«Газета.uz» февраль ойида глобал воқеалар ва уларнинг Ўзбекистонга таъсирини ўрганди. Дунёда рўй берган муҳим воқеаларда ўша манзилларда бўлган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди. Қолаверса, китобхонликни тарғиб этиш учун мамлакатдаги таниқли шахслар, жамоат фаолларидан ўқилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланган китоблар рўйхатини яна узайтирди. Шу билан бирга февраль ойида ўткир карикатуралари билан танилган «Муштум» журналининг 100 ёшга тўлганига бағишлаб, журналда чиққан ҳажв-суратлар тўпламини оммага ҳавола қилди.

Қуйида сизга бир ой давомида эълон қилинган мақола ва фоторепортажларни ҳавола қиламиз:

Февраль ойининг дастлабки кунларида ҳамма Нодирбек Абдусатторовнинг Голландиядаги ўйини ҳақида гапирди: Жаҳон чемпиони устидан қозонилган ғалабадан хурсанд бўлишди, мусобақадаги пешқадамликни кузатишди, финалдаги омадсизликни бир бошдан ўтказишди. Нодирбек Абдусатторов Вейк-ан Зееда ажойиб натижага қандай эришди? Шахмат бўйича мураббий Георгий Шванов шахматчимизнинг натижаси ҳақида фикр юритди.

Таҳририят оғир иш ҳафтасидан кейин қандай қилиб яхши дам олиш мумкинлиги ҳақида ҳам мақола тайёрлади. Жавобни тўрт кунлик иш ҳафтаси тарғиботчиси Алекс Сучжон-Ким Паннинг Psyche сайтида келтирилган мақоланинг ўзбек тилидаги талқинида ўқишингиз мумкин.

Тошкентлик жанр ва стрит-фотосуратчиси Ильдар Садиков Шаҳрисабздан 70 км масофада жойлашган, ўзгармай келаётган архитектурасига бетон хавф солаётган Катта Лангар қишлоғини фотокамера хотирасига муҳрлади.

Катта Лангар қишлоғи. Фото: «Газета.uz»

Қолаверса, Тошкент вилоятининг Пискент туманида «Газета.uz» фотомухбири Мадина Аъзам ҳам репортаж тайёрлади. У ерда Марказий Осиё республикаларидан келган чавандозлар иштирокида йирик кўпкари бўлиб ўтди. Ғолиблар 5 та автомобиль, Умрага йўлланмалар, 40 дан ортиқ туя ва тойларни қўлга киритди.

«Базальт» операцияси бошланди. Тошкентдаги «дом»ларни совуқ ўтмайдиган уйларга айлантиришга киришилди

Тошкентнинг Чилонзор туманидаги учта «хрушчёвка» кўп қаватли уйларни иситиш лойиҳаси доирасида базальт плиталари билан қопланмоқда. Мақсад — пойтахт аҳолиси чироқсиз ва иссиқликсиз қолиб кетган қишки инқироз такрорланишига йўл қўймаслик. «Газета.uz» ишларнинг бориши ва одамлар фикри билан танишди.

Фото: Бензинга навбат

Авваллари йилда бир ё икки марта рўй берадиган нарх ўсиши арафасида кузатиладиган, сўнгги 5−6 йилда эса «аввалги замон»да қолиб кетгандек туюлган бензинга навбатлар бу йилги қиш мавсумида яна кун тартибига қайтди. «Газета.uz» мухбири Тошкент АЁҚШлардаги навбатларни фотосуратларга муҳрлади.

Шундай касб бор — дастурхончи. У тавозе билан ғамхўрлик ва меҳмондўстлик таклиф қилади

Сўнгги вақтларда Тошкентда ўтадиган ош маросимларини дастурхончиларсиз тасаввур қилиб бўлмай қолди. Абдусалом ака — тўй-маросимларни меҳмондўстлик ҳисси билан тўлдирувчи шундай мутахассислардан бири. «Газета.uz» унинг наҳорги ошдаги ўрни нимадан иборат экани ҳақида ҳикоя қилади.

Туркия 6 февраль куни мамлакат тарихидаги энг кучли зилзилалардан бирини бошдан кечирди ва бу зилзила қўшни Сурияга ҳам қаттиқ таъсир кўрсатди. 7,7−7,8 магнитудали биринчи зилзиладан сўнг минглаб бинолар, жумладан турар-жойлар, шифохоналар ва мактаблар вайронага айланди. «Газета.uz» ўз мақоласида зилзила пайтида маҳаллий халқ томонидан олинган энг таъсирли (ва даҳшатли) видеоларни жамлади.

