Тошкент шаҳрида криминоген вазиятни яхшилаш бўйича кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилмоқда, дея хабар берди пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси.

«Пойтахтимиз ҳудудида жиноятларни олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилаётганлигини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

Фуқаролардан хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ва хавотирга берилмаслик сўралган. Қайд этилишича, «барча ҳаракатлар шаҳарнинг тинчлик ва осойишталигини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда».

Куни кеча Kun.uz нашри сўнгги бир ҳафта ичида Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча жиноий гуруҳлари ва жиноий дунёнинг ўнлаб вакиллари»га қарши кенг кўламли рейдлар ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эди. Нашрнинг ёзишича, қўлга олинганлар тергов натижаларига кўра ўз ҳаракатларига баҳо бериш учун тергов изоляторларига жойлаштирилади.