Ўзбекистонда болаларнинг таркибида йод бўлган «Антиструмин» препаратини қабул қилганидан кейин оммавий заҳарланиши билан боғлиқ жиноят иши доирасида уч нафар шифокор аёл қўлга олинди.

Олий суд матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари — бош шифокори, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош эндокринологи, бош мутахассиси Феруза Ҳайдарова ва ушбу марказ лаборатория мудири, катта илмий ходим ходим, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Болалар бош эндокринологи, бош мутахассиси Насиба Алимова 7 ноябрь куни Яшнобод туман суди қарори билан ҳибсга олиниб, тергов изоляторига жойлаштирилди.

16 ноябрь куни эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва жиҳозлар муомаласини тартибга солиш ва мурувват ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Ҳилола Ғаниева қамоққа олинди.

Ҳар учала аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси 2-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 257−1-моддаси 1-қисми (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши очилган.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги сўров бош прокурор ўринбосаридан келиб тушди, дея қайд этди Олий суд.

«Бири пенсионер, бири ёлғиз боқувчи» — Врачлар ассоциациясининг президентга мурожаати

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон врачлар ассоциацияси Шавкат Мирзиёевга хат йўллади. Улар хатда қамоққа олинганларга нисбатан енгилроқ эҳтиёт чораси танланган ҳолда тергов ҳаракатлари олиб борилишини сўради. Қуйида хатни тўлиқ тақдим этамиз.

«Ҳурматли Шавкат Миромонович, Республикамизда болаларнинг йод препаратидан заҳарлангани бўйича Бош прокуратура томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мазкур жиноят иши доирасида Соғлиқни сақлаш тизимида кўп йиллар самарали фаолият олиб борган уч нафар шифокор, барчаси фан докторлари илмий унвонига эга олима аёллар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди. Уларнинг қамоққа олинишига Жиноят кодекси 167-моддасида кўзда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинаётганликлари асосий сабаб қилиб кўрсатилди.

Биз бу хабарни эшитгач, мустақил юристларга мурожаат этиб, улардан қуйидаги хулосани олдик. «Кодексга мувофиқ, айбдор ўзига ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган тақдирдагина, юқоридаги модда бўйича жавобгарликка тортилиши мумкин». Лекин йод препарати учун ажратилган бюджет маблағлари юқорида фамилиялари қайд этилган олима аёлларга ишониб ҳам топширилмаган, уларнинг ихтиёрида ҳам бўлмаган.

Чунки мазкур маблағларнинг бевосита тақсимотчиси бўлиб, Соғликни сақлаш вазирлиги ҳисобланади. Профессор Ф.Ҳ. узоқ йиллар давомида юқори малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш соҳасида самарали фаолият олиб борган республика бош эндокринологидир. У республикамиздаги энг кўзга кўринган эндокринологлардан бири ҳисобланиб, қарийб 40 йилдан буён аҳоли саломатлигини таъминлашга ўзининг ҳиссасини қўшиб келган.

Республика болалар бош эндокринологи Н.Алимова ва аввал Фармацевтика институтида проректор бўлиб ишлаган Ҳ.Ғ. Ҳам таълим соҳаси Ҳамда аҳоли саломатлиги йўналишида халқимизга жуда кўп хизмати сингган ходимлардир.

Бундан ташқари, Ф.Ҳ. пенсионер (61 ёшда), Ҳ.Ғ. эса 13 ёшга тўлмаган фарзандига ёлғиз боқувчи (турмуш ўртоғи вафот этган) ҳисобланади. Ушбу олима, шифокор аёлларнинг қамоққа олинишини тиббиёт ходимлари жуда оғриқли қабул қилишди. Шифокорлар ҳамжамияти Сизнинг олиб бораётган сиёсатингизга, адолат ва халқпарвар эканлигингизга ишончи чексиз.

Биз томонимиздан барча шифокорларга бу ишда ҳам адолат албатта қарор топиши тушунтирилмоқда. Ўзбекистон врачлар ассоциацияси мазкур жиноят иши бўйича тўлақонли ва ҳар томонлама холис тергов олиб борилиши ҳамда айбдорлар қилмишига яраша жазоланиши лозим, деган фикрни қўллаб-қувватлайди.

Шу билан бирга, охирги 20−25 йиллар давомида тиббиёт ходимларининг тергов ва суддан яширинган ҳолати умуман учрамагани учун шифокор аёлларимизга нисбатан бошқа эҳтиёт чорасини танлаган ҳолда ҳам терговни тўлақонли ўтказиш мумкин деб ҳисоблаймиз.

Ҳурматли Шавкат Миромонович, шифокор олима аёлларимизга нисбатан енгилроқ эҳтиёт чораси танланган ҳолда тергов ҳаракатлари олиб борилиши масаласининг ҳал этилишида амалий ёрдам кўрсатишингизни илтимос қиламиз!

Биз, Ўзбекистон врачлар ассоциацияси, ушбу аёлларни тергов ҳаракатига халақит бермай, барча савол-жавобларда қатнашишига тўлиқ кафолат берамиз. Ушбу вазиятдан хабардор бўлиб, ижобий ечим топиб беришингизга ишонамиз".

«Антиструмин» воқеаси

Ўзбекистонда 2023 йил 20 сентябрдан барча мактаб ва болалар боғчаларида йод билан таъминлаш дастури бошланганди. Унга кўра, ҳар чоршанба кунлари болаларни йод етишмовчилигидан ҳимоя қилиш учун уларга профилактик дозада йод таблеткалари ичирилиши белгилган.

Аммо орадан 2 кун ўтиб, Наманган вилояти Чуст туманидаги 9 та болалар боғчаси тарбияланувчилари ва 2 та мактаб ўқувчилари — жами 70 дан ортиқ бола заҳарланиш билан касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берилди.

Шу куннинг ўзида президент Чустдаги вазиятдан «қаттиқ ташвишда» экани унинг матбуот котиби томонидан маълум қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса ўрганишлар якунига етгунига қадар таркибида йод бўлган «Антиструмин» №100 маҳаллий дори воситасидан фойдаланишга тақиқ жорий этди.

Воқеадан сўнг соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова Чуст туманига бориб, болалар дори воситалари ёки овқатдан заҳарланмаганини, болаларнинг соғлиғи ёмонлашишига заҳарланиш эмас, ЎРВИ сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини маълум қилган.

Кейинроқ президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Наманганга бориб, оммавий заҳарланиш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

Бош прокуратуранинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257−1-моддаси 1-қисми (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш… одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса) асосида жиноят иши қўзғатилган.

25 сентябрга келиб, «Антиструмин» йод препаратини ишлаб чиқарувчи Samo компанияси фаолиятини текшириш бошлангани хабар қилинган. Шуниндек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Samo компаниясидан 3,55 млн қути «Антиструмин» (калий йодид) препаратини қарийб 22 млрд сўмга тендерсиз сотиб олгани аён бўлган.

Шунингдек, Samo фармацевтика компанияси ҳамтаъсисчиси Нодир Юнусов АҚШда қидирувда экани аниқланган. Йод препарати билан боғлиқ можаро фонида у таъсисчилар сафидан чиққан.

«Бизни дори ҳақида огоҳлантиришмади»

Ўша кунларда Тошкентда ҳам ўнлаб болалар РШТЁИМ токсикология бўлимига заҳарланиш аломатлари, иситма, ошқозон бузилиши билан ётқизилган. Ота-оналар улар йод ичганидан сўнг хасталанганини маълум қилган. Шифокорлар эса ҳолатнинг препарат билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган. «Газета.uz» вазиятни ўрганган (тафсилоти бу ерда).