19 декабрь куни Tashkent city халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида халқаро ҳамжамиятнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ифодаловчи монументнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний иштирок этди.

Тадбирда БМТ бош котибининг ёрдамчиси Александр Зуев ва хорижий мамлакатларнинг расмий шахслари ҳам қатнашди.

Кафти очиқ қўл кўринишида металлдан ишланган ушбу ўн икки метрлик композиция ҳалоллик, пок амал ва ниятларни, коррупцияга нисбатан мутлақ тоқатсизликни, дунёнинг барча мамлакатларини унга қарши курашишда бирлашишга чақириқни англатади.

Эслатиб ўтамиз, Қатар амири коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро мукофотни топшириш маросимида иштирок этиш учун келган.

Қатар амири ташаббуси билан таъсис этилган мукофот 2016 йилдан буён ҳар йили таниқли жамоат арбоблари, экспертлар ва журналистларга уларнинг глобал миқёсда коррупцияга қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этган ҳолда топширилади. Бу йил тантанали маросим Тошкентда бўлиб ўтиши аввал хабар қилинганди.