Uzbekistan Airports (мамлакат аэропортлари оператори) бошқаруви раиси Раъно Жўраева мисолида Ўзбекистонда давлат ташкилоти раҳбарининг ишдан бўшатилиши шунча афсус ва ҳиссиётларни келтириб чиқариши ниҳоятда кам учрайдиган ҳолат. Унинг ишдан бўшатилиши ҳақидаги хабардан кейин икки ярим йил ичида амалга оширилган ислоҳотлари сабабли қўллаб-қувватланган ва миннатдорчилик билдирилган кўплаб мулоҳазалар эълон қилинди.

Ушбу масалада давлат идоралари томонидан ҳеч қандай тушунтиришлар берилмагани айрим саволларни туғдиради ва турли тахминларни келтириб чиқаради. Раъно Жўраева ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабардан бир неча соат олдин Транспорт вазирлиги мамлакат аэропортларида йўловчилар оқими, Ўзбекистонга учувчи авиакомпаниялар сони ва шунга мос равишда биринчи ярим йилликда амалга оширилган рейслар сони ошгани ҳақида хабар берган эди. Унинг ортидан эса «аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш, компания бошқарув тизимини такомиллаштириш ва молиявий-хўжалик кўрсаткичларини яхшилашга ўз ҳиссасини қўшган» Раъно Жўраева билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги хабар пайдо бўлди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг яқинда халқаро учиб келиш залига фақат Uzbekistan Airports ягона такси хизмати (такси оператори аукцион орқали танланган, танлов шартларида хавфсизлик талаблари ҳисобга олинган) автомобиллари кириши мумкинлиги ҳақидаги баёноти Uzbekistan Airports раҳбариятига нисбатан жамоатчилик норозилик билдирган ягона сигнал эди.

Бундан ташқари, қўмита халқаро аэропорт яқинидаги автотураргоҳларда тўхташ учун белгиланган тўлов миқдорини «рақобатни чеклаш» деб атади, ваҳоланки бир соатлик тўхташ нархи (терминал яқинидаги тўхташ жойларида 10 минг сўм, узоқроқдаги тўхташ жойларида эса 5 минг сўм) пойтахт бозорларидаги автотураргоҳлар нархларига тўлиқ мос келади ва барча автомобиллар учун илк 10 дақиқа бепул.

«Газета.uz» ўз манбаларига таяниб, бир кун аввал ҳукуматда Раъно Жўраевани ишдан бўшатиш режаси муҳокама қилингани ҳақида хабар берган эди. Бундай режалар тўғрисидаги маълумотлар аввал ҳам пайдо бўлган, аммо шу сафар улар амалга ошган. Бир йилча муқаддам — 2022 йилнинг кузида Раъно Жўраева билан тузилган меҳнат шартномаси уч йилга узайтирилганди. Шундай қилиб, унинг биринчи ўринбосари Жавлонбек Умархўжаев компания раҳбари вазифасини бажарувчи бўлди.

«Газета.uz» Раъно Жўраеванинг Uzbekistan Airports бошқаруви раиси лавозимидаги фаолиятини таҳлил қилиб, унинг ишдан бўшатилишига нима сабаб бўлиши мумкинлигини аниқлашга уринди.

Раъно Жўраева ким?

Раъно Жўраева ва бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев Uzbekistan Airports ҳамда Сингапурнинг Changi Airports компанияси ўртасида шартнома имзолаш маросимида. 2023 йил май. Фото: «Газета.uz».Раъно Жўраева ва бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев Uzbekistan Airports ҳамда Сингапурнинг Changi Airports компанияси ўртасида шартнома имзолаш маросимида. 2023 йил май. Фото: «Газета.uz».

Раънохон Фрунзевна Жўраева 1957 йил 7 мартда туғилган. Москва авиация институти ва аспирантурани тамомлаганидан сўнг 1986 йилда учувчисиз учиш аппаратларининг парвоз динамикасини ҳисоблаш бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Бутунроссия ташқи савдо академиясида халқаро иқтисодий муносабатлар бўйича таҳсил олган. Гарвард бизнес мактабида эса молиявий менежмент стратегияларини ўрганган.

РБКнинг ёзишича, 1995 йилда ўша пайтда Домодедово аэропортининг юк терминалини ўз назоратига олган россиялик миллиардер Дмитрий Каменщик Раъно Жўраевани бизнесга таклиф қилган. Аэропорт йилига бор-йўғи 2 млн йўловчига хизмат кўрсатарди. Аммо 2005 йилда Домодедовони тарк этаётганида эса аэропорт аллақачон 14 млн га яқин йўловчига хизмат кўрсатаётганди.

