Ўзбекистон Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати душанба куни 2022 йил 1−2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан жиноят иши бўйича 16 нафар маҳкум номидан берилган апелляция шикоятини кўриб чиқиш якунлари бўйича қарор чиқарди. Шу билан бирга, шартли ҳукм қилинган 4 нафар шахсга нисбатан прокуратура протести кўриб чиқилди.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, 8 нафар айбланувчига нисбатан жазо қамоқ жазосидан озодликни чеклашга ўзгартирилди, улар суд залида озод қилинди.

  1. Бахтияр Кадирбергеновга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
  2. Байрам Сейтниязовга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 4 йил озодликни чеклаш жазосига;
  3. Саидабулла Медетовга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
  4. Кахарман Сейтимовга тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
  5. Полат Нурниязовга тайинланган 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 4 йил озодликни чеклаш жазосига;
  6. Саиипназар Калимовга тайинланган 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
  7. Нурлан Султамуратовга тайинланган 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 3 йил озодликни чеклаш жазосига;
  8. Арсиланбек Темирхановга тайинланган 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилди.

Озодлик шартларида улар тунги вақтда уйдан чиқмасликлари, оммавий тадбирларда қатнашмасликлари ва пробация органига мунтазам равишда ҳисобот беришлари шарт.

Суд қуйидаги айбланувчиларнинг жазони енгиллаштириш ҳақидаги илтимосномаларини қисман қаноатлантирди:

  1. Даулетмурат Джиемуратовга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 6 йил;
  2. Аллабай Токимбетовга тайинланган 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил 6 ой;
  3. Амирбек Адилбековга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил;
  4. Нурлан Найиповга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 4 йил;
  5. Разбек Бекмуратовга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 6 йил;
  6. Султанбек Каиповга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига келтирилди.

Асосий айбланувчи Даулетмурат Тажимуратовга нисбатан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди, суд унинг аризасини қаноатлантирмасдан қолдиришга қарор қилди — 16 йилга озодликдан маҳрум қилиш.

даулетмурат тажимуратов, нукус воқеалари, қорақалпоғистон

Январь ойидаги ҳукм эълон қилинганидан кўп ўтмай ҳибсда вафот этган Полат Шамшетовга нисбатан суд унинг ҳуқуқларини тиклаш ва мулкини меросхўрларига қайтариш тўғрисида қарор чиқарди.

Озодликни чеклашни қамоқ жазоси билан алмаштиришни талаб қилган Лолагул Каллихонова, Азамат Турданов, Ахмет Сметуллаев ва Азамат Нуратдиновларга нисбатан прокуратура протести суд томонидан қаноатлантирилмади. Уларнинг жазоси ўзгаришсиз қолдирилди.

Шунингдек, суд жиноят иши бўйича келтирилган зарарларни қоплаш мақсадида хатланган А.Турданов, А.Сметуллаев, Н.Найипов, Р. Бекмуратов, С.Каипов, К.Сейтимов, А.Адилбековга тегишли мол-мулклар хатловдан чиқарилиб, эгаларига қайтарилишини белгиланди.

Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди.

«Газета.uz» апелляция суди қарори эълонини жонли эфирда намойиш этди.