Якшанба куни бўлиб ўтган Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси бўйича референдумда сайловчиларнинг иштироки, дастлабки маълумотларга кўра, 84,54 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда душанба куни бўлиб ўтган брифингда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев маълум қилди.

Сайловчилар рўйхатига киритилган 19 миллион 722 минг 809 нафар сайловчидан 16 миллион 673 минг 189 нафари овоз берди.

Сайловчиларнинг 90,21 фоизи Конституцияни ўзгартиришни ёқлаб, 9,35 фоизи эса қарши овоз берди.

Сайлов бюллетенларининг 0,49 фоизи ҳақиқий эмас деб топилди.

референдум 2023

Бугунги кунга қадар барча сайлов участкаларида, жумладан, 55 та хорижий сайлов участкаларида овозларни санаб чиқиш жараёни якунланди, деди Марказий сайлов комиссияси раиси.

Референдум халқаро стандартлар ва меъёрларга, шунингдек, Ўзбекистон қонунчилигига тўлиқ мос ҳолда ўтказилди. Ҳар бир сайловчи ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш ҳуқуқига эга, деди у.

Референдумнинг якуний натижасига таъсир қилмайдиган алоҳида камчиликлар ўз вақтида, жумладан, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик иштирокида аниқланиб, бартараф этилди, деди МСК раиси.

Унинг қўшимча қилишича, айрим ҳудудларда жиддий қонунбузарликлар аниқланган. Булар Сирдарё вилоятидаги 226-участка, Тошкент вилоятидаги 651-участка бўлиб, МСК томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра қонунбузарликлар аниқланган, шунингдек, Тошкент шаҳридаги 772-участкасида қонунбузилиш ҳолатлари бўйича оммавий ахборот воситаларида хабар берилган. Мазкур қоидабузарликлар МСК томонидан масъул бошқармалар билан биргаликда ўрганилади.

Умуман олганда, барча сайлов участкаларининг 0,01 фоизида қонунбузарликлар аниқланган, дея қўшимча қилди Зайниддин Низомхўжаев.

Покистонлик журналист бир кун аввал Тошкентдаги сайлов участкаларидан бирида икки марта овоз берган аёлни озод қилишни сўраган. МСК вакили унга бу ҳолат тасдиқланмаган, ҳеч қандай қонунбузарлик бўлмаган, деб жавоб берди.