Наманган вилоятида икки кун давомида 450 нафар бола соғлиғидан шикоят билан касалхонага ётқизилган бўлса, уларнинг 306 нафари Чуст туманига тўғри келади. Бу ҳақда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова маълум қилди, деб ёзади «Дарё».

Республика ишчи гуруҳи раҳбарининг маълум қилишича, болаларнинг 143 нафари тузалган, қолганлари эса мунтазам қаров остида. Ҳолати оғир ёки жонлантириш бўлимига ётқизилганлар йўқ.

21 сентябрь куни соат 16:00 дан бошлаб Наманган вилояти Чуст туманидаги 9 та болалар боғчаси тарбияланувчилари ва 2 та мактаб ўқувчилари — 70 дан ортиқ бола заҳарланиш билан касалхонага ётқизилди. Ота-оналар фарзандлари ўша куни берилган йод сабаб заҳарланганини айтишди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўрганиш якунланмагунча «Антиструмин» №100 препаратини қўллашни тақиқлади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Чуст туманида болаларнинг заҳарланиши билан боғлиқ вазиятдан «қаттиқ ташвишда», дея маълум қилди унинг матбуот котиби.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов жума куни Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Андижон филиалига келиб, токсикология бўлимидаги 12 нафар болалар билан учрашди. Вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати ёзишича, болалар дори воситасининг ножўя таъсири оқибатида мазкур шифохонага келган. Бироқ хабарда айнан қайси дори экани айтилмаган. Токсикология бўлими шифокори Муроджон Имомбердиев болалар «Антиструмин» (калий йодид) қабул қилганини тасдиқлади

Элмира Боситхонованинг сўзларига кўра, хавотир асосан дори ёки овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ эди. Ҳозирча «бу гумонлар тасдиқлангани йўқ».

«Чунки доридан заҳарланиш дарров аён бўлади, таомдан заҳарланиш эса тезкор таҳлилларда кўринади. Асосий тахминимиз ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан боғлиқ», — дейди Элмира Боситхонова.

Унинг таъкидлашича, шифохоналарга мурожаат этганлар орасида тахминан 20 нафари ёд препаратини умуман қабул қилмаган. Олинган 46 та ПЦР-тестдан иккитасида ковид аломатлари аниқланди

Фото: Асилбек Абдувалиев / Daryo.Фото: Асилбек Абдувалиев / Daryo.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, болаларда ёд етишмовчилигининг олдини олиш бўйича лойиҳага бир йил давомида тайёргарлик кўрилган, танланган препарат халқаро сертификатга эга. Республика бўйича 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган жами 6,5 миллион болага ушбу дори берилган.

«Дори қабул қилган бир оиладаги икки фарзанднинг бири соғлом ҳолатда, иккинчисида касаллик аломатлари кўринмоқда. Ундан ташқари, препарат барча ҳудудларга бир хил тарқатилган, Тошкентга алоҳида, Наманганга алоҳида юборилмаган. Ҳозир касалхоналарга ётқизилган болалардан олинган таҳлиллар мутахассислар томонидан синчиклар ўрганилмоқда, таҳлил натижаларини олганимиздан сўнг, яна уч-тўрт кундан кейин аниқ бир тўхтамга келишимиз мумкин бўлади», — дейди Республика ишчи гуруҳи раҳбари.

«Дарё»нинг маълум қилишича, болаларнинг касалланиш ҳолатлари нафақат Чустда, балки вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам аниқланмоқда. Жумладан, Поп туманида 118, Наманган шаҳри ва Наманган туманида 8 нафардан, Янгиқўрғон туманида 6, Янги Наманган туманида эса 4 нафар боланинг яқинлари шифокорларга мурожаат қилган.