Шавкат Мирзиёев Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг жума куни бўлиб ўтган йиғилишида сўнгги бир ой ичида коррупцияга оид жиноятлар содир этган мансабдор шахслар ва «кўча жиноий гуруҳлари» вакилларининг ҳибсга олинаётганига изоҳ берди. Унинг нутқидан иқтибосларни давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов келтирди.

«Ўзини „кўча“ деб атайдиган жиноий гуруҳлар бўладими, коррупцияга берилган мансабдор шахслар бўладими, ким қонунга беписанд қараб, давлат ва жамиятга зарар етказадиган бўлса, биз бунга ҳеч қачон жим қараб туролмаймиз», — деди президент.

«Кўчаларимиз, маҳаллаларимиз, ҳаётимиз том маънода тинч ва тоза, жиноятдан холи бўлиши керак. Янги Ўзбекистонда қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар бўлиши шарт. Ва, албатта, шундай бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Жиноий гуруҳлар ва коррупцияга қарши рейдлар

2 декабрь куни Тошкент шаҳри ички ишлар бошқармаси пойтахтда жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтаётганини маълум қилди. Ўзбекистон бўйлаб «жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилаш» бўйича тезкор ишлар олиб борилмоқда.

Ҳибсга олинганлар орасида «Саидазиз медгородок» номи билан машҳур Саидазиз Саидалиев ҳам бор. У ва яна бир неча киши товламачилик иши бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Маълум қилинишича, улар пул эвазига одамларни қарзини ундириб берган.

«Бахти Ташкентский» — Бахтиёр Қудратуллаев эса жуда кўп миқдорда товламачиликда гумонланиб, пойтахтда қўлга олинган. Унга 15 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Бундан ташқари, «Салимбой» номи тадбиркор Салим Абдувалиев ҳам қамоққа олинган.

Ҳаммаси бўлиб 100 дан ортиқ киши процессуал тартибда ушланган, улардан 52 нафари ҳибсга олинган. ИИББ уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун етарли далилларга эга эканини хабар қилмоқда.

Бундан ташқари, сўнгги ҳафталарда Избоскан тумани собиқ ҳокими Серобиддин Исмоилов, Бухоро тумани собиқ ҳокими Хайрулло Жўраев ва Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев қўлга олинган. Бундан ташқари, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Саидаҳмад Султонов, собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва бошқалар ҳибсга олингани хабар қилинган.