У ёки бу мамлакатга асоссиз равишда бостириб кираётган зўравон давлатлар ўз хатти-ҳаракатларига оқлов сифатида, хусусан, АҚШнинг 2003 йили Ироққа қилган ҳужумини мисол қилиб кўрсатади. Ироқлик халқаро журналист, таржимон ва фотограф Ғаиф Абдул Аҳад (Gaith Abdul-Ahad) 2023 йилнинг февраль ойида The Guardian нашри учун ёзган мақоласида, 20 йил аввалги воқеаларни хотирларкан, Ироқ демократияни олабўжи қилиб кўрсатувчи диктаторлар учун қандай қилиб қулай мисолга айланиб қолганини тушунтиришга ҳаракат қилади. «28 ёшимда АҚШ Бағдодга кириб келди. Америкалик ҳарбийлар халоскорлар қабилида таништирилди ва уларнинг раҳбари демократия ҳақида сўзлади. Саддам тузуми ва ҳайкалининг қулатилиши, бошбошдоқлик ва мазҳаблараро низоларга гувоҳ бўлдим», деб бошлайди у ўз хотираларини. «Газета.uz» Абдул Аҳаднинг мақоласини ўзбек тилига ўгирди.

2003 йилнинг 9 апрелида Бағдоддаги уйимнинг томида мусаффо осмонга термулиб ўтиргандим. Шаҳар сокин эди. Америкаликлар айни шу куннинг тонгида портлатиш, бомба ташлашни тўхтатганди. Узоқда уйлар томон пастлаб учаётган вертолётга кўзим тушди. Бизникилар фойдаланадиган ўнгу чапига ирғишлаб, калла уриштирадиган улкан қўчқорларга ўхшаш рус вертолётларидан фарқли бу галги «меҳмон» ўта чаққон, мисоли баджаҳл қовоқарига ўхшарди.

Мамлакатни 35 йил бошқарган Саддам Ҳусайн ҳокимияти ҳеч қандай из, нишонасиз бир кечада йўқ қилинди. Қўрқув ва босим шаҳри бўлмиш Бағдод атиги бир соатгагина — диктаторнинг кетиши ва мустамлакачининг келиши орасида — озод бўлди.

Уруш йилларидан аввал зўр-базўр битта ётоқ каравот ва сандиқ сиғадиган чорсидек хонада яшардим. Бир бурчакда газ плитаси, чаноқ (раковина) ва ҳожатхона жойлашганди. Сал безак бўлсин деб бир тарафдаги деворни сарғиш қизил рангга бўягандим, қайноқ Бағдод қуёшини ланғиллатиб, хонамгаям тарқатиб бергандек бўлди. Эски кондиционер аллақачон куйиб бузилган, тузатай десам ёнимда сариқ чақа йўқ эди. 2002 йилнинг ёзида хона деворлари гўё устимга бостириб келаётган, тўрт тарафдан қисаётгандек туюларди. Олти ойдан бери ижара ҳақини ҳам тўламагандим. Хусусий идорада меъмор эдим. Лекин бир неча ой учун 50 доллар ҳақ олардим, холос. Санкциялар эълон қилинган йиллари хунукдан хунук қурилган уйлари учун ҳақ тўлашга қодир дидсиз кимсаларга хизмат кўрсатиб, кўнгил тортмаган ишларни бажарардим. Мамлакатдан чиқиб кетгим, саёҳат қилиб, турфа шаҳар кўчаларини кезгим келар, бироқ дезертир эдим ва ҳужжатларим йўқлиги учун паспорт ололмасдим.

Режимнинг хавфсизлик хизмати бўлмиш Муҳобаратнинг зулмига йўлиқмадим, оила аъзоларимдан бирортаси оммавий қабрга кўмилмади, бироқ бошқа ватандошларимдек на умидим ва на мақсадларим қолганди. Раҳнамойимиз кунларнинг бирида тўсатдан касал бўлиб қолса-чи, ўлиб-нетиб қолса, ҳаётимиз қай томон ўзгаради, кейин унинг ўғилларидан бири бизни бошқарадими, аҳволимиз ҳозиргидан яхшироқ бўлармикан ёки ёмон қабилидаги саволлар жавоби қизиқтирарди. Бостириб кирмасларидан аввалги йиллари ҳаётим секин-аста дўзахдек қайноқ ва зулмкор масканга сузиб бораётганини сездим. Мана, энди 28 ёшимда бошқача ҳаётим бўлиши мумкиндек туюляпти.

