5 август куни пойтахтдаги Киночилар уйида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Aziya Invest Favorit МЧЖга пул тўлаб, ўзига ваъда қилинган уйларни ололмаётган фуқаролар билан учрашди. Унда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов, ўндан зиёд вазирлар ва 500 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этди. «Газета.uz» ушбу учрашувдан репортаж тайёрлади.

Учрашув бошида сўзга чиққан Абдулла Ариповнинг маълум қилишича, ҳозирги кунда мамлакатда рўйхатдан ўтаётган жиноятларнинг 20 фоиздан ортиғини фирибгарлик, қаллоблик кўринишидаги жиноятлар ташкил этади.

«Бундай ҳолатлар жуда кўпайиб бормоқда. Минг афсуски, бу халқимизнинг очиқкўнгиллиги, ҳаммага ишониб қўйиши, энг ёмони, ҳуқуқий саводхонлик даражаси ҳали юқори эмаслигини англатади. Биз икки ҳафта давомида ["Азия Инвест Фаворит» МЧЖ иши] ҳужжатларини ўрганганимизда, бу квартиралар учун шартномалар олди-сотди асосида тузилмаганлигини аниқладик. Фуқаролар бу лойиҳага улушдор бўлиб кирган экан. Биласизларми, бу лойиҳага улушдор бўлиб кирганларингизни? Ҳаммаларингиз ўзи битта компания экансизлар. Бу пирамидани ўйлаб топган ноинсофлар шу даражада халқимизнинг ишончига кирганки, нореал нархларда, яъни бир квадрат метрни 3,5 миллион сўмдан қилиб, 2025 йилнинг охиригача уй бераман деган", — дея вазиятни тушунтирди бош вазир.

Унинг айтишича, одамлар уй харид қилишда ҳужжатларни ўқимасдан имзо қўяди, пул бераётганда ҳам ўқимайди. «Бу пирамида сабаб мазкур йўналишдаги қонунчиликни жуда қаттиқ тартибга солиш бўйича ҳам хулоса қилдик. Бу бўйича ҳам [Олий Мажлисга] таклифлар киритамиз», — деди Абдулла Арипов.

Мазкур масалани ўрганиш, ҳал этиш ва таклифлар ишлаб чиқиш бўйича тузилган ҳукумат комиссияси томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам масъуллар маълумот берди. Хусусан, мазкур комиссия раиси, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов нутқ сўзлади.

Унинг таъкидлашича, «Aziya Invest Favorit» МЧЖ мансабдор шахсларининг фирибгарлигидан Иззат кўчасида қурилаётган ва қурилиши мўлжалланган уйлар бўйича жами 2668 нафар фуқароларда муаммоли масалалар юзага келган. Жабрланган фуқаролар бўйича 2 та ҳолат мавжуд.

aziya invest favorit, бош вазир

Очилбой Раматов.

«Биринчи ҳолатга тўхталадиган бўлсам, „Aziya Invest Favorit“ МЧЖ томонидан ўзига ажратилган 5,2 гектар ер майдонида 2018 йил декбаридан бошлаб 1513 та хонадондан иборат саккизта 7 қаватли уй-жойлар қурилиши бошланган. Шундан, тўртта: 3-, 4-, 5-, 6-уйларда қурилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилган. Қолган тўртта: 1-, 2-, 7-, 8-уйларда қурилиш ишлари тугалланмай қолган. Ҳозирда ушбу тўртта уйда қурилиш ишлари давом эттирилмоқда ва жараён ўртача 90 фоизга бажарилган», — деди у.

Очилбой Раматов бугунги кунда ушбу саккизта кўп қаватли уй-жойлар бўйича юзага келган муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди.

