Шавкат Мирзиёевнинг 1 июндаги фармони билан Президент ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари ҳамда туман (шаҳар)ларда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилади.

Фармонда янгиланган Конституцияда белгилаб берилган ижтимоий давлат тамойиллари қайд этилган, шунингдек, «фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқларини ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, аҳолига ижтимоий хизматларни кўрсатиш сифатини тубдан ошириш ҳамда мазкур соҳага илғор халқаро стандартларга асосланган мутлақо янги бошқарув тизимини жорий этиш» ҳақида сўз борган.

Агентлик аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади. У ўз фаолиятини бошқа давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади.

Шавкат Мирзиёев 30 май куни ЎзЛиДеП партия съездида сайловолди дастурини тақдим этар экан, шундай деди: «Ижтимоий ҳимоя фақат пул бериш билан чекланиб қолмоқда. Аслида, бу тизимнинг вазифаси аҳолини оғир аҳволдан чиқариш ва жамиятда ўз ўрнини эгаллаши учун кўмак беришдан иборат бўлиши керак».

«Мисол учун, бизда оғир вазиятга тушган 30 та тоифадаги 9 млн аҳоли бор. Булар — ногиронлиги бор шахслар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, оилада зўравонликка учраган аёллар», — деди у.

Ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш мақсадида ҳозирда 6 та вазирликка тарқоқ бўлган барча ижтимоий хизматлар бирлаштирилади. Хусусан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилади, деди Шавкат Мирзиёев.

Фармонда давлат томонидан аҳолини манзилли ҳимоя қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган:

  • комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий ҳимоя тизимини жорий қилиш;
  • ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш орқали аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш;
  • ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасигача ташкил этиш, оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган аҳолига индивидуал ёндашувга мувофиқ ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиш;
  • аҳолининг ижтимоий суғурта механизмлари билан қамраб олинишини кенгайтириш;
  • хавф гуруҳларига тушиб қолган оилаларни аниқлаш ва комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш орқали уларнинг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт кечириши учун қулай муҳит яратиш.

Ижтимоий ҳимоя агентлиги таркибига қуйидаги тузилмалар ўтказилади:

15 июндан — Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидан:

  • Тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
  • Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари;
  • Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари;
  • Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази;
  • кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун «Мурувват» ва «Саховат» интернат-уйлари;
  • Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати;
  • кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар.

15 июндан бошлаб:

  • Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасидан — Паралимпиячилар матонат мактаби;
  • Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институтининг фаолияти ҳамкорликда мувофиқлаштирилади.

2024 йил 1 январдан бошлаб:

  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидан — болалар уйлари;
  • Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидан — меҳрибонлик уйлари;
  • маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тизимидан — вояга етмаганлар билан ишлаш секторлари ҳамда оилавий болалар уйлари.

2024 йил 1 августдан:

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидан — алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари;

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидан — имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаблари.

2025 йил 1 январдан бошлаб:

  • Ички ишлар вазирлиги тизимидан — муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари;
  • Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимидан — Ижтимоий суғурта жамғармаси.

Кўрсатилган ташкилотлар ва таркибий бўлинмалар «мавжуд молиялаштириш манбалари, штат бирликлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мол-мулки ҳамда бошқа товар-моддий бойликлари билан тўлалигича» агентликка ўтказилади.

«Инсон» ижтимоий ходимлар гуруҳлари

Маҳалла даражасида ижтимоий хизматлар кўрсатишни ташкил этиш мақсадида 1 июлдан бошлаб туман (шаҳарлар)даги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий соҳа ходимлари гуруҳлари ташкил этилади. Уларнинг асосий вазифалари:

  • ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолатни ҳамда уларнинг ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжини аниқлаш;
  • оилаларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати ва эҳтиёжларини ўрганиш натижасида уларнинг ижтимоий паспортларини шакллантириш;
  • эҳтиёжманд аҳоли билан, шу жумладан, кейс-менежмент усулини қўллаган ҳолда самарали иш ташкил қилиш, улардан ижтимоий хизматлар ва ёрдам олиш бўйича буюртмалар қабул қилиш, заруратга қараб буюртмаларни масъул вазирлик ва идораларга юбориш;
  • оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларни мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш, улар учун ижтимоий хизмат ва ёрдамларни ташкил этиш.