Қўшним эшигимни тақиллатиб келганида томдан хонамга тушиб янгиликларни эшитаётгандим. «Америкаликлар шу ерда», деди у шодлигини яширмай.

— Ҳа, Ҳиллага етиб келишганини радиодан эшитгандим, — дедим Бағдоддан 60 мил узоқликда жойлашган шаҳарни назарда тутиб.

— Ҳилла дейсанми? — деди қўшним кулимсираб. — Улар шу ерда, кўчада.

Кўчага чиқиб қарасам, уйим яқинида бир неча қайиқсимон зирҳли амфибия машиналари пайдо бўлган, гўё бинолар ортида Нормандия қирғоқлари турарди. Уларда чанг-чунг ўтирган аскарларнинг катта йўлхалталари билан тўла эди. «Қайиқ»ларнинг биридан мен аввал ҳам телевизорда, кўчамда, шаҳримда кўрганимга ўхшаш америкалик аскарлар тушиб келди.

Аскарлар кўча бўйлаб тарқалди, тиззалаб чўккалагач, қўлидаги қуролини бизга қарата ўқталди, бир ҳовуч оломон эса уларни кузатарди. Аскарлар ортидан кўк нимча ва каттадан катта камераларини кўтариб бир қанча эркаклар келди. Бошидаги ҳимоя дубулғасига «ТВ» сўзи ўйиб ёзилганди.

Атрофдаги иморатларда қурол-аслаҳасини ўқталаётган аскарларни кузатганча йўл четида ўтиравердим. Дароз, кийими кўк, калбош кимса қўрқа-писа, қўлидаги катта кўзли иккита камерасини кўтариб биз тарафга яқинлашар, мисоли ваҳший ҳайвонларни чўчитишни истамай, бироқ ҳайвонларнинг кутилмаганда унга ҳужум қилиш-қилмаслигига ишончи комил бўлмаган ёввойи табиат сураткашидек ҳаракат қиларди. Рўпарамда тиззалаб ўтирди-да, узун оқ объективини менга тўғрилашга тутинди. Жин урсин, ҳайдаб солдим уни. Янгиликларнинг бир матоҳига айланишни, мағлуб бўлган миллат юзи бўлишни истамасдим. Аскарлар зирҳли машинасига тирмашиб, ортга қайта бошлади ва миллий театр, Саъдун кўчаси бўйлаб ҳаракатлана бошлади. Уларга кичик оломон билан болалар эргашди.

Зирҳли машиналар суруви ва оломон секин-аста олдинга силжиркан, Ватикан элчихонаси олдидан ўтаётиб, белига бинафшаранг камар боғлаган қоп-қора ридодаги папа дипломати шаҳарга кириб бораётган армияни зимдан кузатиб турарди. У бошини афсусланганнамо чайқар ва унга қулоқ солишга ҳоли бор ҳар кимсага бу ноқонуний, ўта ёмон босқин эканини минғирлаб уқтирарди. Кўчанинг нариги бетидаги дўкон остонасида турган тўлачадан келган, ўрта ёшли ироқлик дўкондор ташрифчиларни бўралатиб сўкар, бироқ америкаликлар ортидан эргашаётганларнинг кўпи ҳаяжондан энтикарди. Кўҳна ва чириган тузум қулаганди. Қуролланган бўлинма аксар халқаро оммавий ахборот воситалари уя қурган Meridian ва Sheraton меҳмонхоналари қаршисига келиб тўхтади. Меҳмонхоналар рўпарасида Саддамнинг улкан ҳайкали бор эди. Ҳайкалнинг ўнг қўли осмонга қарата чўзилган, гўё узоқ давом этган базм-жамшид тугаганига қарамай, чақирилмаган меҳмон ҳамон қаққайиб тургандек пастдаги оломонннинг масхара ва нафратини қўзитарди.

Бир неча ироқлик биродар ва журналистлар оломони ичидан серғайрат, ҳаяжондан бўғриққан кимсаларнинг ҳайкални темир таёқ, болғалар билан ура бошлагани ва фақат мармар қопламали асосни арчалай олишганини кузатиб турардим. Бу анчага чўзилгани учун журналистлар зерикиб кетди. Шу пайт ортида катта крани бор зирҳли машиналардан бири майдон тўғрисига йўл солди. Денгиз пиёда аскари ҳайкал тепасига сакраб чиқди-да, қалин арқонни Саддам ҳайкали бўйнига айлантириб ташлади-да, кейин Америка байроғини ёнидан чиқарди. «Йўқ, йўқ, бундай қилолмайсиз», пичирладим мен, «озодлик шарпаси ҳеч йўғи бир кунгина давом этишига изн беринг». Аммо ундай бўлмади. Тарихда ўтган жамики такаббур босқинчи аскарлардек, у ҳам мағлуб диктатор юзини озод миллат байроғи билан ёпиб қўйди. Бу ҳолат узоқ давом этмади, аммо шунинг ўзи ҳам йиғилган кўпчилик кўз ўнгида босқин тақдирини ҳал этиш учун етарлича узоқ эди.

