9 июль куни бўлиб ўтган муддатидан илгари президентлик сайловида амалдаги президент Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Унинг номзоди ЎзЛиДеП томонидан кўрсатилган ва «Миллий тикланиш» партияси томонидан қўллаб-қувватланган.

Сайловнинг дастлабки натижаларини Тошкентда бўлиб ўтган брифингда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомходжаев маълум қилди. У Шавкат Мирзиёевни сайланган президент деб эълон қилди.

Сайлов халқаро меъёр ва стандартлар, миллий сайлов қонунчилигимиз асосида, очиқлик, ошкоралик, эркинлик ва адолат каби демократик тамойилларга тўла мос ҳолда, кўтаринки руҳда ўтди, — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган сайловда Шавкат Мирзиёев 87,73 фоиз, 2021 йил 24 октябрда 80,12 фоиз овоз билан ғалаба қозонган эди.

муддатидан илгари сайлов, сайлов-2023

Фото: МСК.

Сайловда 15 миллион 651 минг 405 нафар сайловчи ёки умумий 19 миллион 593 минг 838 нафар сайловчининг 79,88 фоизи иштирок этди. Сайловда энг юқори фаоллик Жиззах вилоятида қайд этилди — 85,28 фоиз, энг пасти Тошкент шаҳрида — 72,97%.

Таққослаш учун, 30 апрель куни янги таҳрирда Конституция бўйича ўтказилган референдумда сайловчиларнинг 84,5 фоизи, 2021 йилги президент сайловида — 80,4 фоиз, 2016 йилги президент сайловида — 87,73 фоиз иштирок этган.

«Адолат» социал-демократик партиясидан номзоди кўрсатилган Робахон Махмудова 4,43 фоиз овоз тўплади — унга 693 минг 634 киши овоз берди.

ЎзХДП номзоди ва унинг етакчиси Улуғбек Иноятов 4,2 фоиз — 629 минг 116 нафар овоз тўплади.

Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Абдушукур Хамзаев 3,74 фоиз — 585 минг 711 киши овозини қўлга киритди.
Яроқсиз деб топилган бюллетенлар сони 0,78 фоизни ташкил этди.