Жавлонбек Ойбекович Умархўжаев Uzbekistan Airports АЖнинг бошқарув раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Йиғилишда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов иштирок этди.

Бир кун аввал «Газета.uz» манбалари Раъно Жўраева ўз лавозимидан бўшатилиши мумкинлигини маълум қилганди.

«Раъно Жўраеванинг аэропортлар инфратузилмасини ривожлантириш, компания бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда молиявий-иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўзининг ижобий натижасини берди», — дейилади хабарда.

Раъно Жўраева компанияга 2021 йил февралидан буён раҳбарлик қилиб келаётганди. Бунгача у Россияда авиация ва космик соҳада ишлаган. 2022 йил сентябрь ойида у билан шартнома уч йилга узайтирилган.

Умархўжаев меҳнат фаолиятини 2008 йилдан Uzbekistan Airways миллий авиакомпаниясида бошлаган.

uzbekistan airports, жавлонбек умархўжаев, раъно жўраева

2009−2018 йилларда МАК авиация хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, 2018−2021 йилларда Капитал қурилиш дирекцияси бошлиғи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Тошкент-Восточний» лойиҳаси техник директори бўлиб ишлаган.

2021 йилдан шу пайтгача Uzbekistan Airports бошқарув раисининг операцион фаолият бўйича биринчи ўринбосари бўлган.