Болалар ўлими, ҳатто бир нафар бола вафот этган бўлса ҳам, нафақат алоҳида бир оила, балки бутун мамлакат учун улкан фожиадир. Тинч замонда юз берган камида 65 нафар боланинг бир хил сабабли ўлимини эса бирор сўз билан изоҳлаб, тушунтириб бўлмайди.

Ўтган йил охирида камида 20 нафар бола Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўталга қарши сироп («Док-1 Макс» ва бошқа)ларни ичиш оқибатида ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар бутун Ўзбекистонни ларзага солганди. Ўшанда фақат собиқ соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев баёнот билан чиқиб, шифокорлар болаларнинг ҳаётини сақлаб қола олмагани учун фарзандини йўқотган ота-оналар ва уларнинг яқинларидан узр сўраган эди. У болаларнинг ўлими ҳолатлари Соғлиқни сақлаш вазирлигидан яширилганини айтганди. Шунинг ўзиёқ саволлар келтириб чиқаради: нега давлат тизими қалтис ҳолатлар ҳақида дарҳол хабар бермайди, нега нохуш ҳолатлар овоза бўлишидан ва бу ҳақда раҳбариятни бохабар қилишдан қўрқишади ва ҳоказо.

Давлат телеканаллари бу фожиани ёритмади. Болаларнинг оммавий ўлими ҳақида биринчи бўлиб 15 декабрь куни Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори Маматқул Азизов маълум қилди. У вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзовга ёзган хатида «Док-1 Макс»нинг ўлимга сабаб бўлувчи асоратларидан огоҳлантирган эди, шунда ҳам бу сиропнинг савдосини тўхтатиш ҳақидаги қарор орадан бир ҳафта ўтиб — 22 декабрда чиқди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу сиропни сотиб олмасликка чорловчи хабарномаси эса яна бир ҳафта ўтиб тарқатила бошлади, яъни аҳолини огоҳлантириш бўйича ташвиқот ишлари жуда кеч йўлга қўйилди.

Болаларнинг ўлими ҳақида хабар берган бош шифокор ишдан ҳайдалди, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи эса ишлашда давом этмоқда.

Мамлакатда вафот этган болалар учун мотам эълон қилингани йўқ. Жиноят ишининг бориши ошкор қилинмаганидек, қурбонлар сони каррасига кўпроқ эканига ҳам бирор ишора ҳам берилмади. Жабрланган болаларнинг умумий сони айтилмади. Уларнинг қанчаси ногирон бўлиб қолгани ҳам номаълум.

Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари, хусусан, «Док-1 Макс»ни истеъмол қилиш оқибатида Ўзбекистонда 65 нафар бола ҳалок бўлгани орадан қарийб саккиз ой ўтиб, 10 август куни маълум бўлди. Ушбу фармкомпания дорилари кенг тарқалгани ва тақиқланганига қарамай, айрим дорихоналар ҳатто февралда ҳам бу дори воситаларини сотишда давом этгани инобатга олинса, қурбонлар сонига доир бу рақам якуний бўлмаслиги мумкин.

Қурбонлар сони катталигидан ташқари, яна кўплаб болалар ногиронлик орттириб олган. Судда қатнашаётган оталардан бири фарзанди биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолгани, у энди на гапира, на юра олаётганини айтди. У шундай аҳволга тушган ягона бола эмас.

Кучли давлат ҳис-туйғуларни намоён этишдан қўрқмайди

«Газета.uz» вафот этган болалар хотирасига ҳурмат бажо келтириш ҳамда уларнинг ўрнини тўлдириб бўлмас йўқотишни бошдан кечирган ота-оналари ва қариндошларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонда умуммиллий мотам эълон қилиниши керак, деб ҳисоблайди.

Давлат шу тариқа ўзининг бераҳм, бефарқ, бегона эмаслигини, бу мамлакатда инсон ҳаёти ҳақиқатан ҳам энг олий қадрият эканини намойиш этган бўлур эди.

Бу фожиа ҳақидаги хотира халқ саломатлиги ва хавфсизлиги учун масъул раҳбарларга келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун сабоқ бўлиб қолиши керак.

Одамлар давлат уларнинг дард ва изтиробларини ҳис қилаётганини кўриши ва бунга ишониши керак. Умуммиллий мотам вафот этган болаларнинг яқинларига бу йўқотишни енгиб ўтишга ёрдам беради ва улар бу фожиа билан якка ўзлари ёлғиз қолиб кетмаганликларини кўрсатади.

Одамлар фарзандларини Ўзбекистонда вояга етказишдан қўрқмаслиги ва келажакларини шу ерда кўриши учун ҳам расмийлар фуқаролар ишончини қозониши керак. Одамлар ҳар қандай фожиани ўзи ва яқинлари мисолида қайта кўриб чиқади, давлат томонидан ғамхўрлик ҳиссининг йўқлиги ва хавфсизликнинг таъминланмаганлиги эса унга бўлган ишончни камайтиради.

Умуммиллий мотамнинг эълон қилиниши кучсизлик намойиши бўлмайди. Бу кучли, адолатли, ғамхўр, Конституцияда ёзилганидек ижтимоий давлатнинг бир белгисидир. Бу ўз фарзандини йўқотган оилаларга ҳамдардлик билдириш, қолган фуқароларга эса шу ҳамдардликка шерик бўлиш имконияти ҳамдир.

Бу масала мамлакатда мотам эълон қилиниши зарур бўлган яна бошқа кўплаб ҳодисалар: расмий маълумотларга кўра салкам 200 киши ҳалок бўлган Андижон воқеалари, Қозоғистондаги автобус ёнғини оқибатида 50 дан ортиқ ўзбекистонликнинг ҳалок бўлиши, Нукус воқеалари вақтидаги 20 дан ортиқ одамнинг ўлими, ҳар йили ЙТҲларда ҳалок бўладиган минглаб одамлар (жумладан, юзлаб болалар), коронавирус пандемияси давридаги ўлимлар ва бошқа фожиаларга ҳам дахлдордир.

Ўзбекистонда, қўшни мамлакатларда ва СССРда мотамлар

СССРда давлат даражасидаги мотам фақат мамлакат раҳбарлари — Ленин, Сталин, Брежнев, Андропов ва Черненконинг ўлими муносабати билан эълон қилинган. Фақат бир истисно бор — самолётдаги машғулот парвози вақтида қулаб, биргаликда ҳалок бўлган биринчи космонавт Юрий Гагарин ва инструктор Владимир Серёгин вафоти муносабати билан 1968 йилда эълон қилинган мотам.

Иттифоқ парчаланиши арафасидагина советлар мамлакатида фожиали воқеа-ҳодисалар қурбонлари хотирасига мотам эълон қилина бошлаган. Хусусан, 1988 йили Арманистонда камида 25 минг кишининг умрига зомин бўлган Спитак зилзиласидан сўнг ва 1989 йили Бошқирдистонда салкам 600 кишининг ўлимига сабаб бўлган темирйўл ҳалокатидан сўнг СССР миқёсида мотам эълон қилинган.

Ўзбекистонда мотам эълон қилишнинг қонунчиликда белгилаб қўйилган аниқ тартиби йўқ. Мотам одатда президент фармони билан эълон қилинади. Қонунчилик ҳужжатлари базасида «мотам» сўзи фақат бир марта — президентнинг 1999 йил 17 февралдаги фармонида учрайди (ва у Тошкентдаги 16 февраль терактлари муносабати билан эълон қилинган).

Бундан ташқари, мустақиллик йиллари Ўзбекистонда 2004 йил 15 январь куни Тошкент аэропортида Як-40 самолёти қулаши муносабати билан ҳам мотам эълон қилинган. Ўшанда, 13 январь куни Термиздан учиб келаётган самолёт ноқулай об-ҳаво шароитида қўнишга уриниб, ҳалокатга учраган, ҳодиса оқибатида 37 киши, жумладан, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ричард Конрой ҳам вафот этган эди.

Ўзбекистонда охирги марта 2016 йил сентябрида, мамлакат биринчи президенти Ислом Каримов вафот этганида уч кунлик мотам эълон қилинган.

Ўзбекистон мустақиллик эълон қилгунича эса, жумладан, 1989 йилнинг май-июнь ойларида Фарғонада юз берган воқеалар қурбонлари хотираси учун мотам эълон қилинган. Мотам эълон қилинган вақтда ўзбеклар ва месхети турклар ўртасидаги миллатлараро тўқнашувларда 90 га яқин одам ҳалок бўлганди.

Манба: Ўзбекистон Миллий кутубхонаси архивиМанба: Ўзбекистон Миллий кутубхонаси архиви

Шунингдек, ер кўчиши оқибатида Ангрен яқинидаги Жигаристон қишлоғини тупроқ остида қолиб, 56 киши ҳалок бўлгани муносабати билан 1991 йил 6 май куни ҳам мотам эълон қилинган.

Манба: Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг архивиМанба: Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг архиви

Қўшни Қирғизистонда 2020 йил июлида COVID-19 қурбонлари учун умуммиллий мотам эълон қилинганди. Ўша вақтда мамлакатда коронавирус билан боғлиқ 1200 дан ортиқ ўлим ҳолати рўйхатга олинганди. 2022 йилнинг 21 август куни Россияда ЙТҲ оқибатида 14 қирғизистонлик ҳалок бўлди. Президент Садир Жапаров эса 23 августни умуммиллий мотам куни деб эълон қилди.

2023 йилнинг 12 июнь куни Қозоғистонда Абай вилоятидаги ўрмон ёнғинларида ўрмончилик хўжалигининг 14 ходими ҳалок бўлгани муносабати билан мотам эълон қилинди. Мамлакатда 2022 йилги Январь воқеалари, 2020 йилги коронавирус пандемияси ва бошқа турли воқеа-ҳодисаларнинг қурбонлари хотираси учун ҳам мотамлар эълон қилинган.

Қозоғистонда амалдаги тартибга кўра умуммиллий мотам эълон қилиш ҳақидаги қарор президент томонидан қабул қилинади. «Казинформ»нинг ёзишича, мотам давлат арбоблари ва миллий қаҳрамонларнинг ўлими ёки дафн этилиши муносабати билан, шунингдек, кўплаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган ҳодисалар сабаб эълон қилиниши мумкин. Мотам кунлари ОАВ кўнгилочар ахборот беришдан тийилади ва оқ-қора тусга киради.

Одамлар ўлими билан боғлиқ ҳолатлар, уларнинг кўлами қандай бўлишидан қатъи назар, сир сақланиши керак эмас. Улар фақат ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиниши эмас, балки бутун мамлакат миқёсидаги бош мавзуларидан бири бўлиши лозим. Ўзбекистонда ҳалок бўлган болалар хотираси учун умуммиллий мотам эълон қилиниши зарур. Шундай қилинса, тўғри бўлади.