14 ноябрь куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов «Док-1 Макс» иши бўйича депутат саволларига жавоб берар экан, сентябрь ойида бир қанча ҳудудларда болалар «Антиструмин» препарати билан заҳарланганига ҳам тўхталди.

Вазир, хусусан, йод таркибли дорини беришда дозани меъёрдан ошириб юбориш кузатилганини маълум қилди.

«Яқинда бўлиб ўтган „Антиструмин“ воқеасида ҳам вазирлик бунинг передозировка эканини 100 фоиз тан оляпти. Ва бу билан боғлиқ бўлган барча масъул ходимлар қонун олдида жавоб беришни бошламоқда ва жавоб беради ҳам», — деди Иноятов.

«Шунинг учун мен шахсан вазир сифатида бундан буён бундай камчиликларга йўл қўймасликни бўйнимга олиб, бутун тизимимиз билан биргаликда бундай хатоларга йўл қўймаслик, тизимда муаммолар жуда кўп йиғилиб қолгани учун тизимли ёндашувни бошлаганмиз», — дея таъкилади у.

Амрилло Иноятов ўзининг вазирга биринчи ўринбосар бўлган ва айни дамдаги вазирлик даврини таққослаб, бунда «ер билан осмонча фарқ» борлигини айтди.

«Тиббиёт жуда оғир йўналиш экан. Буёғига битта ҳам бундай ҳолатга йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ. Кеч билганимиз бизнинг хатомиз эканини ва такрорланмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман», — деди вазир.

«Антиструмин» воқеаси

Ўзбекистонда 2023 йил 20 сентябрдан барча мактаб ва болалар боғчаларида йод билан таъминлаш дастури бошланганди. Унга кўра, ҳар чоршанба кунлари болаларни йод етишмовчилигидан ҳимоя қилиш учун уларга профилактик дозада йод таблеткалари ичирилиши белгилган.

Аммо орадан 2 кун ўтиб, Наманган вилояти Чуст туманидаги 9 та болалар боғчаси тарбияланувчилари ва 2 та мактаб ўқувчилари — жами 70 дан ортиқ бола заҳарланиш билан касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берилди.

Шу куннинг ўзида президент Чустдаги вазиятдан «қаттиқ ташвишда» экани унинг матбуот котиби томонидан маълум қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса ўрганишлар якунига етгунига қадар таркибида йод бўлган «Антиструмин» №100 маҳаллий дори воситасидан фойдаланишга тақиқ жорий этди.

Воқеадан сўнг соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова Чуст туманига бориб, болалар дори воситалари ёки овқатдан заҳарланмаганини, болаларнинг соғлиғи ёмонлашишига заҳарланиш эмас, ЎРВИ сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини маълум қилган.

Кейинроқ президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Наманганга бориб, оммавий заҳарланиш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

Бош прокуратуранинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257−1-моддаси 1-қисми (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш… одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса) асосида жиноят иши қўзғатилган.

25 сентябрга келиб, «Антиструмин» йод препаратини ишлаб чиқарувчи Samo компанияси фаолиятини текшириш бошлангани хабар қилинган. Шуниндек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Samo компаниясидан 3,55 млн қути «Антиструмин» (калий йодид) препаратини қарийб 22 млрд сўмга тендерсиз сотиб олгани аён бўлган.

Шунингдек, Samo фармацевтика компанияси ҳамтаъсисчиси Нодир Юнусов АҚШда қидирувда экани аниқланган. Йод препарати билан боғлиқ можаро фонида у таъсисчилар сафидан чиққан.

«Бизни дори ҳақида огоҳлантиришмади»

Ўша кунларда Тошкентда ҳам ўнлаб болалар РШТЁИМ токсикология бўлимига заҳарланиш аломатлари, иситма, ошқозон бузилиши билан ётқизилган. Ота-оналар улар йод ичганидан сўнг хасталанганини маълум қилган. Шифокорлар эса ҳолатнинг препарат билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган. «Газета.uz» вазиятни ўрганган (тафсилоти бу ерда).

Масалани «ковламаслик»

25 сентябрь куни Наманганда журналистлар шифохонага ётқизилган болалар билан боғлиқ вазиятни ёритиш учун борганда у ерда ўзини ССВ раҳбари ёрдамчиси сифатида таништирган шахс вазирга интервью бериш тақиқланганини айтган. «Ҳозиргина Президент администрациясидан қўнғироқ бўлди: интервью бўлмасин… Соғлиқни сақлаш вазири шунча иш қиляпти, нима керак ҳозир уни ковлаб?» — деган у.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса Президент администрацияси вазир Амрилло Иноятовга вазият бўйича интервью беришни тақиқламаганини маълум қилган. Аммо ўзини вазир ёрдамчиси дея таништирган шахс ким эканига ойдинлик киритилмаган.

«Бу мавзуга чуқур кирманглар»

Соғлиқни сақлаш вазири 26 сентябрь куни 20:00 дан кейин вазирлик биносида журналистлар билан учрашган (ССВ матбуот хизмати мазкур учрашувга «Газета.uz»ни таклиф қилмаган).

Суҳбат давомида вазир журналистларга «Антиструмин» дориси мавзусига чуқур кирмасликни маслаҳат берган.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

«Биринчидан, битта нарсани илтимос қиламан. Бу мавзу билан шуғулланаётган одамлар бор. Майда, бўлмағур гаплар… Нима бўлса ҳам, ўзи текширади, ўзи жавобини беради. Бу мавзуга чуқур кирманглар. Бу билан шуғулланадиган ташкилотлар бор. Улар ҳаммасини очиқ ўрганяпти. Ижтимоий тармоқларда дорихоналарда 3 баравар арзон, у-бу деган [хабарлар] нотўғри, провокацион чиқарилган…», — деганди Иноятов.