Кучли зилзила бу мамлакатда яшовчи ўзбекистонликлар ҳаётига ҳам таъсир қилди. «Уйим кўз олдимда қулади», — дейди улардан бири. «Уйда овқатланиб, машинада тунаяпмиз», — дейди бошқа бир ватандош. Таҳририят Туркиядаги ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди.

Туркияда рўй берган зилзила

Қўлланма: Зилзила бўлаётганида нима қилиш ва нима қилмаслик керак?

Туркияда юз берган зилзила оқибатида минглаб инсонлар ҳалок бўлди. Ушбу ҳодиса дунёнинг бошқа нуқталарида ҳам зилзила ва у содир бўлаётганида қандай ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақидаги маълумотларга бўлган қизиқишни оширди. Ушбу мақола — айнан зилзила вақти қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида.

Истанбулда «кучли зилзила хавфи» ҳақидаги огоҳлантиришларга қарамай, тартибсиз қурилишлар давом этмоқда. Оқибати даҳшатли бўлиши мумкин

6 февралдаги зилзила қурбонлари сони 15 минг кишидан ошди. Олимлар Туркияда яқин йилларда яна бир кучли зилзила юз бериши мумкинлиги, ундан 15 млн аҳоли яшайдиган Истанбул жиддий жабр кўриши ҳақида огоҳлантирмоқда. Шаҳардаги тартибсиз қурилишлар аҳволни оғирлаштирувчи омил сифатида кўрсатиляпти.

Туркиядаги зилзила Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

Туркияда зилзила оқибатида иқтисодий ўсишнинг секинлашиши Ўзбекистон иқтисодиётига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Иқтисодчи ва «Газета.uz» колумнисти Миркомил Холбоев Туркияга экспорт ва пул ўтказмалари ҳажмида кутилаётган қисқаришнинг Ўзбекистон ЯИМ ўсишига потенциал таъсирини таҳлил қилади.

«Бу — фожиа». Туркия ва Суриядаги зилзила оқибатлари ҳақида фотоҳикоя

Туркия ва Суриядаги вайронкор зилзилалар юз берганига икки ҳафта бўлди. «Бу ердаги аҳолининг 40 фоизи ҳалок бўлган бўлиши мумкин», дейди қабристонида бўш жой қолмаган Туркиядаги шаҳар имоми. «Бу болаларга ота-оналари энди ҳеч қачон қайтмаслигини қачондир айтишимиз керак», — дейди суриялик шифокор.

Нима ўқиймиз?

Таржимон Гулноз Набиева ва Таълим бўйича эксперт Комил Жалилов тавсия қилади

«Газета.uz» китобхонликни тарғиб этишга қаратилган «Нима ўқиймиз?» лойиҳасини давом эттиради. Сара асарлар, ўқилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланган китоблар рўйхати ҳақида олим, тадқиқотчи, ёзувчи-шоир, таржимон, журналист ва жамоат фаолларининг тавсияларини сизга етказамиз.

«Диққат, диққат, радиоузелдан гапирамиз!». Ўзбекистонда радио фаолияти қандай бошланган?

Ўзбекистонда радио эшиттиришлар қачондан бошланган? Дастлабки радио эшиттириш қанча давом этгану, унда нималар эфирга узатилган? Ўзбекистондаги илк радиосухандон ким? 13 февраль — Бутунжаҳон радио куни муносабати билан таҳририят Ўзбекистонда радионинг бошланғич даври тарихини ҳикоя қилади.

Тарих сохталикларидан холи китоб — «Бобурнома»ни нега ўқимаймиз?

Шоҳ Бобурнинг дурдона мемуарини тўлиқ ўқиганлар кам. Аксаримиз дарсликдаги парчалар билан кифояланганмиз. Тили, услуби қийинлигини баҳона қиламиз. Лекин орамизда шундай ўқувчилар борки, фарзандларининг исмларини Бобур мирзога атаб қўйган. «Газета.uz» ана шундай китобхонлар билан суҳбатлашди.

Ёшлар давлат ва жамиятдан нима истайди?

YouTube’даги «Улар» лойиҳасининг янги сони шу мавзудаги муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўпчилик давлатдан эркинлик ва қонун устуворлигини таъминлашни, жамиятдан эса шахсий ҳаётга «бурун суқмаслик»ни сўраган. Ёшларнинг фикрлари бир саҳифага жамланди.

«Бири президент, бошқаси иқтисодчи бўлмоқчи». Саратон билан курашаётган митти қалб эгалари

15 февраль — Халқаро саратонга чалинган болалар куни муносабати билан «Газета.uz» мухбирлари Болалар миллий тиббиёт марказида бўлиб, саратондан даволанаётган болаларнинг ота-оналари билан суҳбатлашди. Улар ўз фарзандларида касаллик қандай белгилар билан намоён бўлгани ва ундан қай тарзда даволанаётганлари ҳақида сўзлаб берди.

