Кўплаб низолари, табиий ва гуманитар фалокатлари билан ёдда қолган 2023 йил ҳам якунига етмоқда. Ўзбекистонда бу йил аномал даражада совуқ ва қорли қиш билан бошланиб, худди жазирама ёз каби мамлакат энерготизими учун ҳақиқий синовга айланди. Экологик вазият ёмонлашишда давом этмоқда: шаҳарларга чанг бўронлари ёпириляпти, ҳаво сифатининг ёмонлиги бўйича жаҳон рейтингларида Тошкентнинг етакчи ўринларда туриши эса одатий ҳолга айланиб қолди.

2023 йилда Нукусда ўтган йил июлида юз берган фожиали воқеалар иши бўйича, «Док-1 Макс» дори воситаси истеъмолидан вафот этган 65 боланинг ўлими билан боғлиқ ва яна бошқа шов-шувли суд жараёнлари бўлиб ўтди. Мактаб ўқувчиларининг «Антиструмин» йод воситаси билан оммавий заҳарланиши ҳам соғлиқни сақлаш тизимининг ишга лаёқатли эканини яна бир бор шубҳа остида қолдирди.

Йилнинг энг асосий сиёсий воқеалари сифатида эса Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ва Шавкат Мирзиёевнинг қайта сайланиши билан тугаган муддатидан аввалги президент сайловини кўрсатиш мумкин. 2023 йилнинг ёдда қоларли лаҳзалари — «Газета.uz» фотошарҳида.

Январь

Ўзбекистонда январь аномал совуқ ҳукмронлик қилди. Ҳаво ҳарорати баъзи ҳудудларда кечаси −25…−27 даражагача совиди. Қаҳратон ва қор бўрони мамлакат энергетика тизимидаги инқирозни бор бўй-басти билан кўрсатиб қўйди. Нафақат вилоятларда, балки пойтахтда ҳам турар жой биноларини иситишда узилишлар юз берди, одамлар суткалар чироқсиз, газси ва иссиқ сувсиз яшашга мажбур бўлди. Мудофаа вазирлиги, ИИВ ва Миллий гвардия барча ҳудудларда ва Тошкент шаҳрининг барча туманларида ҳарбий-дала ошхоналари ташкил этиб, аҳолини иссиқ овқат ва иссиқ жой билан таъминлади. Шаҳар ҳокимлиги тўйхоналарда коммунал хизматлар, ободонлаштириш бошқармаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари, шунингдек, эҳтиёжманд оилалар учун бепул ош тарқатди.

Суд 2022 йил ёзида Нукусда бўлиб ўтган воқеалар бўйича биринчи жиноят ишини кўриб чиқишни тугатиб, 22 айбланувчига нисбатан ҳукм чиқарди. Иш бўйича асосий айбланувчи Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Журналист Лолагул Қаллиханова 8 йилга озодликдан шартли маҳрум қилинди. У билан бирга Азамат Нуратдинов, Аҳмет Сметуллаев ва Азамат Турданов билан бирга суд залидан озод қилинди. Иш бўйича қолган айбланувчилар озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш кўринишида жазоланди.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Нукус воқеаларига доир иккинчи иш суди март ойида бўлиб ўтди. Унда 28 киши 5 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум қилинди, қолган 11 кишига 5 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Июнь ойида 44 киши номидан берилган апелляция шикоятлари бўйича суд мажлислари бўлиб ўтди. Унда 13 маҳбуснинг жазоси озодликни чеклашга алмаштирилди, 22 судланувчининг жазо муддати қисқартирилди. 8 судланувчига нисбатан, хусусан, Даулетмурат Тажимуратовга нисбатан чиқарилган ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди.