Лекин кейинчалик нега у Америка байроғини тик кўтармади? Эҳтимол, урушни оқламоқчи бўлиб ўз чиқишларида ҳурлик ва демократия ҳақида оғир кўпиртирадиган етакчилар ва йўлбошловчилар олдида айнан шу денгиз пиёда аскарининг хатти-ҳаракатлари самимийроқдир; у бу урушни АҚШ ва Ироқ ўртасидаги ва унинг ватандошлари ғалаба эришган низо сифатида тушунган эди. У байроқни ўрнатишга ҳақли эди.

Бағдоднинг Фирдавс майдонидаги Саддам Ҳусайн ҳайкали АҚШ денгиз пиёда кучлари томонидан йиқитилмоқда. 2003 йилнинг апрели. Фото: Trinity Mirror / Mirrorpix / Alamy.Бағдоднинг Фирдавс майдонидаги Саддам Ҳусайн ҳайкали АҚШ денгиз пиёда кучлари томонидан йиқитилмоқда. 2003 йилнинг апрели. Фото: Trinity Mirror / Mirrorpix / Alamy.

Зирҳли машина ҳайкални ўзига томон торта бошлаганди, ҳеч қандай ўзгариш сезилмади, лекин кейин ҳайкалнинг оёғи сал кўтарилди. Майдонни гумбурлаган овоз қоплаб олди. Йўлбошловчи Саддамнинг ўзидек, ҳайкали ҳам ичидан ғовак бўлиб, қуруқ металл тиргаги бор экан, холос. Ўнлаб, балки бунданам кўп киши ҳайкал устига сакраб чиқди, қўлларидаги занжир ва туфлилар билан тепкилаб, ура кетди. Ушбу рамзий манзара Ироқ ҳақидаги ҳар бир хабар, репортажда қайта ва қайта кўрсатилаверди: ҳайкални тепкилаётганлар бутун бошли миллатдек, уларнинг тантанаси адолат қарор топганидек, уларнинг тентакона қилиғига эргашиш мумкиндек талқин этилди. Ҳайкалнинг боши узиб олиниб, кўчалар бўйлаб олиб юрилганида кўпчилик унга тупуриб, тинмай қарғарди.

Майдонда турган дўстимга йўлиқдим. Бинолар атрофида тентираб, энди нима бўлишини ўзимизча тасаввур қилардик: умидлар, келажак ва ташвишлар. Майдондан 50 метрча нарида жойлашган, америкаликлар қўним топган ЮНИСЕФ биноси талон-торож қилинаётганди.

Сув хўжалиги ва тўғонлар бошқаруви бошқармасидан гилам қучоқлаб чиқаётган кекса онахон олдимиздан чиқди. «Бу менинг ҳақим, Саддам мендан ўғирлаб олган пулга олинган», — деди у. Гилам жудаям эски ва титилган, ҳеч вақога ярамасди. Аммо у буни режимнинг бир парчаси, Саддам зулми ва ҳукмронлигининг бўлаги, деб ўйлагандирки, унинг неча ўн йиллик азоб-изтиробларига малҳам бўлгувчи сеҳрли буюм дея даъво қилишига асос бўлгандир.

Эртаси куни уйим гаражининг эски-тускига тўлиб-тошгани устидан чиқдим. Тескари ағдарилган стол-стул, ишдан чиққан кондиционер, компьютер бўлаклари, бир-бирининг устига мингаштирилган мониторлар — ҳаммаси яқин атфродаги «Баъс» партияси газетаси идораларидан талон-торож қилинганди. Қўшним билан икки ўғли қўлга киритилган ўлжаларни мамнуният-ла кўздан кечиришарди. Қўлида яна бир компьютер жамланмасини кўтариб эшикбон кириб келди.