Болаларда саратоннинг олдини олиш имкони борми? Ота-оналар уни бошқа касалликлардан қандай фарқлаши мумкин? Ўзбекистонда саратонга чалинган бемор болалар қандай даволанмоқда? Шу каби саволларга Болалар миллий тиббиёт марказидаги онкогематолог Камол Искандаров жавоб берди.

Мактаб дарсликлари: «илғор тажрибалар» изидан

Ўзбекистон мактабларида Миллий ўқув дастури ва унинг асосида яратилган дарсликларни жорий қилиш давом эттириладими ёки янги дарсликлар билан янги дастур қабул қилинадими? Таълим соҳаси эксперти, колумнист Комил Жалилов 2023 йилги Давлат дастури лойиҳасини таҳлил қилади.

16 февралнинг 16 лаҳзаси

1999 йилнинг 16 февраль куни юз берган кетма-кет беш портлаш Тошкентни ларзага келтирган эди. Терактлар юз берган жойлар ўтган 24 йил ичида қанчалик ўзгарган? «Газета.uz» портлашлар юз берган кунда олинган фото ва видеоматериалларни 2023 йил февралидаги манзаралар билан таққослади.

«2059 йилга бориб Ўзбекистонда ирмоқлар қисқариши ёки йўқолиб кетиши кутилмоқда» — қишлоқ хўжалиги мутахассиси Адриан Нил

Европа Иттифоқининг ASK дастури иқлим ўзгаришининг Ўзбекистон аграр секторига таъсирини таҳлил қилди. Лойиҳа раҳбари Адриан Нилнинг «Газета.uz»га айтишича, мамлакат қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига қарши мувофиқлашган миллий кураш йўқ. Шу боис соҳада қилинаётган ишлар натижаси сезиларли эмас.

Яқин, ўрта ва узоқ истиқболда бизни қандай глобал хавф-хатарлар кутмоқда?

Жаҳон иқтисодий форуми ҳисоботига кўра, яқин бир йилда энергия инқирози, яшаш харажатларининг ўсиши, озиқ-овқат тақчиллиги, узоқ ва ўрта истиқболда эса табиий офатлар, иқлим, ресурслар инқирози ҳамда улар келтириб чиқарадиган ижтимоий-иқтисодий таназзул ва беқарорлик жиддий хавф туғдириши мумкин.

Boeing сўнгги 747 самолётини йиғишни якунлади — афсонавий лайнер тарихи

Boeing компанияси сўнгги 747 самолётини йиғиб тугатди. Афсонавий «ўркачли» лайнер 1969 йилда пайдо бўлган ва оммавий авиация рамзига айланган эди. Ушбу мақолада бу турдаги ҳаво лайнерларнинг пайдо бўлиши ва у билан боғлиқ тарихий воқеалар эслаб ўтилади.

«Ҳис-туйғулар орқали кўриш». Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларга ким ва қандай таълим беради?

Тошкентдаги 77-сонли махсус мактабда кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар таҳсил олади. Ўқитувчилар, шу жумладан, худди шундай заиф кўрувчи муаллимлар, ўқувчиларга дунёни ҳис қилиш орқали «кўриш»ни ўргатади. Бунда уларга коррекцион фанлар ёрдам беради. Болаларни ҳис-туйғуларига ишониб яшашга ўргатишни ўзининг вазифаси қилиб олган инсонлар ҳақида ҳикоя.

Бағдод хотиралари: АҚШ босқинидан кейинги илк ойларда оддий ироқлик нималарни ҳис қилган?

АҚШ ҳарбийлари Ироққа бостириб кириб, Саддам Ҳусайн тузумини ағдарганига 2023 йил мартида 20 йил тўлади. Ироқлик журналистнинг хотирлашича, озодлик ҳавоси бир соатгина эсган, холос. Чунки «ҳеч қандай режа мазкур ноқонуний босқинни «озодликка олиб чиқиш»га айлантира олмасди».

Украинадаги уруш глобал иқтисодиётга қандай таъсир кўрсатди?

Украинадаги уруш инсоний йўқотишларга, гуманитар инқирознинг чуқурлашишига, озиқ-овқат ва энергия шокларига сабаб бўлди, глобал ўсишни секинлаштирди. Таҳририят Россия Украинага бостириб кирганига бир йил тўлиши муносабати билан урушнинг жаҳон иқтисодиётига таъсирини ўрганди.

