ЮНЕСКОнинг 2011 йил октябрида ўтказилган Бош конференциясида 13 февраль Бутунжаҳон радио куни деб эълон қилинган — 1946 йилнинг худди шу кунида БМТ радиосига асос солинган эди. Бу байрам 2013 йилдан бери радиочилар куни сифатида бутун дунёда нишонлаб келинади. «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов мазкур сана муносабати билан Ўзбекистондаги радио эшиттиришлар тарихини ўрганди ва радио соҳаси бўйича тадқиқот олиб борган мутахассислар билан суҳбатлашди.

Биринчи радиостанция

«Ўзбекистон телерадиоси тараққиёт солномаси» номли китобда қайд этилишича, 1915 йили Тошкентда Марказий Осиёдаги биринчи кучли қабул қилувчи ва узатувчи радиостанция ишга туширилган.

Тошкент шаҳрининг ҳозирги Фарғона йўли кўчасида жойлашган 1-сон радиостанциянинг 1915 йилги ва бугунги кундаги кўриниши. Фотосурат «Ўзбекистон телерадиоси тараққиёт солномаси» китобидан олинди.Тошкент шаҳрининг ҳозирги Фарғона йўли кўчасида жойлашган 1-сон радиостанциянинг 1915 йилги ва бугунги кундаги кўриниши. Фотосурат «Ўзбекистон телерадиоси тараққиёт солномаси» китобидан олинди.

«Мазкур 1-сонли радиостанциянинг қурилиши 1911 йилда бошланиб, тўрт йилда битказилган. Ромбли-антенналар мажмуасини ўрнатиш учун баландлиги 90 метрдан бўлган 6 дона антенна миноралар комплекси Германиянинг „Siemens“ компанияси томонидан лойиҳалаштирилган ва қурилган. Радиостанция ҳозирги Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчаси 15-уй манзилида („Ўзбум“ яқинида) 60 гектар жойда бунёд этилган. Ундаги учқунли разряд улкан электромагнит билан таъминланган. Қувват базаси ҳар бири 160 кВт қувватга эга батареялар ва иккита дизель генераторидан иборат эди», — дейилади китобда.

Бу радиостанция ёрдамида биринчи радиограмма 1915 йили олинган бўлиб, у Москвадан Тошкентга поезд йўлга чиққани ҳақидаги хабар эди. Айнан шу иншоот Ўзбекистонда симли тармоқнинг яратилиш манбаига айланган. У кейинчалик ер усти радиоэшиттириш ва телекўрсатувлар билан таъминланган илк радиоалоқа иншооти бўлиб ҳисобланган.

Биринчи радио эшиттириш

1920 йили Самарқанд, Бухоро, Хива ва Фарғона шаҳарларида радиоалоқа воситалари ишга туширилган. 1925 йилда радиоэшиттиришларни ташкил этиш мақсадида тажриба-синовлар ўтказила бошланган. Соҳага тегишли муҳандислик иншоотлари ва икки радиоминорали узатувчи антенна қурилган.

«Радиостанцияда биринчи бўлиб ўрта тўлқин (526 метр)да ишлайдиган РА-12 русумли радиоэшиттириш узатгичи ўрнатилган. Бу станция Олой бозори ёнида қурилган. 1927 йил 11 февраль куни ушбу иншоотлар мажмуаси ишга туширилган ва бу кун Ўзбекистонда радиоэшиттиришлар эфирга чиққан сана сифатида тарих саҳифаларидан жой олган. Айнан шу куни Тошкент радиоэшиттириш радиостанциясининг тантанали очилиши маросими ўтказилган. Радиоэшиттириш сигналларини 30 дан зиёд радиокарнайлар ва бир неча юздан ортиқ хонадонлардаги радиоқабулқилгичлар орқали эшитиш мумкин эди», — дея баён қилинган «Ўзбекистон телерадиоси тараққиёт солномаси»да.