Февраль

Туркияда кетма-кет вайронкор зилзилалар юз берди. Қурбонлар сони 50 минг кишидан ошиб кетди, улар орасида камида тўрт нафар ўзбекистонлик ҳам бор эди; 115 мингдан ортиқ одам жабрланди. Фалокат ҳудудида ўзбекистонлик 71 шифокор ва 100 қутқарувчи иш олиб борди, улар икки ҳафта давомида вайроналар остидан 18 кишини қутқариб, 190 кишининг жасадини олиб чиқди. Ўзбекистон ҳукумати, тадбиркорлари ва аҳолиси 170 тонна гуманитар ёрдам тўплаб, зилзиладан жабр кўрганларга юборди.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Март

Президент Шавкат Мирзиёев «Янги Тошкент»нинг тамал тошини қўйди. 1 миллион кишига мўлжаланган янги шаҳарга маъмурий органларни жойлаштириш, кўп қаватли уйлар, олийгоҳлар ва бошқа объектларни қуриш режалаштирилган. «Янги Тошкент»да жамоат транспорти сифатида фақат электробуслардан фойдаланилиши кутилмоқда.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Апрель

10 йиллик танаффусдан сўнг Тошкент кўчаларида яна 18 метрли «гармошка"-автобуслар пайдо бўлди. Мамлакатда жамоат транспорти ривожига бефарқ бўлмаган ҳаммани қувонтириб, 20 апрель тонгида 400 та янги автобус ва электробуслар йўналишларга чиқди. Пойтахт учун жами 1000 та йирик автобус сотиб олинди — тарихда ҳеч қачон Тошкент учун битта буюртма билан бунча кўп автобус сотиб олинмаган.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Қурувчи даҳасига қадар чўзилган Тошкент ер усти ҳалқа метросининг бешта янги бекати йўловчилар учун хизмат қила бошлади. Кейинроқ, ёзда Ўзбекистон ҳукумати очилганидан бери фақат рақамлар билан атаб келинган ер усти метросининг 19 та бекати учун таклиф қилинган номларни тасдиқлади.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири бўйича ўтказилган референдум мамлакат сиёсий ҳаётида 2023 йилда юз берган энг муҳим икки воқеадан бири бўлди. Референдум сайловчиларнинг 84,5 фоизи қатнашди. Уларнинг 90,2 фоизи (ёки 15 млн киши) Конституцияни ўзгартириш учун овоз берди, 9,35 фоиз сайловчи (ёки 1,55 млн киши) бу ўзгаришларга қарши овоз берди.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Май

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Германияга ташриф буюрди. У Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан бирга Берлиндаги Жеймс Симон галереясида «Ўзбекистоннинг археологик хазиналари. Македониялик Искандардан Кушон салтанатигача» кўргазмасини очди.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Сингапур президенти Ҳалима Ёқуб хоним турмуш ўртоғи Муҳаммад Абдулла Алҳабший билан бирга Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди. Президент оиласи Тошкентга Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг мунтазам рейси билан келди. Ташриф доирасида Сингапур раҳбари Самарқандда ҳам бўлди.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Июнь

Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ал-Тани давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. У Самарқандга учиб келди, асосий тадбирлар ва музокаралар ҳам шу ерда бўлиб ўтди. Икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йилдан ошганига қарамай, бу Қатар амирининг Ўзбекистонга илк ташрифи бўлди.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Июль

Ёзнинг энг муҳим сиёсий воқеаси — 9 июль куни бўлиб ўтган муддатидан аввалги президент сайловидир. Унда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Тошкент марказидаги собиқ МХХ (аввалги КГБ) биноси бузиб ташланди. 2021 йил ёзида бинони Metropol Group компанияси сотиб олгунига қадар, бино меъморий ёдгорлик мақомига эга ва Ўзбекистон моддий-маданий мерос объектлари миллий рўйхатида турарди. Бузиб ташланган бино ўрнида ҳашаматли 22 қаватли меҳмонхона қурилиши режалаштирилган.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Шаҳардаги тартибсиз ва назоратсиз қурилишлар мажбурий кўчиш ва экология билан боғлиқ муаммолардан ташқари соҳада фирибгарлик ҳолатлари сони ошишига ҳам сабаб бўлмоқда. Aziya Invest Favorit иши бунга яққол мисол бўла олади. 1000 дан ортиқ киши Aziya Invest Favorit’нинг саккизта кўп қаватли уйларидан хонадонлар сотиб олган. Қурилиш компанияси банкдан кредит олиш учун сотилган хонадонларни гаровга қўйган, кредитлар ўз вақтида тўланмагани ортидан банклар хонадонларни тортиб ола бошлаган. Турар жой эгалари кўрган зарар 300 млрд сўм (тахминан 25,9 млн доллар)дан ортиқ бўлиши мумкин. Бир гуруҳ фуқаролар ушбу масала юзасидан президентга очиқ мурожаат қилгач, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов алданган ҳиссадорлар билан бир неча бор учрашди. Ҳукумат комиссияси томонидан муаммони ҳал қилиш йўллари таклиф қилинди.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Иқлим ўзгариши, аҳоли сони ўсиши ва урбанизация, беқарор қишлоқ хўжалиги ва дарахтзорларнинг кесилиши мамлакат экотизимига улкан зарар етказмоқда. Бу зарар чанг бўронлари, кучли шамол каби табиий офатларнинг тез-тез кузатилишида ҳам намоён бўлмоқда. Сўнгги шундай офатлардан бири июль охирида Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонга ёпирилди. Шамол электр узатиш линияларини узиб ташлади, дарахтларни қўпорди, уйларнинг томларини учириб юборди.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Август