Президент қароргоҳи томон юргим келди. Раҳнамойимиз яшаган маконни кўришни хоҳлардим. У юрган йўлаклар, ҳаммаслаклари билан маслаҳатлашган, минглаб инсонлар тақдирини ҳал этган буйруқлари жаранг сочган хоналар девори мени унга янаям яқинлаштирармикан, унинг аслида кимлигини тушунишимга, бизнинг ҳаётимиз ва ўзи ёзиб берган тарихимизни тузукроқ англашга кўмаклашармикан дея тусмоллардим ўзимча. Ёки бу муқаддас ҳокимиятнинг муқаддас масканини таҳқирлаш, талон-торожга зўр бераётган ватандошларимнинг қилиғини такрорлашга ўхшаб қолармикан…

Ҳали барвақт эди, кўчалар деярли бўм-бўш. Бир кеча аввал шип-шийдам қилинган бинолар деразаларидан қоп-қора тутун кўкка ўрларди. Қаршимдан тиканли мис билан ўралган Америка назорат пункти чиқди. Уларга қаерга кетаётганимни тушунтириб, Британия журналисти эканимни, Ироқ полицияси ҳужжатларимни олиб қўйганини айтдим.

Орқамдаги рюкзагим ва Би-би-си халқаро хизматига хос талаффузим иш берди. Жимҳурия кўпригига етиб, Дажлани кесиб ўтдим. Президент қароргоҳи мажмуасига кираверишда зирҳли машиналар орасидан ўтдим. Улов устида толиққан, қўлида қурол ушлаган аскардан ичкарига киришга рухсат сўрагандим, қўлини силтади.

АҚШ ҳарбийлари 2003 йил апрелида Бағдод ташқарисида назорат тадбирини ўтказмоқда. Фото: DPA Picture Alliance / Alamy.АҚШ ҳарбийлари 2003 йил апрелида Бағдод ташқарисида назорат тадбирини ўтказмоқда. Фото: DPA Picture Alliance / Alamy.

Баланд аркали дарвозадан ўтиб, жуда яхши асфальтланган, қаторасига дарахт ва атиргул буталари экилган топ-тоза йўлдан пастга тушиб боравердим. Йўл ярмида бир четда шишиб, қорайиб кетган жасадга кўзим тушди. Шу вақтгача ўликни кўрмаганимга довдираб қолдим, лекин кейин яна юришда давом этдим.

Узоқдан президент қароргоҳи кўринди. Раҳнамонинг тўртта улкан биринж бюстлари қароргоҳнинг тўрт тарафини безаб турарди. Қуддусдаги Қоя гумбазига монанд дубулға кийган мўйловли бош юқорида ўта сокин ва улуғвор кўринар, саройини эгаллаб олган сурбет аскарларга парво қилмай олисдаги уфққа тикилиб турарди.

Ичкарида ёш америкалик офицер мени бепоён, ёғоч шифти беҳад чиройли бўлган меҳмонхона, энди эса ўнлаб сим каравотлар ёнма-ён тахланган ва ётоқхонага айлантирилган жой билан таништирди. Мен эса режимнинг яна бир рамзи бўлмиш махсус хизмат штаб-квартирасига томон боргим келарди.

Бироқ америкаликлар у ерда ҳамон жанг кетаётганинини айтишганди, ортимга, дарвоза томон қайтдим ва Тhe Guardian’да ишлайдиган британиялик журналист Жеймс Мик билан атрофни айланиб кетавердим. У мени ўзига таржимон қилиб олди.

2003 йили Бағдодда тартибсизлик ҳукм сурди. Ҳар қандай ишга рухсат берилган ва ҳаммасининг имкони яратилганди. Пиво ва вискилар пиёдалар ўтиш йўлагида ёки шундоқ тўхтаб турган уловлар орқасига терилиб сотиларди. Америка танклари билан ҳимояланган Нефть вазирлигидан бошқа қолган барча ҳукумат идоралари ва вазирликларни оломон аямай талон-торож қилди. Ўмарувчилар фабрикаларни бузиб кириб, эшикларини қўпоришди, электр симларини деворлардан суғуриб олиб, қўлга киритилганларнинг ҳаммасини металлоломга пуллашди. Ҳарбий лагер ва омборлардан таланган қурол-яроқ, ўқ-дорилар очиқ бозорда сотилди. Ойу йиллар ўтгани сайин айни шу захирадаги ва сотилган қуроллар Ироқ ва Сурияда фуқаролар урушига мой сепаверди, контрабанда йўллари билан келтирилганлари эса Яман ва Сомалида узоқ вақтлардан бери давом этиб келаётган урушларни «озиқлантираверди».

Америка ҳужумларидан ҳимоя тариқасида ҳарбий базалар ташқарисидаги чўлларга беркитилган совет қирувчи самолётлари қирғоқ қумлоғига ботган кит скелети каби ярмигача қумга кўмилиб кетганди. Буларнинг ҳам металл юзаси, қуроли шип-шийдам қилиб ечиб кетилганди. Бироқ Ироқ музейини ўмариш, зарар етказиш ва талашдек оғир мусибат бўлмаса керак. Қарийб 15 минг экспонат ўғирланди, айримлари бутунлай гумдон бўлди. Қуролланган тўдалар шаҳар кўчалари бўйлаб изғиб, талашга яроқли биноларни излар, кўнгилга ёққулик буюм учрамаса, шартта ўт қўйиб кетарди. Миллий кутубхона, телевидение ва радио архивларининг кунлаб ёнгани бунга мисол. Бағдод марказидаги миллий маъмурият биносидан ўрлаётган тутунни кўрдим: марказ архиви ва қайдномалари ёнарди. Ҳа, ҳаммасини йўқ қилинглар, деб ўйлардим ўзимча ўтакетган соддалик билан. Миллатлар ишлари бўйича бошқарманинг бизга нима кераги бор? Саддам ўз манфаати йўлида халқни манипуляция қилмадими? Минглаб инсонларни қувғин қилиб, миллионлаб кимсанинг яшаш истагини бўғиб-ўлдирмадими? Бутун бошли давлатимиз унинг истак-хоҳишлари асосига бино этилмаганмиди? Унда нега барини бузиб-янчиб, қирғинбаротдан қўрқув ё тазйиқи йўқ, ҳамма эркин ва тенг, фаровон яшайдиган янги мамлакат қурмаслик керак?

Муаллифнинг ўзи чизган суратМуаллифнинг ўзи чизган сурат

«Буюк раҳнамо» ҳаётимизга эга чиққанди ва бутун миллатни бир неча ўн йиллаб ўз қолип-андозасига солиб бошқарганди. Шу боис унинг ҳайкали қулатилганида одамлар йиллар бўйи йиғилган зулм учун интиқом олишни исташар, улар нафақат унинг қудрати рамзи, қароргоҳи, шаҳар бўйлаб ўрнатилган бошқа ҳайкаллари, муралларини бузишар, яна давлат рамзига айланган ҳар нарсага ғазаб-нафратларини сочишарди. Чунки йўлбошловчининг ўзи айтганидек, давлат — бу Саддам, Саддам эса — давлат эди. Ҳатто ватанпарварлик, бирдамлик, фуқаролик каби сўзларнинг оҳори тўкилди. Негаки бу жумлалар унинг қонун-қоидасига чамбарчас боғланган эди. Айни шу вайронкор муҳитда аксар ироқлик ва хорижликлар Ироқ давлати концепциясини бутунлай парчалаб ташлашга тайёр эди.

Қашшоқлар хароба, гавжум маҳаллаларидан чиқиб, ҳарбий лагерлар ўрнида ва ҳукумат ерларида иморат сола бошлади. Мағзавали ариқлар ва ахлат уюмларига тўла ушбу янги, бетондан қурилган бир қаватли харобалар Саддамнинг АҚШга қарши сўнгги жанги номи билан Ҳавасим деб аталди (урушдан кейин бемисл бойликларга эга чиққан одамлар ҳам шундай аталадиган бўлди).

Режим ва унинг гумашталари содир этган бор даҳшат-террорни очиқлашнинг айни фурсати — мудҳиш онлар етганди. Қамоқхоналар яқинидан оммавий қабрлар топилди, 1991 йилдаги қўзғолондан кейин ўлдирилган кишилар жасади овлоқ йўл четларидан чиқди.

Булдозерлар сарғиш кулранг тупроқ уюмлари остидан жасад қолдиқларини қазиб олишди. Қора либосга бурканган аёллар қуруқ, иссиқ ва чангли шамол чойшабини кўтарган пластик қутилардаги суяк қолдиқлари, бош чаноқларини кўриб, уввос тортиб, юзларини тимдалашарди. Айримлар йўқолган яқинини жасад чўнтагидан чиққан сурат, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлардан танишар, бошқалар эса дуч келган суякни шоша-пиша йиғиштириб, дафн этишга югурар, ниҳоят, йўқотган болаларининг энди қабри бўлиб, аза тута олишарди. Уйларида бўлса режим сабаб узоқ вақтдан бери бор-йўқлиги номаълум ёки ўлдирилган яқинларининг сурати осиғлиқ турарди. Энди улар бир неча ҳафта олдин суратини ҳам яширишга мажбур бўлган одамларини бошқаларга фахр-ла кўрсатишарди. Бошқа бир хонадонларда яқин-яқингача Раҳнамо сурати осиғлиқ чангли деворларда оппоқ тўртбурчаклар пайдо бўлди.

Раҳнамо ёзган тарих ойдинлашаётганди, омма ёлғонлар тўғриланишини талаб этарди. Улар компенсация тўланиши, зулм барҳам топиши, ўн йиллик қамоққа ноҳақ ҳукм этилганлар оқланишини хоҳларди. Оммавий қабрлар эксгумация қилинаркан, тузумнинг монолит кучи остида ўн йиллар давомида кўмилган маҳаллий курашлар, норозиликлар юзага қалқиб чиқаверди. 2003 йил апрелининг охирида минглаб кишиларнинг Карбало томон кетаётганига гувоҳ бўлдим. Уларнинг оёғи тагидан қуюқ чанг булути кўтариларди. Улар ўн икки аср аввал имом Ҳусайн ўлдирилган Ашуро кунидан 40 кун ўтиб Арбаинни нишонлашарди. Бу анъанавий қайғу ва изтироб куни эди — одамлар кўксига уриб-уриб, фарёд урарди — аммо не тонгки, шу куни бахт-қувонч лаҳзалари келганди. Негаки раҳнамо томонидан неча замонлардан бери диний ва маданий ўзликлари куч билан бостирилган шиалар илк бора ўзларини эмин-эркин кўрсатишарди. Тузум қулатилишидан атиги бир неча ҳафта олдин — уруш бошланмасидан Бағдоддаги энг катта шиалар зиёратгоҳи Козимияга зум кириб, тезда ортига қайтган кишиларни кузатиб ўтирганим Ашуро кунидан мутлақо фарқ қиларди бу манзара.
Америкалик аскарлар Бағдоднинг Фирдавс майдонидаги Саддам Ҳусайн ҳайкалини қулатишга тайёргарлик кўрмоқда. 2003 йилнинг апрели. Фото: Science History Images / Alamy.Америкалик аскарлар Бағдоднинг Фирдавс майдонидаги Саддам Ҳусайн ҳайкалини қулатишга тайёргарлик кўрмоқда. 2003 йилнинг апрели. Фото: Science History Images / Alamy.

2003 йилнинг майида Бағдод шарқидаги гавжум ҳам камбағал бир даҳада кекса отахонга дуч келдим. У бўм-бўш қалай қутида мамнун жилмайиб ўтирарди. Мана бу барча самолёту танкларни олиб келган америкаликлар атиги бир неча ҳафтада ҳаммасини дўндириб тўғрилашади, дерди у.

У америкаликлар унинг маҳалласига ҳам электр келтириши ва бу жойлар ҳам жаннатга айланашига умид боғларди. У тор-танқис, аллақачон ўзгартирилган, оёғи остидан оқаётган сассиқ оқава йўқотилиб, қашшоқлик барҳам топган, бетон қолдиқли уйлар тозаланиб, янгитдан бўялганини кўрган кимсадек сўзларди. Бироқ ҳафтаю ойлар ўтди, вазият эса ёмонлашаверди. Тузум қулашга қулади, ироқликларнинг жамоавий сармастлиги ҳам тезда барҳам топди, Бағдод аҳли сархушликдан умидсизликка, сўнг ғазабланишга ўтди.

Касалхоналарга иш тушса, кўришдики, ҳаммаси шир яланғоч қилиб ўмарилган. Мактаблар ҳамон ёнар ё келгиндилар бошпанасига айланганди. Жамиятни назорат қиладиган кимса қолмагани учун жамоатчилик хизматлари чувалашиб кетаверди. Нефть қудуқлари ва нефтни қайта ишлаш заводлари талон-торож пайти вайрон этилганига ёнилғи қуйиш шохобчаларида узундан узун навбатлар пайдо бўлди. Электр станциялари учун ёнилғи йўқлиги, электр узатиш миноралари, юқори вольтли кабеллар ечиб олингани ва мис парчаси сифатида қора бозорда сотилгани учун электр таъминоти ҳам ишдан чиққанди. Чироқ йўқлигидан сув насослари, сув тозалаш иншоотлари иши тўхтади, хомашё канализацияси қувурлари дарёга тўғриланди. Шифокорлар ва ҳамширалар ҳали талон-торож қилинмаган касалхона ва клиникаларни қурол кўтариб қўриқларди.