Радио ва телевидение равнақига катта ҳисса қўшган олим, журналист Б.Рихсиевнинг «Тўлқинлар қанотида» китобида келтирилган маълумотларга кўра, биринчи кунги радио эшиттиришнинг дастури (программаси) қуйидагича эди:

1. Табриклар (соат 06:00 дан):

а) ВКП (б) Марказий комитетнинг Ўрта Осиё бюроси ва Иқтисодий кенгаш номидан — 15 минут;

в) Ўрта Осиё ҳарбий округидан ўртоқ Кузьмин — 5 минут;

г) ВЛКСМ Марказий комитетнинг Ўрта Осиё бюросидан ўртоқ Сорокин — 5 минут;

д) Ўзбекистон ССР ҳуқумати номидан ўртоқ Мўминхўжаев — 10 минут;

е) Матбуот вакили ўртоқ Нодель — 5 минут;

ж) Илмий жамият вакили ўртоқ Шлегель — 5 минут;

з) Ўрта Осиё «Радио дўстлари жамияти» номидан ўртоқ Переяшкин — 5 мунут.

2. Концерт бўлими.

Шу тариқа радио тарихидаги биринчи кун эфир дастури ўз ниҳоясига етказилган.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистонда радионинг илк фаолиятидан бошлаб концерт дастурларига алоҳида ўрин ажратилган. Радионинг илк эфирлариданоқ Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов, Сафо Муғанний, домла Ҳалим Ибодов, Қори Ёқубов, Ҳожи Абдулазиз Расулов, Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Имомжон Икромов сингари машҳур ҳофизлар, уста созандалар радиоэшиттиришларда доимий иштирок этиб боришган.

Биринчи сухандон

Шуҳрат Ҳайитовнинг «Радио ва телевидение» китобида қайд этилишича, 1930−1934 йиллар оралиғида аввал Урганчда, сўнг Нукус шаҳарларида ҳам радиоузеллар ишга туширилган. Бу пайтга келиб радио жамият ҳаётидан шундай муҳим жой олиб улгура бошладики, барчанинг эътибори ва диққати бу мўъжизадан таралаётган эшиттиришларга қаратиларди.

«Радиожурналистика тарихига доир айрим манбаларда илк бор Абдуқодир исмли сухандон ўзбек тилида „Алло, диққат, алло, Тошкентдан гапирамиз!“ деган сўзлар билан эшиттириш бошлагани айтилади. Яна бошқа илмий материалларда келтирилишича, ўзбек радиосининг биринчи диктори Назирхон Камолов эканлиги қайд этилади. Хусусан, олим ва журналист Б.Рихсиевнинг ўша пайтда республика радиоэшиттириш ишларини ташкил этиш ташаббускорларидан бўлган Ҳожимурод Авазхўжаев ва Фотима Юнусхўжаева билан қилган суҳбатлари асосида радионинг биринчи диктори ким бўлганлиги ўзининг исботига эга бўлади. Б.Рихсиев 1965 йилда радионинг биринчи сухандонини ахтариб топишга ва унинг радио ҳақидаги хотираларини ёзиб олишга эришади», — дейилади китобда.

Назирхон Камоловнинг хотираларига кўра, у 1928 йили Ўрта Осиё Давлат университетининг мелиорация факультетида ўқиб юрган чоғлари ўша пайт Тошкент радиоэшиттириш станциясининг рус бўлими бошлиғи Сумбатовнинг таклифига биноан радиода дикторлик фаолиятини бошлаган ва шу тариқа радио фаолиятида биринчи диктор номига эга бўлган.

Радионинг жасорати

«Ўзбекистон телерадиоси тараққиёт солномаси»да келтирилган маълумотларга кўра, 1932 йил 1 декабрга келиб Ўзбекистонда радиоқурилмалар сони 1900 тага, жумладан, клуб ва чойхоналарда 176 та, колхозларда 583 та, давлат хўжаликлари ва машина-трактор станцияларида 15 та, мактабларда 15 тага етган. Шахсий қурилмалар сони 655 та эди. «Радио аста-секин маданиятнинг асосий элементларидан бирига айланди… 1940 йилнинг охирига келиб Ўзбекистонда радио қабул қилиш масканлари сони 72 мингтага етди», — дейилади китобда.

