Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 март куни Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов брифингда маълум қилди.

Пенсия ва нафақалар 1 апрелдан, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва базавий ҳисоблаш миқдори эса 1 майдан оширилади.

Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори 347 минг сўм (ҳозир — 324 минг), ёшга доир энг кам пенсия миқдори 677 минг сўм (633 минг), ногиронлик пенсиялари, жумладан, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори (шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори) — 747 минг (698 минг)ни ташкил этади.

Бундан ташқари,

  • 1941−1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда — ойига 3 296 000 сўм;
  • белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (677 000 сўмдан) 747 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори — ойига 747 000 сўм;
  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 535 000 сўм;
  • иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 535 000 сўм;
  • ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори — ойига 535 000 сўм;
  • боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори — ойига 535 000 сўм этиб белгилансин ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун — 198 000 сўмдан қўшилади;
  • боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори — ойига 535 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.

Маълум қилинишича, миқдорнинг ошиши мамлакатдаги 4,4 миллион пенсионерга таъсир қилади. Аввалги пенсиялар ўтган йилнинг 1 майидан оширилган эди.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 980 000 сўмга (ҳозир — 920 000) кўтарилади.

Базавий ҳисоблаш миқдори 330 000 сўмни (ҳозир — 300 000) ташкил этади.

Маошларнинг оширилиши бюджет ташкилотларининг 2 миллион ходимига таъсир қилади, дейилади брифингда.

Давлат хизматчиларининг маошлари ўтган йилнинг 1 июнидан бошлаб ўртача 12 фоизга оширилганди.

Иш ҳақи ва пенсияларни ошириш учун давлат бюджетидан қўшимча 8,1 триллион сўм йўналтирилмоқда.