Бағдод жазирамасидан эсанкираган америкалик аскарлар бетартиблик ичида нима қилишга ҳайрон бўлиб туравердилар, неча ўн йиллик марказлашган самарали бюрократияга ўрганиб қолган ироқликлар эса америкаликларнинг мамлакатни шошқалоқлик ва ўзбошимчалик билан бошқараётганидан лол эди. Ҳамма ишлар йўл-йўлакай ҳал қилинарди. Гоҳи аскарлар талончиларни тўхтатишга уринарди, лекин кўпинча четда томошабин бўлиб турарди; баъзан улкан тирбандликни назорат қилишга тиришишардию, сўнг бесўнақай танкларини йўл ўртасига қаққайтириб, вазиятни янаям чигаллаштиришарди. Янги мустамлакачи хўжайинлари босқиндан кейин бўладиган ишларга бирор тайёргарлик кўрмаганига ироқликларнинг ишонгиси келмасди. Америка олиб келган фаровонлик ҳақидаги афсона босқин ҳақиқати билан тўқнашгач, тартибсизлик ва бошбошдоқлик, вайронагарчилик бошланди. Ўтган йиллар давомида бостирилган қаҳр-ғазаб бирдан отилиб чиқди.

Меъморчиликни йиғиштирдим. Аввалига таржимон ва мусаҳҳиҳ, кейин янгиликлар бўлими ёрдамчиси бўлдим — шарафли таржимон ва мусаҳҳиҳ — антиқа ҳаёт тарзга эга эдим. Йиллар бўйи бир меҳмонхонадан бошқасига кўчар, Ироқнинг энию бўйи қолмай сайёҳат қилиб чиққандим. Аслида мен — Ироқни сира тарк этмаган ироқлик — мамлакатимни мисоли хорижлик журналистлардек илк марта кашф этаётгандим. Ягона устунлигим она тилида сўзлашим эди.

Кундалик топадиганим меъмор пайтим тўланган маошлар билан таққослаганда ер билан осмонча эди. Камера сотиб олиб, атрофимдаги тартибсизликларни суратга туширавердим. Аввал битта суратим, кейин бошқаси чоп этилаверди. 2004 йили телеграф агентлигига стрингер сифатида ёлландим.

Ўша йиллари the Guardian’да биринчи мақолам чоп этилди. Саддам ва мен Америка қамоқхонаси камерасида бир кечани қандай ўтказганимиз ҳақида ёзгандим. Раҳнамо ўша куни барвақтроқ олиб келинганди. Таржимонлик қилаётган америкалик журналистим Раҳнамонинг она шаҳрини у қўлга олинган куни кўрсатиш мантиқсизлик деб ўйлагани учун ўзим кўнгилли сифатида бориб, атрофдагиларнинг қисқа-қисқа фикрини жамлайвердим. Ўша тунда ортга қайтаётиб, Бағдод шимолидаги назорат пунктида тўхтадик. Америкалик офицер ҳайдовчи иккимиздан шубҳалангандек бўлди (соқол ўстиргандим). Бир соат ўтиб кўзларимиз боғлоқлиқ ҳолда Америка ҳарбий базасига олиб кетишди ва камерага қамашди. Оёқ остидаги совуқ бетон полга узала тушиб ухладик ва эртаси куни ташқарига олиб чиққанларида, кўрганларимдан аччиқ-аччиқ кулдим: бизни ҳозирда америкаликлар ишлатаётган Ироқнинг эски ҳарбий базасига қамашган экан. Қарангки, Ироқ ҳарбий хизмати ходимларининг қўлга туширишларидан қочиб, йилларини ғурур-ла ўтказган одам ниҳоят «америкалик халоскорлар» томонидан Ироқ ҳарбий қамоқхонасига тиқилганди.

Орадан анча вақт ўтиб Ироқдаги уруш узоқни кўра билмайдиган АҚШ неоконсерваторларининг бир қутбли дунёда Американинг қудратини кўрсатиб қўйиш мақсадида уюштирилганини айтишди; улар «Ироқдаги тузумни ўзгартиролсак, нафақат Ироққа, балки бутун Яқин Шарққа демократия келтирган, уни АҚШга яқинлаштирган бўламиз», деб таъкидлаган. Улар Ироқнинг нефт бойлиги уни қайта тиклашга етиб ортади, деб ўйлаган. Айримлар ҳозир ҳам Эрон билан урушиш учун ҳамон шуни дов-дастак қилади.

