Тошкентда ҳуқуқ-тартибот идоралари «Салимбой» лақаби билан танилган тадбиркор Салим Абдувалиевга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш чорасини ўзгартирди. Бу ҳақда 12-декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

«Тезкор тадбирлар давомида ушбу шахс қонунга хилоф равишда қурол сақлаётгани ҳақида маълумот олдик. Шу асосида тинтув ўтказдик ва ҳақиқатан ҳам уйда ноқонуний қурол сақланганини аниқладик. Ўрнатилган тартибда ҳужжатларни терговга тақдим этдик. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — деди у.

Жиноят ишининг қурол-яроғ сақлаш моддаси бошқа қисмга ўзгартирилиб, янада оғирроқ жазо назарда тутилган.

Унга кўра, Салим Абдувалиевга нисбатан Жиноят кодексининг 248-моддаси 2-қисми (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилиши) жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда билан айбдор деб топилган шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ҳибсга олингандан сўнг Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми (50 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан иш қўзғатилгани маълум қилинганди.

Қўлга олинган шахс қамоққа олинган, яъни унга нисбатан аввалроқ маълум қилинмаган эҳтиёт чораси танланган.

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон бўйлаб ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча боллари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда. Тезкор чора-тадбирлар пойтахтда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилган.

Ўтган ҳафтада Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари «Саидазиз медгородок» лақаби билан машҳур Саидазиз Сайдалиевни қўлга олган. Бошқарма маълумотларига кўра, у ва яна бир неча киши товламачилик иши бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Маълум қилинишича, улар пул эвазига одамларни қарзини ундириб берган.

3 декабр куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва у билан яқин жиноий алоқаси бўлгани қайд этилган Достон Халилов ушланди.

Бундан ташқари, Тошкентда аввал ҳам «криминал авторитет» сифатида қамалган Аббосхон Ходжаев қўлга олинди.