«1513 та хонадондан 1409 таси бўйича фуқаролар билан шартномалар тузилган бўлиб, атиги 260 нафар фуқарога кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб берилган холос. Қолган 1162 та хонадон муаммоли бўлиб турибди. Ҳали қурилмаган 104 та хонадонни сотиш бўйича шартнома имзоланмаган. Лекин шундай бўлса-да, ушбу хонадонларнинг 73 таси банк балансига олиниб, сотилиб кетилган. 10 таси банкда гаровда турибди», — деди бош вазир ўринбосари.

Маълум қилинишича, пудрат ташкилот раҳбари Хайрулло Хатамов фуқароларни хабардор қилмасдан 608 та хонадонни ўзига тегишли бўлган 17 та тадбиркорлик субьектига 8 та банкдан турли мақсадларда ажратилган 211 млрд сўм кредит маблағлари учун гаров таъминоти сифатида қўйиб юборган. Шундан 122 та хонадон банк балансига олинган, 112 таси эса банк балансига олиниб, сотиб юборилган. Қолган 374 та хонадон банкда гаровда турибди.

«Шунингдек, 133 та хонадон 2 та якка тартибдаги тадбиркор номига шартнома берилиб, сотиб юборилган. 459 та хонадон бўйича қурилиш якунига етказилмаган. Бундан ташқари, 72 та хонадон солиқ органларида тақиқда бўлгани учун фуқаролар номига кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилмаган. Ҳозирги кунда солиқ масаласи ҳал бўлди ва фуқароларга берилди», — деди ҳукумат комиссияси раиси.

Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов иккинчи ҳолат ҳақида маълумот бераркан, «Aziya Invest Favorit» МЧЖ томонидан Яшнобод тумани, Иззат кўчасидаги 58-уй манзилидаги давлат мулки ҳисобланган «Тошкент шаҳар сувтаъминоти» МЧЖга тегишли 4,5 гектар ер майдонига ноқонуний равишда лойиҳа қилингани ва ушбу келишилмаган лойиҳа асосида аҳолига уй-жойлар сотуви йўлга қўйилганини қайд этди.

«Яъни тадбиркор ўзига тегишли бўлмаган ерда икки, уч йилдан кейин уй қуриб беришни ваъда қилиб, фуқароларни алдаб, шартнома тарқатиб, нақд пул йиғиб олган. Тасдиқланмаган лойиҳа асосида 1696 та хонадондан иборат 12 қаватли уй-жойлар қуришилиши режалаштирилган. Ушбу уй-жойлардаги умумий 61 минг 766 квадрат метр бўлган 1106 та хонадонни сотиш бўйича шартномалар имзоланган. Шартномаларга асосан фуқаролар томонидан 163,4 млрд сўм нақд пул тўланган. Бу ҳозирда умумий шартнома суммасининг 69 фоизини ташкил қилмоқда», — деди Раматов.

Унинг маълум қилишича, шартномага асосан фуқароларга хонадонларни «коробка» ҳолатида қуриб бериш шарти билан 1 квадрат метр 3,8 млн сўмдан 4 млн сўмгача бўлган нархда сотилган.

«Шартнома имзолаган 1106 нафар фуқародан 321 таси шартномада кўрсатилган суммани 100 фоизини, 202 нафари 70 фоиздан юқори қисмини, 298 нафар фуқаро 50 фоиздан — 70 фоизгача, 228 нафари 30 фоиздан — 50 фоизгачани, 51 нафар фуқаро 30 фоизгача бўлган қисмини тўлаган. 6 нафар фуқаро умуман пул тўламаган», — деди у.

aziya invest favorit, бош вазир

Қайд этилишича, бугунги кунга қадар 1106 нафар фуқародан 1060 нафари Бош прокуратуранинг тергов гуруҳи томонидан жабрланувчи сифатида сўроқ қилиниб, шартнома ва тўлов квитанцияларининг ҳаққонийлиги ўрганилган. Қолган 46 нафар фуқаро ҳали терговга келмаган, яъни сўроқ қилинмаган.