Агентлик ҳузурида, шунингдек, қуйидагилар тузилади:

  • Ижтимоий инспекция ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари;
  • Ижтимоий ҳимоя тизими ходимларининг малакасини ошириш маркази;
  • Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти;
  • Тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг бўлинмалари негизида Агентлик марказий аппарати таркибида Ногиронлиги бўлган шахсларнинг функционаллигини баҳолаш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари.

Ўз вазифаларини амалга ошириш учун агентликка қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

  • аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича дастурлар талабларини бажармагани учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган чора-тадбирларни қўллаш бўйича ваколатли давлат органларига тақдимномалар киритиш;
  • ўз ваколатлари доирасида умуммажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш;
  • ўз ваколати доирасида маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган ҳолатлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш;
  • ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлар базасидан реал вақт режимида фойдаланиш;
  • давлат органлари ва ташкилотларидан зарур статистик, таҳлилий ҳамда бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари учун давлат олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида имтиёзли тарзда ўқишга қабул қилиш параметрларини белгилаш;
  • ўз ваколатлари доирасида маслаҳат-кенгаш органлари ва эксперт комиссияларини ташкил этиш;
  • ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида махсус касбий билимларни талаб этадиган масалаларни кўриб чиқиш учун давлат органлари ва ташкилотларининг мутахассисларини жалб этиш;
  • ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорлар, халқаро ташкилотлар ва экспертлар билан ҳамкорлик юзасидан ва бошқа шартномаларни тузиш.

Президент администрацияси тузилмасидаги ўзгаришлар

Ўзбекистон президентининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси — Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори лавозими жорий этилди.

Аввалроқ ёзганимиздек, 1 июнь куни Мансурбек Оллоёров агентликка раҳбар этиб тайинланди.

ПАда Ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича шўъба ҳам ташкил этилди.

Агентлик зиммасига юкланган асосий вазифалар:

Агентликка 15 июлга қадар ЮНИСЕФ экспертларини жалб қилган ҳолда ижтимоий ҳимоя тизими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини жорий этиш топширилди.

1 августга қадар олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичларида ижтимоий соҳа ходимларини тайёрлаш дастурлари қайта кўриб чиқилиши керак.

1 сентабрга қадар ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай муҳит яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

2024 йил 1 январга қадар меҳнатга лаёқатли аҳолини ижтимоий суғурта механизмлари билан қамраб олиш даражасини оширишга оид таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

Худди шу санага қадар давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматларни кўрсатиш стандартларини ҳамда уларнинг ижросини мониторинг қилиш мезонлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни уйда парваришлаш билан банд бўлган оила аъзоларига кўмаклашиш бўйича ижтимоий ҳимоя механизмлари ишлаб чиқилиши керак.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда ижтимоий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш йўлга қўйилади.

Агентлик янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги мавжуд муаммолар ва таклифларни муҳокама қилиш учун жамоатчилик вакилларидан иборат кенгаш тузади.

«Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» тизими

1 октябрга қадар зарур идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан интеграциялашган «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимини ишга тушириш режалаштирилган.

Худди шу кундан бошлаб Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими агентлик тасарруфига ўтказилади.

Аҳолига кўрсатиладиган барча турдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар, шу жумладан, кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдамлар бўйича аризалар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали қабул қилинади.

Ахборот базалари маълумотлари асосида ҳар бир фуқаронинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати, эҳтиёжлари ва мавжуд имкониятларини акс эттирадиган ижтимоий паспортлар жорий этилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси

1 октябрдан бошлаб Ижтимоий ҳимоя агентлиги ҳузурида Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси тузилади. Фармонда жамғарма маблағларини олувчилар ҳамда молиялаштириш манбаи кесимида маълумотлар шаклланиши ва харажат қилинишининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш механизмини жорий этиш кўзда тутилга.

Меҳр ва саховат куни

Ўзбекистонда ҳар жума Меҳр ва саховат куни сифатида белгиланди. Ушбу кунда барча давлат органлари ва ташкилотлари эҳтиёжманд аҳоли, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиши, уларга ғамхўрлик қилиши ҳамда хайрия тадбирларини ўтказиши зарур.