Ҳуқуқ-тартибот идоралари коррупцияга қарши курашиш доирасида Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаевни қўлга олди, деб хабар берди «Газета.uz»га унинг манбаси.

Ҳоким маблағларни ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Шуҳрат Мирзаев 7 август куни Бекобод туманига ҳоким бўлганди. Ушбу лавозимга тайинлангунга қадар «Қишлоқ қурилиш банк» Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи департаменти бошлиғининг ўринбосари вазифасида ишлаган.

Собиқ ҳоким охирги ҳужжатни 15 декабрда имзолаган. Эътиборлиси, ҳужжатларда у ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва Солиқ қўмитасининг бир қатор масъул ходимлари ҳибсга олингани ҳақида хабарлар берилганди.