Бухоро туманининг собиқ ҳокими Хайрулло Жўраев ва Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича собиқ ўринбосари Саидаҳмад Султонов қамоққа олинди.

Бухоро вилоят судлари матбуот хизматининг хабар қилишича, Хайрулло Жўраев Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди, 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми «а» банди, 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми, 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди ва 229−4-моддаси (Ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда.

бухоро тумани ҳоқими, наманган, саидаҳмад султонов, хайрулло жўраев
Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги.

16 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг ажрими билан Бухоро вилояти прокурорининг биринчи ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, Хайрулло Жўраевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Хайрулло Жўраев 2020 йилнинг декабрида Бухоро тумани ҳокими этиб тасдиқланган. 2023 йилнинг август ойида унинг ўрнига Ҳалимжон Сафаров туман ҳокими в.б. этиб тайинланган.

Наманган вилояти судлари матбуот хизматининг маълум қилишича, вилоят ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган Саидаҳмад Султонов ҳам қамоққа олинди.

бухоро тумани ҳоқими, наманган, саидаҳмад султонов, хайрулло жўраев
Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги.

У Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди ва 206-моддаси 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда. Унга нисбатан Наманган шаҳар судининг 16 декабрдаги ажрими билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланган.