат раҳбари.

Унинг ўрнига ҳокимнинг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов ҳоким вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди.