31 август — 2 сентябрь кунлар Навоий вилоятидаги Тўдакўл яқинида жойлашган Қизилқум чўлларида (Навоийга нисбатан Бухорога яқин маскан) «Стихия» электрон мусиқа фестивали бўлиб ўтди.

«Стихия» 2017 йилда Ўзбекистон томонидан ташкил этилган ва Оролбўйидаги экологик офат ҳақида аҳолининг хабардорлигини ошириш ва ҳудудни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида яратилган фестивал ҳисобланади. Биринчи тадбир 2018 йилда бўлиб ўтган.

Бу йилги фестивалда чиқиндиларни нотўғри жойларга ташлаш билан боғлиқ экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда экологик маданиятни оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. «Газета.uz» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров Экология вазирлиги томонидан ташкил этилган пресс-турда бўлиб, тадбирнинг диққатга сазовор воқеаларини суратларга муҳрлади.

стихия, тўдакўл, қизилқум

Фестиваль бош продюсери Отабек Сулаймонов тадбир ўтказиладиган манзил ўзгаргани ҳақида гапираркан, чўл, дашт жой «Стихия»ни ўтказиш учун энг маъқул вариант бўлганини айтди. Қолаверса, у фестиваль Мўйноқда яна ўтказилиши ёки йўқлигига ҳам тўхталиб ўтди.

««Стихия» электрон мусиқа ва санъат фестивали бу йил бешинчи марта ўтказилмоқда. Фестивалнинг бу гал Қизилқум чўлларида ўтказилишининг асосий сабаби ички туризмни ривожлантиришдир. 3−4 ой бутун Ўзбекистонни айланиб, ўғлим билан Тўдакулга дам олиш учун келганимда шу жойни танлагандим. Чўл, дашт жой «Стихия»ни ўтказиш учун энг маъқул вариант. Унинг локацияси ўзгаргани билан Мўйноқ четда қолиб кетмади, у ерга биз 2024 йилда яна қайтамиз. Чунки «Стихия» Мўйноқда туғилган, унинг «прописка»си Мўйноқда», — деди Отабек Сулаймонов.

стихия, тўдакўл, қизилқум
Отабек Сулаймонов.

Фестивалнинг 50 фоизини ўзбекистонлик иштирокчилар ташкил этса, қолгани Қозоғистон, Россия, Германия, Франция, Япония, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан келган меҳмонлардир. Тадбир бошлангунга қадар 2000 мингга яқин билет сотилган, ундан сўнг ҳам қатнашиш истагини билдирганлар келишда давом этди.

Тадбир майдонида қайта ишланган, эски кийимлардан тайёрланган янги кийимлар ва сувенирлар сотув-кўргазмалари намойиш этилди. Шунингдек, экологик маданиятни тарғиб қилувчи, ижтимоий муаммоларга қаратилган қатор инсталляциялар ўрнатилди. Мисол учун, ёлғиз астронавт. Унинг атрофида «галактика» ҳосил қилинди. Ёлғиз турган одам ҳам бор, бу эса тадбирнинг асосий рамзи. У якунда Burning Man фестивалида бўлганидек ёқиб юборилди.

Ҳудудда сунъий боғ ҳам бор, бу орқали табиатнинг уйғонишига эътибор қаратилди. «Сув масаласи бизда энг муҳимларидан бири. Шунинг учун ҳам боғ пайдо бўлган жойга метафора сифатида қараш керак, чўлда боғ туғилса, ана ўша бизнинг мақсадимиз», — деди Отабек Сулаймонов.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Сафо гуруҳи раҳбари Тоир Қўзиевнинг таъкидлашича, фестивални ўтказиш учун яхши жой танланган, ёшлар ва ижодкорлар учун ҳам экстрим ҳудуд. Бундай амалиёт жаҳон фестивалларида кўп учрайди.

стихия, тўдакўл, қизилқум

Тоир Қўзиев.

««Стихия»да биз учинчи марта қатнашяпмиз. Унда нафақат электрон мусиқа ижодкорлари, балки тўқувчилар, ҳунармандлар ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Бундай тадбирлар кўп бўлиши, ёшларни кўпроқ жалб қилиш керак. Биз Ален исмли электрон мусиқачи йигит билан эксперимент қилдик. Яъни миллий оҳанг электрон мусиқа билан уйғунлашади ва табиатимизга, иқлимимизга мос бўлган оҳанглар янграйди», — деди Тоир Қўзиев.

«O‘rikguli» номи остида ижод қилувчи экоблогер Мўътабар Хушвақтова бундай фестивалллар жуда кўп бўлиши керак, дея ҳисоблайди. Чунки бу ҳақда халқаро ташкилотлар, ОАВ ёзади, бу эса туристик салоҳиятни оширади, маҳаллий артистлар (мусиқачилар, рассомлар, ҳайкалтарошлар)нинг кўргазмасини ўтказиши учун қулай майдон яратилади.

«Фестивалнинг асосий мақсадларидан бири экологик муаммоларга эътибор қаратишдир, аслида. Бу йил чиқиндиларни саралашга, ҳамма жойда экологик эслатмалар бўлишига ҳаракат қиляпмиз. Шунингдек, 3 та инсталляциямиз — темирдан қилинган дарахтлар бор. Мажнунтол шохларига қаттиқ чиқиндилар илинади, чинор шохларига пакет ва нам сочиқлар боғланади, теракка эса баклажкалар осилади. Шу орқали фестиваль якунида қанча чиқинди чиқараётганингизнинг масштабини кўрасиз», — деди экоблогер.