Раъно Жўраева ер усти космик инфратузилма объектларини эксплуатация қилиш марказини («Роскосмос» корхонаси) ҳам бошқарган. Бундан ташқари, 2019 йил 31 мартдан 2020 йил мартигача «C7 космические транспортные системы» МЧЖ (S7 Space) бош директори лавозимида ишлаган.

Компанияда Раъно Жўраева билан ишлаган «Ист лайн»нинг собиқ ходими уни амбицияли вазифаларни севадиган «собитқадам ва авторитар раҳбар» дея таърифлайди.

Uzbekistan Airports ходими ҳам унинг «мураккаб характерга эга» эканлигини тасдиқлади: «У жуда мураккаб одам. Мураккаб характерга эга… Жуда авторитар. Бу кўпчиликка ёқмасди. У столга уриб: „Шундай бўлади! Ва бу муҳокама қилинмайди“, — дея оларди. Ва кўп ҳолларда у ҳақ бўлиб чиқарди, гарчи биринчи қарашда аҳмоқона туюлган бўлса ҳам».

Раъно Жўраева «пора, откат ва ҳоказоларга қатъий барҳам берди», — дейди исми сир қолишини истаган ходим. — Ҳеч кимга сир эмас, кўпчилик ўғирлик қилишга ўрганиб қолган. Буни йўқотиш қийин. Салфетка ва совундан тортиб авиаёқилғигача ўғирлашарди. Шунга қарши курашди. Атайин ойликларни икки баравар оширди".

Uzbekistan Airports`нинг ташкил этилиши

2018 йил ноябрида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси қайта ташкил этилиб, унинг негизида алоҳида Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports АЖлар тузилди.

Президент фармонида бир вақтнинг ўзида давлат томонидан тартибга солиш ҳамда тижорат фаолиятига оид функцияларни мужассамлаштирган бошқарувнинг эскирган ва шаффоф бўлмаган тизими тармоқ корхоналарида менежментнинг замонавий тизимини жорий этиш, уларнинг молиявий барқарорлиги ва рентабеллигини таъминлаш имконини бермаётгани таъкидланганди.

Фуқаро авиаташишларининг, шу жумладан ердаги инфратузилмадан фойдаланишнинг ҳаддан зиёд монополлашуви ушбу соҳада хизматлар кўрсатишнинг жаҳон даражасидан анча ортда қолиб кетишига, шунингдек мамлакатдаги айрим аэропортларнинг норентабеллигига сабаб бўлди, дейилади ҳужжатда.

Uzbekistan Airports олдига аэропортларни узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, аэропортлар инфратузилмасини такомиллаштириш учун инвестицияларни, шу жумладан аэропортларни бошқариш соҳасида давлат-хусусий шериклик ва етакчи халқаро компаниялар билан ҳамкорлик қилиш механизмларидан фойдаланган ҳолда жалб қилиш ва бошқа вазирфалар қўйилди.

Uzbekistan Airports ташкил этилган 2019 йил августида компанияга Ровшан Исмаилов раҳбар бўлди.

Uzbekistan Airports 2020 йил пандемия йилини 4,3 млрд сўм зарар билан якунлади. Карантин чекловларидан энг кўп жабр кўрган Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports 122 млн доллар кредит муддатини кечиктириш имконияти ва 60 млрд сўмдан ортиқ солиқ имтиёзларини қўлга киритди.

Uzbekistan Airports`га келиши ва ютуқлар

Раъно Жўраева транспорт вазири Илҳом Маҳкамов (ўша пайтда у Uzbekistan Airways раҳбари ҳам эди) билан президент тақдимотида. 2021 йил апрель.Раъно Жўраева транспорт вазири Илҳом Маҳкамов (ўша пайтда у Uzbekistan Airways раҳбари ҳам эди) билан президент тақдимотида. 2021 йил апрель.

Раъно Жўраева 2021 йил февраль ойида Uzbekistan Airports компаниясига раҳбар бўлди. Апрелдаёқ у президентга компанияни трансформация қилиш режасини тақдим этди: харажатларни камайтириш, харажатларни ҳисобга олишнинг «қозон» усулидан воз кечиш, харидларни оптималлаштириш, аэропорт солиқлари ва ерда хизмат кўрсатиш харажатларини камайтириш, Тошкент аэровокзалини реконструкция қилиш ва бошқалар.

