2 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон ва Франция президентлари қўшма баёнот қабул қилди, деб хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Ҳужжатда икки давлат муносабатларини стратегик шериклик даражасига кўтариш нияти қайд этилган.

Қўшма баёнотда икки томонлама ҳамкорлик ҳолати ва турли соҳалардаги давлатлараро алоқаларни чуқурлаштириш истиқболлари баҳоланиб, томонларнинг халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек, глобал ва минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал этишга интилиши тасдиқланади.

Президентлар иштирокида молия, таълим, маданият ва давлатлараро ҳамкорликнинг бошқа соҳалари бўйича саккизта икки томонлама ҳужжат имзоланди.

Жумладан:

  • «Самарқанд француз альянси»ни ташкил этиш ва унинг фаолияти тўғрисида ҳукуматлараро битим;
  • Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳукуматлараро молиявий баённомалар (1- ва 2-босқичлар);
  • Ўзбекистонда Франция тараққиёт агентлиги ва PROPARCO`ни ташкил этиш ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида баённома;
  • ташқи ишлар вазирликлари ўртасида дипломатик кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида декларация;
  • мактабгача, мактаб, профессионал ва олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик бўйича баённома;
  • маданий мерос соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида декларация;
  • профессионал ва техник таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида келишув.

Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда SUEZ ва Bouygues компаниялари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида декларациялар имзоланди.