Радиоспектакльни ёзиб олиш жараёни. 1931 йил. Фото: Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архиви (суратдан фойдаланиш ҳуқуқи «Газета.uz» томонидан сотиб олинган).Радиоспектакльни ёзиб олиш жараёни. 1931 йил. Фото: Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архиви (суратдан фойдаланиш ҳуқуқи «Газета.uz» томонидан сотиб олинган).

1934 йилнинг охирида Ўзбекистон аҳолиси радио орқали 7,5 соатлик кундалик дастурларни тинглаш имконига эга эди. Радиоэшиттиришларнинг салкам 50 фоизини мусиқий дастурлар ташкил этса, 13,7 фоизи ахборотга, 6,6 фоизи таълимга, 4,4 фоизи адабий-драматик дастурларга, қолган 26 фоизи эса болаларга бағишланган дастурлар эди. Аммо 1941 йилга келиб, вазият бутунлай ўзгарган, эшиттиришлар дастури тубдан ўзгартирилиб, «радио фронт ортининг энг жанговор, ҳозиржавоб оммавий ахборот воситасига айланган эди».

Тарих фанлари доктори, профессор Санобар Шодмонова ва Қўқон давлат педагогика институти ўқитувчиси Машҳура Темированинг «Ўзбекистон радиосининг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага қўшган ҳиссаси» номли мақоласида таъкидланишича, уруш бошлангани ҳақидаги шумхабарни ҳам, уруш якунлангани ҳақидаги хушхабарни ҳам ўзбекистонликларга энг биринчи бўлиб радио етказган.

Фото: Шуҳрат Ҳайитовнинг «Радио ва телевидение» китобидан.Фото: Шуҳрат Ҳайитовнинг «Радио ва телевидение» китобидан.

«1941 йил 22 июнда „Сўнгги ахборот“ дастурида фронтдан олинган биринчи хабар ўқиб эшиттирилган. 1941 йил 3 июль куни эрта тонгда Москва вақти билан соат 08:00 да радио орқали халқ оммавий сафарбарликка чақирилган… Республика аҳолиси урушнинг якунланиши тўғрисидаги хабарни интиқ бўлиб кутишарди. Дастлаб бу хабарни ҳам халққа республика радиоси сухандони Ҳамид Ғуломов эълон қилди», — дейилади мақолада.

Радио халқнинг жанг майдонидаги воқеалардан муттасил хабардор қилиб турувчи энг тезкор алоқа воситаси эди. Урушнинг ўзбекистонлик илк қаҳрамонлари — Қўчқор Турдиев, Тўйчи Эрйигитов, Владимир Карпов, генерал Собир Раҳимовнинг жасоратлари ҳам дастлаб радио орқали эълон қилинган. «Фронтдан хатлар» ва «Фронтга хатлар» номли эшиттиришлари фронтдагилар ва фронт ортидагиларнинг мулоқот майдончасига айланган. «Сўнгги соатда» информацион дастурида эса юзлаб хабарлар ўқиб эшиттирилган.

Фото: Шуҳрат Ҳайитовнинг «Радио ва телевидение» китобидан.Фото: Шуҳрат Ҳайитовнинг «Радио ва телевидение» китобидан.

Айни вақтда, радио фақат уруш хроникаси билан чекланиб қолмаган — унинг хабар етказишдан бошқа, «халқнинг овунчоғига айланиб, умид бағишлаш» функцияси ҳам бор эди. «Ойбек, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Ғафур Ғулом, Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Уйғун сингари адабиёт вакиллари ўз асарларини радио орқали ўқиб борган. Тўхтасин Жалилов, Юнус Ражабий, Рисқи Ражабий, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Карим Мўминов, Берта Давидовалар кечқурун соат 21:00 дан 22:00 гача бўладиган концертга тайёргарлик кўрарди», — деб ёзади тадқиқотчилар.