Шунингдек, 11 та аэропортни ягона бошқарув остида бирлаштириш таклиф этилди. Натижада Uzbekistan Airports Ўзбекистондаги барча аэропортлар бошқарувчисига айланди.

2021 йил октябрь ойи охирида Uzbekistan Airports таркибида Uzbekistan Airports Нandling шўба хендлинг компанияси ташкил этилди. Компания йўловчиларни самолётга рўйхатдан ўтказиш, етказиб бериш ва қўндириш, юкни қайта ишлаш ва етказиб бериш, самолётга ер усти хизмат кўрсатиш, самолётга озиқ-овқат юклаш, шунингдек, аэровокзал комплексининг хизматлари: она ва бола хонаси, тиббий марказ ва маълумотнома хизматларини тақдим этади.

2021 йилда Uzbekistan Airports ташкил этилганидан буён биринчи марта фойда кўрди ва 103 млн сўм даромад олди. 2022 йилнинг тўққиз ойи якунлари бўйича соф фойда 316,1 млрд сўмга етди.

Раъно Жўраева 2022 йил ёзида Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида таъкидлаганидек, соҳани трансформация қилиш жараёнида «кўплаб масалалар вазирлик ва идораларда уларни қандай амалга ошириш ҳақида тушунча йўқлиги сабабли осилиб турибди».

«[Аэропорт] тўловлари ставкалари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилдик. Уларни миллий авиаташувчи, хорижий компаниялар учун қандай шакллантириш керак, жаҳон амалиёти қандай? Иқтисодиётни молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича трансформация қилиш билан боғлиқ кўплаб масалаларни ўрганиб чиқдик. Ҳозирда ўзгартириш керак бўлган жуда кўп меъёрий ҳужжатлар мавжуд. Улар эскирган, 90 йилларники», — деди у.

Унинг даврида Тошкент аэропортининг халқаро терминалини реконструкция қилиш бошланди, янги учиб кетиш зали очилди, аэропортларга киришни соддалаштириш мақсадлари эълон қилинди — пойтахт халқаро аэропортида вагонларнинг эстакадага кириши очилди, божхона назорати соддалаштирилди, Ўзбекистон аэропортларида авиаспоттинг ниҳоят қонунийлаштирилди ва бошқа кўплаб ўзгаришлар амалга оширилди.

Ноқонуний такси ҳайдовчилари Uzbekistan Airports бош оғриғи эди, шундай бўлиб қолмоқда, бунга кўп йиллардан буён на Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (унинг инспекторлари ҳам йўлда тартибсиз тўхташга кўз юмади), на бошқа кучлар қодир бўлганича йўқ. «Бу нафақат мамлакатнинг салбий имиджи, балки йўловчилар хавфсизлигига таҳдид ҳамдир», — деган эди Раъно Жўраева. Ўтган йилнинг кузида «Тошкент» халқаро аэропорти ўзининг қатъий нархдаги такси хизматини йўлга қўйди.

Жорий йил баҳорида Uzbekistan Airports томонидан ташкил этилган Silk Avia минтақавий авиакомпанияси парвозларни амалга оширишни бошлади. Узоқ йиллар ҳаво орқали борди-келди қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шаҳарлар ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилди. Uzbekistan Airports компанияни оёққа турғизиб, келажакда уни хусусий секторга ўтказиш ниятида эди.

Куни кеча Uzbekistan Airports биринчи ярим йилликда жами фойда 30 фоизга, солиқ имтиёзлари эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 47 фоизга ошгани ҳақида хабар берди. Мамлакат аэропортларида йўловчи ташиш ҳажми 35 фоизга ошиб, 4,7 млн кишини, Тошкент аэропортида эса 39 фоизга ошиб, 3 млн нафарни ташкил этди. Йил охиригача 9,2 млн, пойтахт аэропортида эса 7 млн яқин йўловчи кутилмоқда.

Бугунги кунга қадар компания томонидан Бухоро ва Урганч аэропортларини модернизация қилиш концепцияси ҳамда техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилиб, тасдиқлаш учун тақдим этилди. Наманган аэропортининг концепция ва техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқиш босқичида. Бундан ташқари, Сингапурнинг Changi аэропорти маслаҳатчилари билан биргаликда Тошкент аэропортини модернизация қилиш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

Муносабатлар

Раъно Жўраева ва мутасаддилар Silk Avia минтақавий авиакомпанияси 2023 йил 24 апрелдан парвозлар бошланганини эълон қилмоқда. Фото: «Газета.uz».Раъно Жўраева ва мутасаддилар Silk Avia минтақавий авиакомпанияси 2023 йил 24 апрелдан парвозлар бошланганини эълон қилмоқда. Фото: «Газета.uz».

