Тошкент шаҳрида «Саидазиз медгородок» лақаби билан танилган шахс қўлга олинди, деб хабар берди шаҳар ИИББ ахборот хизмати.

Бошқарма қайд этишича, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) билан билан қўзғатилган жиноят иши тергов қилинмоқда. Мазкур жиноят иши доирасида ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлари доирасида бир қатор жиноий ҳолатлар аниқланган.

«Жумладан, Тошкент шаҳрида „Саидазиз медгородок“ лақаби билан танилган 1987-йилда туғилган Саидазиз Саидалиев спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват бир нечта шахсни ўз атрофига жалб қилиб, бир нечта жиноятларни содир этган. Хусусан, қарздорлик ва бошқа муаммолари бўлган шахсларни муаммоларини қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб бериш эвазига моддий жиҳатдан манфаатдор бўлиш, таҳдидлар йўли билан пул маблағларини ноқонуний қўлга киритиш, безорилик ва тамагирлик ҳолатлари шулар жумласидандир».

Жиноят иши доирасида гумон қилинувчи Саидазиз Саидалиев ва бошқа бир нечта шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов давом этмоқда.

ИИББ ушбу шахсдан ёки гуруҳ аъзоларидан жабр кўрган фуқаролардан, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71−206−45−66, 71−206−49−46 ёки 102 рақамига ёхуд яқин орадаги ИИОга мурожаат қилишни сўради. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча боллари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилаётгани хабар қилинганди. Тезкор чора-тадбирлар пойтахтда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилган, дея хабар беради пойтахт ички ишлар бошқармаси.