Тошкент шаҳрида иссиқ сув таъминоти ва иссиқлик таъминоти учун тарифлар оширилмоқда. Бу ҳақда халқ депутатлари пойтахт Кенгашининг 8 ноябрдаги қарорида айтилган.

Ҳужжатга кўра, Veolia Energy`дан иссиқлик таъминоти учун базавий тариф 67,3 фоизга — 1 Гкал энергия учун 397 212 сўмдан 664 465 сўмгача ошади.

Тадбиркорлар ва аҳоли учун тарифлар:

  • аҳоли учун тариф ўзгаришсиз қолади ва у 1 Гкал учун 91 960 сўмни ташкил этади;
  • юридик шахслар учун 1,5 бараварга — 1 Гкал учун 141 737 сўмдан 212 606 сўмгача ошади;
  • бюджет ташкилотлари учун 1,6 бараварга — 1 Гкал учун 502 067 сўмдан 801 963 сўмгача ошади.

Эслатиб ўтамиз, тарифлар ўртасидаги фарқ Тошкент буджетидан (баъзан республика бюджетидан) субсидиялар ҳисобидан қопланади, яъни нархлар кўтарилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан билвосита — уларнинг солиқлари ҳисобига таъсир қилади. 2023 йилда иссиқлик таъминоти корхоналарининг йўқотишларини қоплаш учун давлат бюджетидан 1,8 триллион сўм, 2024 йилда эса 4,5 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган. Иссиқлик таъминоти тармоғи ва жамоат транспорти учун тўловлар миқдорининг кескин ошишини 1 октябрдан газ ва электр энергияси нархи ошгани, шу сабабли иссиқлик электр станциялари ва автобуслар ёқилғини оширилган нархларда харид қилаётгани билан изоҳлаш мумкин.

2021 йил август ойи бошида Veolia Energy Тошкент иссиқлик таъминоти тизимини назоратга олиши маълум бўлган эди. 1 июлдан бошлаб компания 30 йил давомида Тошкент иссиқлик таъминоти тизими назоратини ўз қўлига олди ва бунда соф фойданинг 10 фоизини олади.