Uzbekistan Airports компанияси бошқаруви раиси Раъно Жўраева эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Жўраеванинг ишдан олиниши ҳақидаги хабарни жамоатчилик оғриқли кутиб олди, ижтимоий тармоқларда икки ярим йил давомида у томонидан амалга оширилган кескин ислоҳотлар учун ташаккурномалар ёзиб қолдирилди. Бу даврда эришилган ютуқлар сифатида кўпчилик Uzbekistan Airports’нинг 2021 йилда фойдага киргани (компания очилганидан бери илк бора), мамлакат аэропортларида йўловчи оқими ошгани, Silk Avia ҳудудий авиакомпанияси ишга туширилганини кўрсатади.

йил якуни, ўзбекистон, фото

11 август куни Тошкент шаҳар судида 65 боланинг ўлимига сабаб бўлган «Док-1 Макс» иши бўйича суд бошланди. Унда 21 киши (16 эркак ва 5 аёл) айбланувчи сифатида қатнашмоқда, улар орасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариев ҳам бор. «Газета.uz» ушбу иш доирасида ҳалок бўлган 65 бола хотираси учун мотам эълон қилишга чақирди, аммо чақирув жавобсиз қолдирилди. «Док-1 Макс» иши бўйича суд жараёнлари 2024 йилда давом эттирилади.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Тошкент аэропорти яқинидаги йўл ўтказгич қурилишида бешта бетон тўсини қулаб тушди. Ҳодисанинг расмий изоҳи — монтаж ишлари вақтидаги эҳтиётсизлик. Тўсин қулаши оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Етказилган зарар 2,7 миллиард сўм деб баҳоланди.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Ёзнинг сўнгги куни Республика болалар кутубхонасининг қайта очилиши билан ёдда қолди. Муассаса 2020 йилдан бери таъмирланаётган эди.

Сентябрь

Қизилқум чўлининг Навоий вилоятидаги Тўдакўл кўлига яқин қисмида бешинчи «Стихия» мусиқа фестивали бўлиб ўтди. Келгусида фестивални яна Мўйноқда, Орол денгизининг қуриган тубида ўтказиш режалаштирилмоқда.

11 сентябрь куни Тошкент чанг бўрони ёпирилди. IQAir ҳаво сифати индексига кўра, шу куни Ўзбекистон пойтахти дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рейтингида саккизинчи ўринда турган эди. Расмийлар бу борадаги вазиятни яхшилаш бўйича бирор бир режа тақдим этганича йўқ.

йил якуни, ўзбекистон, фото

19 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг «С5+1» форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтди. Унда АҚШ президенти Жо Байден таклифига кўра Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов қатнашди.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Сентябрь охирида Наманган вилоятининг Чуст туманида 70 дан ортиқ бола заҳарланиш аломатлари билан касалхонага ётқизилди. Ижтимоий тармоқларда бу болалар боғчалари ва мактабларда болаларга йод воситалари («Антиструмин» ва «Йодомарин») ичирилгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилди — 20 сентябрдан Ўзбекистонда «Ёрқин миллат» йод билан таъминлаш дастури бошланган эди. «Антиструмин»нинг ножўя таъсири Андижон вилояти ва Тошкентдаги болаларда ҳам кузатилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги текширувлар якунига қадар ушбу дори воситасидан фойдаланишни тақиқлади. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

