Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 август куни lавлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банкларини ислоҳ қилиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.

Давлат раҳбари март ойида 2023−2025 йилларда ислоҳот қилинадиган ва иш самарадорлигини оширадиган давлат улуши бўлган 31 та йирик корхона рўйхатини тасдиқлаган эди. Уларнинг Давлат активларини бошқариш агентлиги ва бошқа вазирликлардаги улушлари (шундан 23 таси Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан) президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги балансига ўтказилган ва мазкур компанияларни ислоҳ қилиш вазифаси юкланган эди. Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, «Ўзбеккўмир», UzGasTrade, «Ўзбекнефтгаз» каби корхоналар шулар жумласидан.

Янги ҳужжатга кўра, акциялар корхоналарни ислоҳ қилиш билан шуғулланадиган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (ИМВ) балансига ўтказилади.

давлат корхоналари, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, стратегик ислоҳотлар агентлиги

Бундан ташқари, президент Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тўққизта банк ва «Ўзметкомбинат»даги акциядорлик ҳамда бошқарув функцияларини ишончнома асосида чекланмаган муддатга Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўтказиш бўйича топшириқ берди. Гап «Агробанк», «Асакабанк», «Ўзсаноатқурилишбанк», «Халқ банки», «Туронбанк», «Қишлоқ қурилиш банк», «Алоқабанк», «Ўзмиллийбанк», «Микрокредитбанк» ҳақида бормоқда.

Давлат улуши ҳажми ўзгарган тақдирда, улуш ИМВ бошқарувига ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, август ойи бошида ишдан бўшатилиб, Солиқ қўмитаси раҳбариятига қайтган Шерзод Кудбиев ўрнига ўрнига бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири этиб тайинланган эди. Икки ҳафтадан сўнг Шавкат Мирзиёев президент администрацияси раҳбари лавозимини бекор қилди (шу сабабли Сардор Умурзоқов лавозимидан озод қилиниб, президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди) ва мазкур ташкилот тузилмасини ўзгартирди.

Шуҳрат Вафоев Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси директори ҳисобланади.