«Юқоридаги ҳолатлар фуқароларнинг асосий норозилигига сабаб бўлган. Ҳукумат комиссияси аъзолари билан юқоридаги муаммоларнинг ечими юзасидан таклифлар тайёрлаганмиз. Ҳурматли Абдулла Ниғматович, рухсат берсангиз, ҳукумат комиссияси ўз фаолиятини мазкур муаммолар тўлиқ ҳал бўлгунча давом эттирса», — деди Очилбой Раматов.

Фуқаролардан бири тадбиркор ва одамлар ўртасида тузилган шартномалар қайта кўриб чиқилиши, айрим пул тўлаганлар шубҳали эканлигини айтди. Бош вазир Абдулла Арипов бунга муносабат билдираркан, «Aziya Invest Favorit» МЧЖ пирамида эканлигини қайд этди.

aziya invest favorit, бош вазир

«Прокуратура ишини тўхтатгани йўқ. Ҳуқуқий томони ҳам, ҳаммаси ўрганиляпти. „Шунча одамни безовта қилган, шунча одамга фирибгарлик қилганлар ўзининг қонуний жазосини олмайди“, деб ўйламанглар. Жазо муқаррар. Чунки қонунчилик давлатида яшаяпмиз, Конституция бор, қонунчилик ишлаяпти. Фақат ичига кириш учун бироз вақт керак. Тадбиркорлик субьектини хоҳлаган одам, ҳаттоки прокуратура ҳам истаган пайтида келиб текширолмайди, солиқ [органи] ҳам киролмайди. Бизнес Омбудсман бор, ўзининг тартиби бор. Бу бўйича ҳукуматга мурожаат тушганидан кейин ҳукумат комиссияси тузилиб, комиссия доирасида Бош прокуратура, солиқ идоралари барча ҳужжатларни кўтарганида, шунақа нарсалар чиқяптики… Ҳали ҳаммасини сизларга гапириб берамиз. Бу ерда пирамида бўлган. Ҳамма қилган қилмишига ажрини олади», — деди Абдулла Арипов.

Бош вазир Абдулла Арипов масъулларга компания қурган уйлар сифатини ўрганиш ва қишгача ижобий ҳал қилиш бўйича топшириқ берди, мазкур масала юзасидан ҳам алоҳида комиссия тузилади.

Комиссия аъзоси, Тошкент шаҳар прокурори Эркин Юлдашевнинг таъкидлашича, тадбиркорнинг фаолияти аввалдан фирибгарлик билан бошланган. «Aziya Invest Favorit МЧЖ»нинг 34 фоизига эгалик қилган Хайрулла Хатамов шу пайтга қадар 14 маротаба судланган. Буларнинг барчаси иқтисодий судларда кўриб чиқилган.

aziya invest favorit, бош вазир

Эркин Юлдашев.

«Тадбиркорга уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилди. Унга ва оила аъзоларига тегишли бўлган республика ҳудудидаги 200 миллиард сўмдан ортиқ мол-мулклар хатланди. Ҳозирда унинг қўшимча мулкларини аниқлаш ва хатлаш чоралари кўрилмоқда. Бу тадбирлар нафақат Тошкентда, балки бошқа барча вилоятларда ҳам ўтказилмоқда. Айрим ҳолатларда битта хонадонни бошқа яна бир одамга сотилган, баъзи уйлар банкка гаровга қўйиб юборилган. Шунга ўхшаш тўрт, бешта ҳолатлар мавжуд. Буларнинг барчаси бўйича албатта, тўлақонли тергов ишлари олиб борилади. Тергов жараёнида 2 мингдан ортиқ фуқаро сўроқ қилинди. Тергов ишлари давом этмоқда», — деди пойтахт прокурори Эркин Юлдашев.

