Сешанба куни Сингапур президенти Ҳалима Яқуб турмуш ўртоғи Моҳаммед Абдуллаҳ Алҳабши билан давлат ташрифини амалга ошириш учун Ўзбекистонга келди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, мартабали меҳмонларни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов кутиб олди.

uzbekistan airways, сингапур, ҳалима яқуб

Президент жуфтлиги Остона шаҳридан (Қозоғистонда ҳам давлат ташрифи билан бўлди) Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY722 доимий рейси билан Airbus А320 самолётида учишди.

uzbekistan airways, сингапур, ҳалима яқуб

Олий мартабали меҳмон ва Сингапур делегацияси аъзолари «Янги Ўзбекистон» боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди, мамлакатимизнинг истиқлол йилларидаги ривожланиши ва ушбу бетакрор мажмуанинг яратилиши тарихи билан танишди, миллий маданий марказлар вакиллари билан учрашди.

uzbekistan airways, сингапур, ҳалима яқуб

25 майга қадар давом этадиган ташриф доирасида у президент Шавкат Мирзиёев ва бошқа расмий шахслар билан музокаралар ўтказади, икки давлат бизнес-форумининг очилишида иштирок этади ҳамда Самарқандга ташриф буюради.

Ҳалима Яқубнинг Ўзбекистонга ташрифи жавоб сафаридир. Шавкат Мирзиёев январь ойида Сингапурга давлат ташрифи билан борган эди.

Википедия маълумотларига кўра, Сингапур президенти, бош вазири ва расмийлари одатда Singapore Airlines миллий авиакомпанияси ёки бошқа ташувчилар томонидан амалга ошириладиган мунтазам йўловчи рейсларида сафар қилишади. Зарур ҳолларда Сингапур ҳукумати мамлакат қуролли кучларининг Airbus A330 MRTT ва Fokker 50 самолётларидан фойдаланиши мумкин.

Сингапурнинг биринчи бош вазири (1959−1990) Ли Куан Ю ўзининг «Сингапур: учинчи дунёдан биринчи дунёга» асарида «Учинчи дунё»нинг қатор мамлакатлари раҳбарларидан фарқли ўлароқ, (1970−1990-йиллар ҳақида гап кетмоқда) оддий доимий самолёт рейсларида учишни афзал кўргани, бу эса Сингапурга кўп йиллар давомида «учинчи дунё» давлати мақомини сақлаб қолиш ҳамда ривожланаётган мамлакатлар учун тегишли имтиёзлардан фойдаланиш имконини берганини ёзган.