2003 йилнинг майида БМТ Хавфсизлик кенгаши америкаликларга Яқин Шарқдаги «босқинчилик» сўзига хайрли маъноларни қўшиб «мустамлака ҳокимият мақоми»ни берди ва ноқонуний урушни қонуний тусда талқин этди. Бир неча ҳафта шу мавзу чайналгач, Вашингтондаги неоконсерваторлар ҳаммаслаги Пол Бремер бошчилигида Американинг янги маъмурий бошқармаси ташкил этилди. У тўлақонли ноиб ва мамлакат ҳукмдорига айланди, унга Британиянинг бир замонлар Ҳиндистондаги мулкларини бошқарган вице-қиролиникини эслатувчи кенг қонуний ва ижроия ваколатлари берилганди. Муваққат коалицион маъмурият (МКМ) номини олган янги мустамлака ҳукумати таркиби хожалари хоҳлаган Ироқни яратишга мутаассиб даражада иштиёқманд ва содда ёшлар билан тўлдирилди. Улар мустамлакачилик кибр-ҳавоси, ирқий айирмачилик ва жиноят даражасидаги уқувсизликнинг энг ёмон қоришмасини ўзида намоён қилганди. Эҳтимол, аксари кейинчалик араблар ўлкасидаги қаҳрамонона курашлари ҳақида китоблар ҳам ёзган чиқар. МКМнинг баъзи расмийлари айрим вазирликларга раҳбар бўлди ва мавжуд маъмурий тизимларнинг оёғини осмондан қилиб ташлади. Бошқалари эса бутун бошли шаҳарлар ва ҳатто вилоятларни бошқаришга тайинланди.

Муаллифнинг ўзи чизган суратМуаллифнинг ўзи чизган сурат

Бағдоддаги президент қароргоҳи, собиқ ҳукумат бинолари ва унга ёндош кўчалар яшил ҳудудга, сохта маъмурият марказига айлантирилди. Даста-даста долларлар ҳеч бир назоратсиз қўлма-қўл улашилган ўша алғов-далғов кунларда америкаликларга йўл топа олиш янги давлатнинг асосига айланган коррупция моделини келтириб чиқарди. Ҳеч қачон қурилмаган лойиҳаларга шартномалар нархи оширилаверди, баъзи ҳолларда коррупция МКМнинг ичида эди. Бунинг ортидан кимлардир бойиди, коррупция эса тизимлаштирилди. Яшил ҳудуд дарвозаларидан ташқарида узун навбатлар пайдо бўлди: улар орасида нодавлат нотижорат ташкилот очиш учун Американинг самимий ёрдамига кўз тиккан оддий одамлар ҳам, тан олинишини ва молиявий қўлловга кўз тиккан қабила шайхларини ва ҳар қандай имкониятдан фойдаланиш пайидаги оппортунистлар ҳам бор эди.

Кейинги йилларда Ғарбнинг кўплаб ёзувчи ва журналистлари Бремернинг дастлабки икки жиддий хато қарори — Ироқ армияси ва барча хавфсизлик органларини тарқатиб юборилиши, шунингдек, «Баъс» партияси аъзоларининг давлат лавозимларида ишлаши тақиқланишини ҳамда бунинг оқибатида юз минглаб эркакларнинг ишсиз ва нафақасиз қолдирилиши — бутун мамлакатни қамраб олган исёнга сабаб бўлганини таъкидлади.

Ғарбнинг бу понтификаторлари Буш ва неоконсерваторларнинг аҳмоқлигидан зорланди. Уларнинг фикрича, агар «уйга вазифа» бажарилиб, Ироққа бостириб кирилганидан кейинги ҳаракатлар режаси тайёрланганида эди, ҳаммаси бутунлай бошқача бўларди. Аммо ҳақиқат шундаки, бу оккупация аввалбошдан муваффақиятсизликка маҳкум эди, негаки бир мамлакатни, унинг халқини бомбардимон қилиб, камситиб ва санкцияларга кўмиб, сўнг яна бомбардимон қилиб, охирида «дарҳол демократияга айланларинг» деб буйруқ бериб бўлмайди. Ҳеч қандай режа ушбу ноқонуний босқинни «озодликка олиб чиқиш»га айлантира олмасди.

Ёлғонга асосланган бу уруш нафақат Ироқни вайрон қилиб, бутун минтақани қамраб олган мазҳаблараро қуролли низони келтириб чиқарди, шу билан бирга Яқин Шарқдаги демократия умидларини ҳам буткул йўққа чиқарди. Алалхусус, демократия уқувсизлиги жиноят даражасидаги маъмуриятнинг навбатдаги қурбонига айланди. «Сизга демократия керакми? Мана, демократия деганлари Ироқни не кўйга солганини кўрмадингизми?» қабилидаги гап-сўзлар минтақадаги диктаторлар ва ҳукмдорларнинг севимли нақоратига айланди.