Ўзбекистонда Marion Biotech дорилари 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган. Бу билан боғлиқ иш бўйича суд 11 августда бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар судининг иш юритувига С.Р.П. (эркак, 1972 йилда Ҳиндистонда туғилган, «Quramax Medikal» МЧЖ директори), С.К. (эркак, 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, бир вақтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУК директори лавозимларида ишлаган) ва бошқаларга (жами 21 киши: «Quramax Medikal» МЧЖ ва «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУК масъул ходимлари) оид жиноят иши келиб тушган.

Жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни жорий йилнинг 11 август куни соат 10:00 да бошланиши белгиланди.

Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига қамоққа олиш, 12 тасига муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат ва 2 тасига гаров тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган.

Улар Жиноят кодексининг 184, 28,186−3, 186−3, 25,205, 205, 207, 28,209, 209, 210, 211, 212, 228-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.