Давлат бошқаруви бўйича эксперт, Uzbekistan Airways кузатув кенгаши аъзоси Азиза Умарова Раъно Жўраева ишдан бўшатилишидан бир кун аввал: «Жўраева сингари юксак даражали менежернинг таклиф этилиши президентнинг [авиация соҳасидаги] ислоҳотларнинг изчил амалга оширилишини таъминлашдаги энг муҳим қарори бўлганди», — деб ёзди.

«Ўзида профессионализмни мужассам этган, ўрнига келиши мумкин бўлган барча одамлардан бир бош устун инсон. Букилмас ирода ва матонат», — дея қайд этди у.

Шартнома бекор қилингани ҳақидаги хабар пайдо бўлгандан сўнг Азиза Умарова: «Uzbekistan Airways ўрта бўғини унинг кетиши ҳақидаги хабарга тантанавор муносабат билдирганини мутлақо тушунмаяпман», деб ёзди.

«Қиммат авиачипталар, стратегик парвозлар харитасини ишлаб чиқиш ўрнига сайёҳлик агентликлари орқали БАА, Туркия ва Жануби-Шарқий Осиёга чартерлар бўйича маржа — Uzbekistan Airports АЖга ҳеч қандай алоқаси йўқ», — дея қайд этди у.

«Аэропортлар, айрим истисноларни ҳисобга олмаганда, йўловчиларда ижобий ҳис-туйғулар уйғотмоқда. Янги терминал, тартиб, амбицияли қарашлар ва стратегик режалар. Парда ортидаги ишлар беҳад улкан», — дея таъкидлади Азиза Умарова.

«Раъно Жўраева аэропортларнинг бухгалтерия бўлимини тартибга солиб, уларни даромад келтирадиган қилди. Кейин эса аэропортларда бўлмаган махсус жиҳозларни сотиб олишни бошлади… Устомонлик билан пойтахтнинг асосий ҳаво дарвозаларининг янги терминали қурилишини якунлади», — дея қўшимча қилди у.

Экспертнинг таъкидлашича, Раъно Жўраева биринчи марта Ўзбекистондаги барча аэропортларда тозалаш иншоотлари йўқлиги масаласини кўтарган. Натижада ўтган 30 йил давомида самолётларга парвоздан аввал сепилган музлашга қарши ўта заҳарли воситалар тўғридан-тўғри умумий канализацияга, ундан эса далаларга тушиб турган.

«Жўраева олти ой ичида бошқалар 30 йил давомида ярата олмаган кичик авиацияни барпо этди», — дея қайд этди Азиза Умарова. 11 август куни Тошкент аэропортида трансфер йўловчилари учун капсулали меҳмонхона очилиши режалаштирилган эди.

«Раъно Фрунзевнадан барчамизга профессионализм „планкаси“ қандай бўлиши кераклигини кўрсатиб бергани учун миннатдорман. Кўриниб турибдики, бу йиллар давомида ўзини авиация бўйича буюк мутахассис деб билган одамлар учун бу жуда баланд ва эришиб бўлмайдиган нарса», — дея қайд этди Азиза Умарова.

«Унинг ислоҳотлари кўплаб одамлар учун кислородни тўсиб қўйган эди»

«Газета.uz» расман эълон қилинишидан бир кун олдин ҳукумат Раъно Жўраевани ишдан бўшатишни режалаштираётгани ҳақида ёзган эди. Таҳририятнинг авиация соҳасидаги манбасининг айтишича, Uzbekistan Airports раҳбариятини ўзгартириш ҳақидаги қарор Раъно Жўраева учун кутилмаган бўлган.

Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, Раъно Жўраеванинг кетиши эълон қилинган йиғилишда унга соҳа ривожига қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдиришган, «тантанали равишда чопон кийдирилиб, зарҳал ҳошиядаги сурат тақдим этишган».

Бунгача Раъно Жўраевадан норозилик билдирилган «кучли» сигнал баҳорда, Uzbekistan Airways раҳбарияти ўзгарганида берилган. Ўшанда аэропортларга яхши раҳбар кераклиги айтилиб, қаттиқ танбеҳ берилди, деган эди ўша пайт манбалар.