йил якуни, ўзбекистон, фото

28 сентябрга ўтар кечаси соат 2:43 да Тошкентнинг Сергели туманидаги Inter Logistics компаниясига тегишли омборда кучли портлаш юз берди. Портлаш тўлқини кўплаб турар жойлар, бинолар ва транспорт воситаларига зарар етказди. 163 киши тан жароҳати олган, 2006 йилда туғилган бир йигит вафот этди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди, тўрт киши қамоққа олинди, яна бир гумонланувчига нисбатан гаров тариқасидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Октябрь

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Россия президенти Владимир Путин билан бирга 7 октябрь куни Москвада Россия табиий газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб берилишига старт берди. Икки йиллик шартнома Ўзбекистонга йилига 2,8 миллиард куб мет газ етказиб беришни кўзда тутади.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган XIX Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этди. Миллий жамоа мусобақаларда 71 медаль (шундан 22 таси олтин, 18 таси кумуш ва 31 таси бронза)ни қўлга киритди. Умумжамоа ҳисобида ўзбекистонлик спортчилар 45 иштирокчи-мамлакат орасида кучли бешликдан ўрин олди. Медаллар сифати бўйича эса Ўзбекистон Осиёнинг энг кучли 10 мамлакат қаторига кирди.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси ҳам Ханчжоуда бўлиб ўтган Параосиё ўйинларида ўзининг энг яхши натижасини янгилади. Миллий жамоа 79 та медаль эгасига айланди, шундан 25 таси олтин, 24 таси кумуш ва 30 таси бронза.

йил якуни, ўзбекистон, фотоЎзбекистон Санъат музейида Tashkent Modernism.Index кўргазмаси очилди. Бу лойиҳа илк бор Миландаги 23-Халқаро Triennale Milano кўргазмасида намойиш этилган эди.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Ноябрь

Франция президенти Эммануэль Макрон расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни Самарқандда кутиб олди. Улар тунги шаҳар бўйлаб сайр қилди, Регистон майдонида ва «Боқий шаҳар» тарихий-этнография паркида бўлди. Ташриф якунларига кўра жами саккизта ҳужжат имзоланди.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Ой якуни спорт хушхабарларига бой берди. Хусусан, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2026 саралашининг иккинчи босқичи доирасидаги иккинчи ўйинда Эрон билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Ҳозирда миллий терма 4 очко билан «Е» гуруҳида иккинчи бўлиб турибди. Мундиал саралаши 2024 йилда давом эттирилади. Ўзбекистон терма жамоасининг кейинги учрашуви эса 13 январь куни Осиё Кубоги доирасида Сурияга қарши бўлиб ўтади.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Шахматчи Афруза Ҳамдамова Италиядаги U-14 жаҳон чемпионатида муддатидан аввал ғолиб чиқди ва Ўзбекистон тарихида шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлган илк шахматчи қизга айланди. Эътиборга молик томони, у шенген визаси кеч берилгани учун мусобақага кечикиб етиб борганди, аммо биринчи ўйиндаги техник мағлубиятга қарамай, кетма-кет 9 ғалабага эришди.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Декабрь

Валенсия (Испания)даги Valencia Marathon Trinidad Alfonso халқаро мусобақасида ўзбекистонлик енгил атлетикачи Шоҳрух Давлатов марафонда бундан 38 йил аввал ўрнатилган миллий рекордни урди. У масофани 2:07:02 соатда босиб ўтди ва олимпия лицензиясини қўлга киритди. Аввалги 2:13:28 соатлик рекорд Владимир Белобородов томонидан 1985 йил 15 июнь куни Могилёвдаги СССР чемпионатида ўрнатилган эди.

йил якуни, ўзбекистон, фото

Tashkent City ҳудудида 19 декабрь куни коррупцияга қарши курашни ифодаловчи монументнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Монумент очилган бармоқлари юқорига интилаётган қўл кўринишида металлдан ишланган бўлиб, баландлиги 12 метр. Тантанали маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ал-Тани қатнашди.

йил якуни, ўзбекистон, фото