Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Ўзбекистоннинг олтита ҳудудида 5 та қуёш ва 1 та шамол электр станциясини ишга тушириш ва тармоққа улашга бағишланган маросимда иштирок этди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Тадбирда ушбу инвестиция лойиҳаларнинг ҳамкорлари бўлган Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Жамол Ал-Рамаҳий, China Energy Engineering Corporation компанияси вице-президенти Ву Юнь, China Energy International Group компанияси бошқаруви раиси Лю Цзэсян, China Gezhouba Group компанияси бошқаруви раиси Линь Сяодан, SEPCO III, Dongfang Electric Corporation ва бошқа компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

china energy international group, masdar, яшил энергия, қуёш электр станциялари

Давлат-хусусий шериклик шартларида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан қурилган биринчи қуёш электр станциялари Кармана ва Нуробод туманларидаги умумий қуввати 200 МВт бўлган, шу пайтгача 1 миллиард КВт соат «яшил» энергия ишлаб чиқарган объектлар бўлди.

Ҳозирда Masdar компанияси Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 900 МВт бўлган учта фотоэлектр станцияси қуриш лойиҳасини якунлади. Навоий вилоятининг Томди туманида 500 МВт қувватга эга шамол электр станциясининг биринчи босқичи қуриб битказилди.

Бундан ташқари, Хитойнинг China Gezhouba Group компанияси томонидан Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида умумий қуввати 1000 МВт бўлган иккита қуёш станциясининг биринчи босқичи қурилиши якунланди.

Хабарда қайд этилишича, қурилиш ишлари рекорд муддатда — бор-йўғи тўққиз ойда якунланди.

«Жаҳонда ишлаб чиқариш занжири ва логистика билан боғлиқ муаммолар қанчалик мураккаб эканига қарамасдан, биз бу борада Goldwind, Sungrow, Jolywood, Longi каби компаниялар билан самарали иш олиб бордик», — деди президент.

Маросимда давлат раҳбари хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда янги энергетика қувватларини ишга тушириш ва тармоққа улаш ишларига старт берди. Президент инвесторлар, муҳандислар ва қурувчиларга миннатдорлик билдирди.

Умумий қиймати 2 миллиард доллар бўлган ушбу станцияларнинг тўлиқ фойдаланишга топширилиши натижасида 2 миллион хонадондонда электр энергиясидан узлуксиз фойдаланиш, 2 миллиард куб метр табиий газни тежаш, саноат ва хизматлар соҳасида 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш имконияти пайдо бўлади.

Президент ўз нутқида соҳани ривожлантириш бўйича келгуси режаларга тўхталиб ўтди: «Биз бугун амалга ошираётган улкан ишлар энергетика тармоғидаги ислоҳотларнинг навбатдаги қадамидир. Бу чора-тадбирларни тизимли давом эттириб, рақобатли бозор механизмларига босқичма-босқич ўтамиз».

Айни пайтда Ўзбекистонда 9 ГВт қувватга эга 22 та қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.

«Хорижий компаниялар билан сермаҳсул ҳамкорлигимизни тобора кенгайтириб борамиз», — деди президент.

Умуман олганда, 2030 йилга келиб «яшил» энергетика манбаларининг қувватини 27 ГВтга етказиш режалаштирилган. Бу ҳар йили 25 миллиард куб метр табиий газни иқтисод қилиш ва атмосферага зарарли ташланмаларни 34 миллион тоннага қисқартириш имконини беради.