Муаммони ҳал қилиш юзасидан берилган таклифларнинг 1-вариантига кўра, лойиҳа ишлари — топшириққа мувофиқ муаммони ҳал қилиш учун Бектемир тумани «Ийк ота» массивидан 11,4 геткар бўш ер майдони танланди. 1-босқичда ушбу ер майдонининг 4,4 гектарига умумий майдони 61 минг 766 кв метр бўлган 1 минг 104 хонадонли 16 та 9 ва 12 қаватли темир-бетон қуйма монолит типдаги уйлар қуриш бўйича лойиҳа таклифи тайёрланди.

Қуриладиган уй-жойларнинг таннархини арзонлаштириш мақсадида массивнинг мухандислик-коммуникация тармоқлари қурилиши ва ободонлаштириш ишларини республика бюджетидан амалга ошириш таклиф этилади. Массив ҳудудида маҳаллий бюджетдан ажратилаётган 29 млрд. сўм маблағ ҳисобидан 990 ўринли умумтаълим мактаби жорий йилда фойдланишга топширилади. Ушбу массивда боғча ҳам қурилади.

Мазкур ҳудудда кўп қаватли уйларни қуриш учун соҳадаги йирик пудрат ташкилотларининг таклифлар қабул қилинди. Улар орасидан «Ўзшаҳар қурилиш инвест» компанияси, «Янги замон» МЧЖ, «Голд степ инвест» МЧЖлар танлаб олинди.

Кўп қаватли уй-жойлар қурилишини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиб, экспертизадан ўтказиш ишлари жорий йил 1 октябрга қадар якунланади. Қурилиш ишлари лойиҳа ишлари билан параллел равишда олиб боришга рухсат берилса жорий йил 10 августдан бошлаб юборилади ва уйлар 2024 йил якунига қадар тўлиқ фойдаланишга топширилади. Ҳукумат комиссиясига жабрланган фуқароларга қуриб бериладиган уй-жойларнинг 1 метр квадрати нархи 6 миллион сўмдан ошмаслиги топшириқ қилинди.

Қуриб битказилган уй-жойлар аввалги пудрат ташкилоти билан тузилган шартномага асосан 100 фоиз пулини тўлаган (320 нафар) фуқароларга беғараз берилади. Шартномага асосан белгиланган маблағни бир қисмини тўлаган фуқароларга ҳам уй берилади, лекин шартномадаги хонадон майдонининг тўланмаган қисмига ҳар бир кв метр майдон учун қўшимча тарзда тўлов қилишади.

Жабрланувчи фуқаролар томонидан аввалги пудрат ташкилоти билан тузилган инвестиция шартномасига асосан сотиб олинган хонадоннинг умумий квадрат метри ўзгарган тақдирда, унинг ошган қисми бўйича ҳар бир квадрат метрга қурилиш таннархида қўшимча тўлов амалга оширилади. Пулини қайтариб олиш истагида бўлган фуқароларга тўлаган пул маблағлари тергов-суд жараёнлари якунлангандан кейин пудрат ташкилотининг давлат фойдасига тергов жараёнида хатланган мол-мулкларни сотиш эвазига тушган маблағлар ҳисобидан қайтариб берилади (тергов ва суд жараёнлари муайян вақт олиши мумкин).

aziya invest favorit, бош вазир

Муаммони ҳал қилиш бўйича 2-вариантга кўра, лойиҳа ишлари — «Ийк ота» массивидан 11,6 гектар бўш ер майдонида 2 та босқичда умумий майдони 226 минг кв метр бўлган 3 минг 120 хонадонли 34 та 9, 12 ва 16 қаватли темир-бетон қуйма монолит типдаги уйлар қуриш бўйича лойиҳа таклифи тайёрланди.

Инфратузилма обектлари республика бюджетидан қилиб берилади (113 млрд сўм). Қурилиш ишлари — «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК, «Янги замон» МЧЖ, «Голд степ инвест» МЧЖ томонидан қурилади. Қуриб битказилган уй-жойларни жабрланган фуқароларга тақсимлаш 1-вариантдаги каби амалга оширилади.
Уй-жой лойиҳаси ва қурилиш ишларига қурилиш ва коммунал хўжалик вазирининг ўринбосари Адилов Даврон Қобулжанович ҳамда қурилиш ишларининг сифатига Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси раҳбари Козим Носирович Тўлаганов масъул бўлади.