Украина элчиси: «Ўзбекистоннинг қўллови биз учун жуда муҳим»

Украинанинг Тошкентдаги элчиси Николай Дорошенко Россия босқинига бир йил тўлиши арафасида «Газета.uz»га интервью берди. Элчи Украинадаги ҳозирги вазият, Ўзбекистон билан муносабатлар ҳолати, Украина томони ҳамкорлик истиқболларини қандай кўраётгани ва Ўзбекистон томонининг ёрдами ҳақида гапирди.

«Ҳозир энг қадрли нарса — инсон ҳаёти». Украинадаги ўзбекистонликлар ва украинлар уруш давридаги ҳаёт ҳақида

Бир йил аввал, 24 февралда Россия Украинага бостириб кирганди. Шу куни «Газета.uz» Украинадаги ватандошлар ва ушбу мамлакат фуқароларидан ўз шаҳарларида нималар бўлаётгани, расмийлар қандай чоралар кўраётгани ҳақида сўраганди. Бир йил ўтиб, биз улар билан яна боғланиб, нималар ўзгарганига қизиқдик.

«Муштум» ойлиги:

100 ёшга тўлган «Муштум»нинг карикатуралари

100 йил аввал — 1923 йил 18 февралида Қодирий асос солган «Муштум»нинг илк сони чиққан. Танқидий ҳажвиялар исталган нашрда чиқиши мумкин, аммо бу журнални ажратиб турувчи жиҳат — унинг ўткир карикатуралари эди. «Газета.uz» «Муштум»да чиққан ҳажв-суратлар тўпламини эътиборингизга ҳавола қилади.

«Муштум» медаллари: Иккиюзламачига, сафсатабозга, сансалорчига ва бошқаларга

100 ёшга тўлган «Муштум»нинг кўплаб адабий қаҳрамонлари, доимий рукнлари бор. ««Муштум» медаллари» — шундай рукнлардан бири. «Газета.uz» 1972 йилда журналнинг 15 та сони давомида эълон қилинган «медаллар»ни бир саҳифага жамлади. Бу «медаллар»га лойиқлар ҳали ҳам орамизда бўлиши мумкин.

Санъаткор

«Хизматчиси саводсизлик мактабида ўқиётган бири кишини тракторист „саводсиз!“ деса алам қилмайдими? — деди санъаткор ўзича бўғилиб, — „лабингдан бўлса олсам-е, шакар лаб“, деганим у кишига ёқмапти, „бўлса“ эмас, „бўса“ эмиш! Ўзи билмайди-ю, менга ўргатганига куяман

Йиғинди гаплар

«Дарҳақиқат, мамлакатда ислоҳотга муҳтож масалалар кўбдир. Масалан, катталарга ақл ва басират ислоҳоти, […] ёшларға ахлоқ ва кийим, хотинларга жабру зулм, домлаларға дин ва салла, […] ва ҳоказо ислоҳотларга ниҳоят даражада эҳтиёж кўбдир».

Бензин бозори

«Икки бармоқ 72-бензинни, олти бармоқ эса 66-бензинни англатаркан… Бу ер ҳар хил маркали машиналар билан тўлиб кетган… Бензинфурушлар ўз «говмушлари»ни соғиб сотаётгандек бемалол юришибди… Энг ёмони, давлатнинг минг-минг тонналаб ёқилғиси шу хил йўллар билан сув бўлиб кетяпти».

Бўёқли сувлар

«Тошкентдаги кўпгина ариқларда бир вақтлар балиқ ва турли жониворлар бўларди. Ҳозир кўпларида ҳатто қурбақанинг ҳам овози эшитилмай қолган. […] Хайриятки, оқар сувларнинг тиллари йўқ, акс ҳолда: Ҳўв, ноинсофлар! Оби ҳаётни ифлос қилиб кони зарарга айлантиргани уялмайсизларми?! — деб бонг урарди».

Куёв монологи

«Уйланишга сарф бўладиган пулнинг ҳисоби чиқди. Миқдорини айтмай, қўрқиб кетасиз. Фақат бир нарсани айтишим мумкин: ҳозир 25 даман. Совхозда механизаторман, маошим тузук. Тежамкорлик билан жамғарсам, пулни тўплаш учун яна 19 йил-у 9 ой керак экан […] Демак, 45 ёшимда никоҳ тўйимиз бўларкан».

Келажакка мактуб

«Орамизда битта-яримта шунақа, ёмон ярадек бемаъни одамлар ҳам бўлган […] Хуллас, сен туғилгунча ана шундай олтинчи бармоқдек ортиқча кишиларни орамизда қолдирмасликка сўз берамиз […] Биздан ва биз яшаётган даврнинг энг яхши кишиларидан улуғ жамиятнинг гражданларига салом айт