стихия, тўдакўл, қизилқум

Мўътабар Хушвақтова.

Унинг айтишича, одамларни чиқинди саралашга ундаш жуда қийин. Ҳаттоки, тортишиб қолаётган пайтлари ҳам бўляпти. Бироқ, асосийси, бу босқич бошланди, дейди у ва занжир реакцияси орқали бир-биридан эшитиб бўлса ҳам қанчадир фоиз одамлар чиқиндини саралашига ишонишини билдирди.

«Саралангандан кейин, барибир, ҳаммасини битта машинада олиб кетишадими, деб сўрашяпти. Йўқ, биз маҳаллий ишчилар билан бирга қиляпмиз. Улар чиқиндиларни олиб кетганидан сўнг у ерда яна саралашади ва 4 та чиқинди — алюминий, пластик, органик ва қоғозга ажратишади. Қоғозни сотишади, органикани ҳайвонларга берамиз, агар бўлмаса, чуқур қазиб, кўмамиз. Барчаси ўйланган, умид қиламанки, 40 фоиз бўлса ҳам натижага эришамиз», — деди Мўътабар Хушвақтова.

Танқидларга жавоб

Фестиваль бошланишидан бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда кўплаб танқидий фикрлар билдирилди. Бунинг ортидан вилоят ҳокимлиги муносабат билдириб, менталитетга хос бўлмаган ҳар қандай тадбирга қарши эканини маълум қилди. «Маънавиятимизга зид бўлган ҳолатларга йўл қўйилмаслиги бўйича кафолат хатлари олинган», — дейилади унда.

Фестиваль ташкилотчиси эса бунга ўзининг муносбатини билдириб ўтди.

«Тармоқларда бизни хейт қилаётганларга шуни айтмоқчиманки, бизнинг асосий мақсад — Янги Ўзбекистон брендини бутун дунёга кўрсатиш, ўзбек DJ`ларини, электрон мусиқа композиторларини ривожлантириб, катта-катта фестивалларга тайёрлаш, юбориш ва бошқалар. Мақсадларимиз кўп, лекин миссиямиз битта. У Мўйноқ шаҳрини ривожлантириш, бироқ бу йилгиси экспримент сифатида ўтказилмоқда», — деди фестиваль бош продюсери Отабек Сулаймонов.

стихия, тўдакўл, қизилқум

Экоблогер Мўътабар Хушвақтованинг таъкидлашича, тадбир ҳордиқ чиқариш учун қилинаётганини тўғри қабул қилиш керак, одамлар бир йиллик ишдаги чарчоқларини шу ерда чиқариб олади. Лекин экологик эслатмаларни кўп жойда кўришса, бу уларнинг онггида 25-кадр бўлиб қолади ва албатта ўзининг фойдасини амалда кўрсатади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоир Қўзиев 2 кишининг қилиғи бутун фестивални ёмонга чиқариши керакмаслигини, бу ерда мусиқа ва маданият алмашинуви бўлаётганини қайд этди. Ташкилотчилар ҳам бундай ҳолатларга эътиборлироқ бўлиши, иштирокчиларда ҳам меъёр бўлиши кераклиги ҳақида гапирди.

«Ҳамма нарсани ўзининг чегараси бор. Гап фестивалнинг ёмон-яхшилигида эмас, менимча, одамларнинг яхши-ёмони бўлади. 50−100 кишининг ичидаги 2 одамнинг қилиғи бутун фестивални ёмонга чиқариши керак эмас. Бу ерда ташкилотчилар ҳам бундай ҳолатларга эътиборлироқ бўлиши керак, иштирокчиларда ҳам меъёр бўлиши керак. Тўғри, четдан биз ғарбдан ўзимизга зид бўлган маданиятни олаётгандек кўринишимиз мумкин, лекин ундай эмас. Шунинг ичидан ўзимизга кераклисини оламиз. Фестивални умуман йўққа чиқариш ўсиб келаётган дарахтни кесиш билан тенг, ундаги қуриб қолган, ёмон шохини кесиб ташлаш, яъни нотўғри жойини олиб ташлаш мумкин», — деди у.

«Тадбирга жуда катта миқдорда пул ажратилган. Тахминий айтсам, бу пулга 3−4 та Tahoe автомашинасидан сотиб олса бўлади. Барчаси ҳомийлар, сотиб олинган билетлар ҳисобига ўтказилмоқда. Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам фестивалнинг биринчи куниданоқ ёрдамини аямаяпти. Давлат ёрдам бермаганида ёшлар учун бунақанги фестиваль ўтказишни тасаввур қилиб бўлмасди», — деди фестивал бош продюсери.

Маълумот учун, аввалроқ Навоий вилояти ҳокимлиги мазкур фестиваль учун маҳаллий бюджетдан маблағ сарфланмагани, барча харажатлар ташкилотчи томонидан қопланганини билдирганди.

стихия, тўдакўл, қизилқум

стихия, тўдакўл, қизилқум

стихия, тўдакўл, қизилқум

стихия, тўдакўл, қизилқум