Жонли трансляциялар, 16 тилда эфирга чиқувчи халқаро радио

Йиллар ўтиши билан, бир томондан, Ўзбекистонни тўлиқ радиолаштириш ҳаракати олиб борилган бўлса, бошқа томондан радиоэшиттиришлар маркази техник ва технологик жиҳатдан такомиллашишда давом этди. 1966 йилнинг кузида Ўзбекистон радиоси учун 12 та студия аппаратхона ва монтажхоналардан иборат беш қаватли бино қуриб битказилиб, ўша давр учун энг замонавий ҳисобланган техника билан таъминланган.

Фарғона вилоятидаги колхоз радиоузелларининг бирида. 1954 йил. Фото: Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архиви (суратдан фойдаланиш ҳуқуқи «Газета.uz» томонидан сотиб олинган).Фарғона вилоятидаги колхоз радиоузелларининг бирида. 1954 йил. Фото: Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архиви (суратдан фойдаланиш ҳуқуқи «Газета.uz» томонидан сотиб олинган).

Бироз вақт ўтиб, эски икки қаватли бино қайта тиклангач студиялар сони 17 тага етказилган. 1967 йилда Ўзбекистон радиосининг Республика радио эшиттириш ва овоз ёзиш уйи ташкил этилган. 1982 йилда қўшимча уч қаватли янги бино ишга туширилган. Бу бино йирик бадиий жамоларнинг драматик эшиттиришлари ва радиоспектаклларни ёзиб олишга мўлжалланган.

Ўз навбатида, турли янгиликлар татбиқ этилган. Масалан, 1960 йилда Ўзбекистон радиоси томонидан биринчи марта футболь репортажи стадиондан бевосита трансляция қилинган бўлса, 1962 йилда стереода овоз ёзиб олиш йўлга қўйилган.

Шуҳрат Ҳайитовнинг «Радио ва телевидение» китобида келтирилган маълумотларга кўра, урушдан кейинги даврда Ўзбекистон радиоси билан боғлиқ энг муҳим янгиликлардан бири — 1947 йил 1 сентябридан «Тошкентдан чет элларга радио эшиттиришлар» деб номланган Тошкент халқаро радиоканалининг ишга тушиши эди.

Дастлабки даврда кунига умумий ҳажми 45 дақиқадан иборат инглиз, форс ва уйғур тилларидаги (15 дақиқадан) эшиттиришларни қисқа тўлқинлар орқали эфирга узатиш йўлга қўйилган. Орадан бир йил ўтгач, эшиттиришлар ҳажми кунига бир соатга етказилган. 1957 йил 1 мартдан урду ва араб тилларида эшитиришлар ташкил этилган.

1962 йил октябрдан «Ватандош» муҳарририяти Ўзбекистондан йироқда яшовчи ўзбеклар учун ҳар куни уларнинг она тилида эшиттиришлар бера бошлаган. 1990 йилларга келиб Тошкент халқаро радиоси дунё халқларининг 16 тилида кунига 17,5 соат эшиттиришларини эфирга узатарди…


Радио яқин-яқингача газета-журналлар ва телевидение билан биргаликда анъанавий оммавий ахборот воситаларидан бири эди. Албатта, радио ҳали ҳам бу мақомини йўқотгани йўқ (худди газета ва телевидение йўқотмаганидек), бироқ ушбу учала ОАВ фазилатларини ўзида жамлаган интернет радионинг-да аҳамиятини бироз пасайтиргандек. Айни вақтда, онлайн сервисларда тобора оммалашиб бораётган подкастларни қайсидир маънода радио эшиттиришларнинг интернетдаги қайта туғилиши сифатида талқин қилиш мумкин.