19 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ раҳбарларининг «С5+1» форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтди. Унда АҚШ президенти Жо Байденнинг таклифига биноан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон етакчиси Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон раҳбари Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди. Шунингдек, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам саммитда қатнашди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, президентлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, «яшил» ривожланиш, энергетик хавфсизликни таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризмга ва трансчегаравий жиноятларга қарши курашиш масалаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Оқ уй матбуот хизмати баёнотида айтилишча, саммитда, шунингдек, «барча мамлакатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш зарурати» ҳамда «бошқарувни ва қонун устуворлигини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар» муҳокама қилинган.

Фото: Оқ уйФото: Оқ уй

Ўзбекистон президенти «Марказий Осиё минтақасида дўстлик, ўзаро англашув ва шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётгани, бу кенг ҳамкорлик учун янги ва ноёб имкониятлар яратаётганини юксак баҳолади», — дейилади унинг матбуот хизмати хабарида.

Шавкат Мирзиёев савдо-инвестициявий фаолиятни кучайтириш, лойиҳавий ҳамкорликни йўлга қўйиш, минтақада транспорт йўлакларини ривожлантириш, «яшил» кун тартибини илгари суриш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш, таълим дастурларини кенгайтириш, Афғонистондаги вазиятнинг тинч йўл билан ҳал этилишига кўмаклашиш каби бутун минтақа ривожи учун стратегик аҳамиятга эга устувор йўналишларни кўрсатиб ўтди, дейилади хабарда.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизматиФото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

«Президент Байден ҳамкасбларининг мамлакатларимиз Марказий Осиёнинг суверенитети, барқарорлиги ва фаровонлигини янада мустаҳкамлаш, „С5+1“ ҳамкорлигимиз орқали инсон ҳуқуқларини илгари суриш йўлида қандай ҳамкорлик қилишлари мумкинлиги ҳақидаги фикрларини мамнуният билан қабул қилди», — дея қайд этди АҚШ президенти маъмурияти.

У Марказий Осиё давлатлари президентларига «минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича шериклик муносабатлари учун миннатдорлик билдирди ва чегара хавфсизлиги, терроризмга қарши кураш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ҳамкорликни давом эттириш тарафдори эканини қайд этди».

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизматиФото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

«Мен буни тарихий лаҳза деб биламан», — дея қайд этди Жо Байден. «Биз Марказий Осиё ва Қўшма Штатлар ўртасидаги узоқ йиллик яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаяпмиз — бу ҳамкорлик суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитликка бўлган умумий садоқатимизга асосланган. Менимча, бу тамойиллар ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Ва бугун биз ҳамкорлигимизни янги чўққиларга кўтаряпмиз».

АҚШ таклифлари

Америка томони «АҚШ хусусий сектори савдоси ва инвестицияси учун янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш муҳимлиги» масаласини кўтарди ва шу мақсадда «C5+1» дипломатик платформасини тўлдирадиган хусусий сектор — Бизнес платформасини яратишни таклиф қилди.

Бундан ташқари, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) октябрь ойида «C5+1» дастури доирасида Марказий Осиёда ўзаро боғлиқлик бўйича минтақавий вазирлар конференцияси ўтказишни маълум қилинди. Унинг мақсади — «инклюзив ва барқарор иқтисодий ривожланишга таъсир қиладиган аниқ чора-тадбирларни муҳокама қилиш».

Қўшма Штатлар томони, шунингдек, «келажакдаги энергия ландшафтини қўллаб-қувватлаш учун мустаҳкам ва хавфсиз таъминот занжирларини» таъминлаш мақсадида ҳамкорлик қилиш муҳимлигини таъкидлади. Улар Марказий Осиёдаги минерал ресурсларни ўзлаштириш ва муҳим фойдали қазилмалар хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун «C5+1» доирасида «Муҳим минераллар бўйича мулоқот»ни ишга туширишни таклиф қилди.

«Ушбу саъй-ҳаракатлар АҚШ томонидан инвестицияларни кўпайтириш ва Транскаспий савдо йўлини („Ўрта йўлак“) Глобал инфратузилма ва сармоявий шериклик орқали ривожлантириш бўйича давом этаётган қўллаб-қувватлашнинг бир қисмидир, бу минтақавий иқтисодий интеграция ва барқарорликка ҳисса қўшади», — дейилади Оқ уй хабарида.

Жо Байден, шунингдек, «фуқаролик жамияти бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаш ва аёлларнинг иқтисодий имкониятларини ва ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича ҳаракатлар тарафдори эканини билдирди ва „С5+1“ доирасида эътиборни ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқларини барча соҳаларда илгари суришга чақирди», дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, АҚШ президенти унинг мамлакати Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш учун молиялаштириш миқдорини оширишини таъкидлади.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизматиФото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

«С5+1» форматидаги мулоқот саккиз йил аввал Самарқандда ташкил этилган. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида таъкидланишича, у ўтган йиллар давомида «Очиқ ва конструктив мулоқот, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги барча соҳаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун керакли платформага айланди».

Мулоқот якунида АҚШ президенти ҳамкасбларига «самарали суҳбат» учун миннатдорчилик билдирди. «Келажакда янада кўпроқ ишларни амалга ошириш учун барчангиз билан ҳамкорлик қилиш имконияти бўлишини кутаман. Бу учрашувнинг давомини чин дилдан кутаман, чунки биз биргаликда кучлироқмиз ва агар биз бирга бўлсак, дунё хавфсизроқ бўлишига чин дилдан ишонаман».

Жо Байден яқин орада Марказий Осиё мамлакатларидан бирида учрашишга умид қилишини билдирди.