Декабрдан кузатилган қаттиқ совуқлар, январда унинг аномалияга айланиши газ таъминотида жиддий муаммолар келтириб чиқарди. Оқибатда ўтган қишларда ҳеч бўлмаса маълум соатларда ишлашига рухсат берилган газ-заправкалар фаолияти бу сафар энергетика инқирози, газ етишмовчилиги туфайли буткул тўхтатилди, бу эса бензинга бўлган талабнинг кескин ошишига сабаб бўлди. Авваллари йилда бир ё икки марта рўй берадиган нарх ўсиши арафасида кузатиладиган, сўнгги 5−6 йилда эса «аввалги замон»да қолиб кетгандек туюлган бензинга навбатлар бу йилги қиш мавсумида яна кун тартибига қайтди.

Бензин таъминотига масъул корхона ва ташкилотлар қиш бошида ёнилғи етишмовчилиги ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз эканини иддао қилаётганди. «Ўзбекнефтгаз»нинг сўнгги баёнотида эса автомобилларга бензин қуйиш шохобча (АЁҚШ)ларидаги узун навбатлар сунъий тақчиллик ва ортиб бораётган талабни қондириш учун ишлаб чиқариш қувватларининг етишмаслиги оқибатида юзага келаётганини маълум қилди.

Ҳукумат вазиятни ўнглаш учун Россиядан бензин импорт қилишга киришган. Бундан ташқари, кунлар илишни бошлаши билан газ-заправкалар фаолияти ҳам (хусусан, карнай-сурнай садолари остида) қайта тикланмоқда. Ҳайдовчиларнинг таъкидлашича, бунинг самараси 4−5 февралдан сезила бошлади — бензин-заправкалардаги «километрлик навбатлар» сийраклашган. «Газета.uz» мухбири айнан шу кунларда Тошкентдаги бир қатор АЁҚШларда бўлиб, навбатларни фотосуратларга муҳрлади.