«Аслида нима бўлган? Бу икки йил давомида у ўзига жуда кўп душманлар орттирди. Унинг ислоҳотлари кўпларнинг кислородини тўсиб қўйди». Самолётларга қуйиш учун авиаёқилғи, парвозларни ташкил қилишда ўртакашлик, аэропорт яқинидаги тўхташ жойлари ва бошқалар оёғига тушов бўлди, деди суҳбатдош.

uzbekistan airports, раъно жўраева

«Тўхташ жойи — қайнар хумча. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент аэропорти яқинидаги барча еттита автотураргоҳдан олинадиган даромад ойига 500 дан 800 минг долларгача бўлиши мумкин», — деди манба. «Газета.uz» ушбу маълумотларни тасдиқлай олмади.

Қишда Uzbekistan Airports Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш терминали яқинида иккита кутиб олиш ҳудуди қуриш режасини эълон қилди, боиси 2018 йилда қурилган учиб келиш зали халқаро стандартларга жавоб бермайди, у ерда кутиб олувчилар учун жой ажратилмаган. Одамлар иссиқда ҳам, совуқда ҳам ташқарида туришга мажбур. Кутиб олувчилар турли об-ҳаво шароитларида паноҳ топган терминал олдидаги соябон демонтаж қилиниши керак эди, бироқ тез орада ишлар тўхтади. Ҳеч қандай тушунтириш берилмади.

Манбанинг сўзларига кўра, Раъно Жўраеванинг айрим раҳбарлар билан муносабатлари «таранглашган». «Бундан ташқари, у ўзини мутлақо ўзбекчасига тутмагани учун ҳам. Жавоб қайтариши, суҳбатдошидан кўпроқ нарсани билишини кўрсатиши мумкин эди».

«Газета.uz» аввалроқ аэропорт соҳасидаги барча ўзгаришларга кенг кўламда «пиар» қилиш ҳаммага ҳам ёқмаётгани ҳақида эшитган эди. Аммо янгиликларни ёритишга моҳирона ёндашув ҳамда раҳбаридан бошлаб компаниянинг доимий равишда очиқликни намойиш қилгани ҳақиқатан ҳам аэропортларга бўлган муносабатни ўзгартирди.

Юқорида тилга олинган Alter Ego лойиҳасига берилган интерьюда Раъно Жўраева бир йил аввал босимлар бўлаётгани, уларни енгиб ўтиши кераклигини тан олган эди. «Уни сезмасликка ҳаракат қиламан. Ўз ишимни қиляпман… Мени бош вазир, президент қўллаб-қувватлаши муҳим», — деган эди. У транспорт вазири билан энг кўпроқ алоқада бўлиши, «укасидек барча масалаларда ёрдам беришини» таъкидлаганди. «Кўпгина вазиятлар бўлади, у бартараф этади, бу ҳақда билмай ҳам қоламан ҳатто, у эса бартараф этади», — деганди у.

«Газета.uz» суҳбатдоши меҳнат шартномасининг бекор қилиниши билан Рақобатни ривожлантириш қўмитаси аэропортда такси хизмати фаолиятини текшириши ўртасида боғлиқлик бор деб ҳисоблайди. Бироқ буни расман тасдиқлатишнинг имкони бўлмади.

Раъно Жўраева «лавозимни тарк этмоқчи эмасди, унинг улкан режалари бор эди». «Деярли барча аэропортларда қурилишлар кетмоқда, янги жиҳозлар харид қилинмоқда. Асосий мақсадлар — Тошкентни авиҳабга айлантириш ва минтақавий Silk Avia авиакомпаниясини даромадга чиқариш», — деди суҳбатдош.

«Газета.uz» ҳукумат, Транспорт вазирлиги ва бошқа идоралардан Раъно Жўраеванинг ишдан бўшатилишининг эҳтимолий сабабларини ўрганишга ҳаракат қилди, бироқ суҳбатдошларнинг ҳеч бири бу борада батафсил маълумот бера олмади.

Транспорт вазирлиги матбуот хизмати, қонунчиликка кўра, Uzbekistan Airports каби акционерлик жамиятларида ташкилий тузилмани тасдиқлаш, ижро этувчи органни шакллантириш, раҳбарни сайлаш ёки тайинлаш ҳамда унинг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш каби масалалар акционерларнинг умумий йиғилиши компетенциясига киришини маълум қилди.

Раъно Жўраеванинг Alter Ego лойиҳасига берган интервьюси