Ўзбекистонга «кафолатланган ва барқарор энергия ресурслари сув билан ҳаводек зарур». Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев чоршанба куни «яшил» энергетика соҳасидаги янги лойиҳаларни ишга тушириш маросимида маълум қилди. «Газета.uz» умумий қуввати 2400 МВт бўлган бешта қуёш электр станцияси ва битта шамол электр станциясининг биринчи босқичи ишга туширилгани ҳақида ёзганди.

Ҳисоб-китобларимизга кўра, келгуси 6 йилда мамлакатда электр энергиясига бўлган талаб ҳозирги 83 миллиарддан 120 миллиард киловатт соатга ўсиши кутилмоқда. «Буни, биринчи галда, қайта тикланадиган энергия ҳисобидан қоплаймиз», — деди давлат раҳбари.

«2030 йилга бориб саноат ҳажмини икки карра оширишни, металлургия, нефть-кимё ва машинасозлик каби соҳаларни сифат жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтаришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Умумий қиймати 150 миллиард долларлик 500 дан зиёд йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни кўзлаяпмиз», — деди у.

Шавкат Мирзиёевга кўра, Ўзбекистон глобал муаммога айланган иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича тинимсиз изланяпти. Халқаро саммитларда муҳим таклиф ва ташаббусларни фаол илгари суряпти.

«Яқинда Дубайда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP28) доирасида дунё мамлакатлари „яшил“ генерацияни уч баробар оширишга келишиб олди. Ўзбекистон ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва 2030 йилгача „яшил“ энергетика манбаларини 27 гигаваттга етказиш учун фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттиради», — деди у.

Айни пайтда Ўзбекистонда 9 гигаваттли 22 та қуёш ва шамол электр станциясини қуриш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.

«Мамлакатимизда „яшил“ энергетика бўйича ниҳоятда улкан салоҳият мавжуд. Яратганнинг ўзи берган бу буюк имкониятдан унумли фойдаланиб, уни халқимиз манфаатларига йўналтиришимиз зарур», — деди президент.

«Соҳани рағбатлантириш мақсадида қуёш панеллари ўрнатишга имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш, ишлаб чиқарилган электр энергиясини кафолатли сотиб олиш бўйича „Қуёшли хонадон“ тизимини йўлга қўйдик. Шу йилнинг ўзида юртимизда 50 минг хонадон ва тадбиркорлар томонидан қуёш панеллари ўрнатилди. Мамлакатимизда 7 миллиондан ортиқ уй-жойлар борлигини ҳисобга олсак, бу инвесторлар учун катта бозор яратишини алоҳида қайд этмоқчиман», — деди у.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон келгусида аниқ режа ва қатъий саъй-ҳаракатлар орқали «яшил» энергияни Осиё ва Европа мамлакатлари бозорига ҳам етказиб бериш бўйича дастлабки қадамларни ташлаяпти.