Қурилиш ишлари якунига етказилгунга қадар Ҳукумат комиссияси доимий назорат қилади ва муаммоли масалаларни ҳал қилиб боради.

Ҳукумат комиссияси томонидан иккинчи ҳолат бўйича юзага келган муаммони ҳал қилиш юзасидан қуйидаги таклифлар билдирилди:

  • Солиқ идоралари томонидан хонадонларга қўйилган тақиқ ечилган 72 та хонадонни жорий йил 1 сентябрга қадар фуқаролар номига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш;
  • Суд қарорлари ва келишув битимларига асосан банклар балансига ўтказилган 122 та ва гаровда турган 374 та хонадон бўйича суд жарёнида қайта кўриб чиқиб, кредит таъминотини пудрат ташкилотига тегишли бўлган ва тергов жараёнида хатланган мол-мулкларга алмаштириш ҳисобига жами 458 та хонадонни жорий йил 1 октябрга қадар фуқаролар номига расмийлаштирилишини таъминлаш;
  • Банк балансига олиниб, Давлат активлари агентлигига ўтказилган 59 та хонадонни қайтариб, ушбу хонадонлар бўйича даъвони тергов жараёнида хатланган мол-мулкларга қаратиш ва қайтарилган хонадонларни жорий йил 1 октябргача пул тўлаган фуқаролар номига расмийлаштириб бериш;
  • Қурилиш ишлари якунига етказилмаган 4 та кўп қаватли уйни Ҳукумат комиссияси назорати остида қўшимча маблағ ажратган ҳолда жорий йил 1 ноябрга қадар қурилиш ишларини якунлаб, фойдаланишга қабул қилиш;
  • Қурилиш ишлари якунлангандан кейин 459 та хонадонни жорий йил 1 ноябрдан бошлаб фуқароларга кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш. Бунда қурилиш ишларини якунлаш ва аҳолини кадастр билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилиш учун Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари — Ҳукумат комиссияси аъзоси Бахтияр Рахмонов ҳамда Яшнобод тумани ҳокими Бахтияр Рахмонкулов шахсан масъул бўлади. Штаб Иззат кўчасида қурилган уйларнинг ертўласида жойлашган сотув офисида бўлади;
  • Иккита шахс (якка тадбиркорлар ва фуқаролар) номига шартнома берилиб, сотиб юборилган 133 та хонадон ҳамда тижорат банклари балансига олиниб, сотиб юборилган 53 та хонадонга пул тўлаган фуқароларга ҳам олдин имзоланган шартномаси ҳамда тўлов квитанцияси асосида хонадонлар ажратилади. Бунда, Иззат кўчасида қурилаётган массивдаги хонадонлар етишмаган фуқароларга Бектемир туманида қуриладиган уй-жойлардан ажратиш таклиф этилади;
  • Қурилиш тугалланмаган хонадонларни сотиб олишга шартнома имзолаган фуқароларнинг хонадон нархини тўланмаган қисмини тўлашларига қулайлик яратиш мақсадида Иззат кўчасидаги массив яқинида тижорат банки кассаси ташкил этилади;
  • Иззат кўчасида қурилган массивга кўчиб келган аҳоли учун 2024 йилда республика бюджети маблағлари ҳисобидан ушбу ҳудудга яқин масофада жойлашган 67-сон мактабнинг бўш ер майдонида 990 ўринли, 143-сон боғчанинг бўш ер майдонида 180 ўринга мўлжалланган қўшимча бино қурилади.

Репортажни «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов тайёрлади. Фотограф ва тасвирчи Евгений Сорочин. Монтаж устаси Искандар Мирзахмедов.