Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — Лондон университети (UCL) битирувчиси, таълим бўйича эксперт Комил Жалилов.

Яқин орада ўқилган китоблардан тавсиялар

Мен учун китобни қандай шаклда мутолаа қилишнинг аҳамияти йўқ: қоғоз китоб, ридер, аудиокитоб. Масалан, эрталаб ишга кетаётганда ёки кечки пайт уйга қайтаётганда аудиокитоб йўлдаги вақтдан унумли фойдаланиш имконини беради. Таҳлил қилиб кўрсам, охирги пайтларда бадиий асарларнинг бир қисмини айнан аудиокитоб вариантида эшитган эканман. Соҳага оид, илмий асарларни эса кўпроқ ридерда ўқийман — менга керакли китобларнинг аксарияти бизда таржима қилинмаган ва нашр этилмаган.

Набижон Боқий. «Қатлнома». Тўлдирилган, иккинчи нашри. «Муҳаррир» нашриёти. 2020 йил. 396 саҳифа

китобхонлик, комил жалилов, нима ўқиймиз, тавсиялар, китоб, мутолаа

Қодирийни, Қодирийларни қандай қилиб, нима учун сотдик, отдик? Кўкрак кериб «Қодирий авлодларимиз» дейишга қанчалик ҳақлимиз? Келинг, тақриз бермай бу китобга. Ўқиганлар ўзлари учун хулосалар чиқарсин. Фақат бир нарсани айтишим мумкин: мен учун бу китоб, афсуски, фақат ўтмиш ҳақида эмас. Энди муаллифнинг Ҳамза ҳақидаги «Қизил тошбўрон» китобини ўқимоқчиман.

Гўзал Яхина. «Самарқандга эшелон». АCТ нашриёти. 2021 йил. 512 саҳифа

китобхонлик, комил жалилов, нима ўқиймиз, тавсиялар, китоб, мутолаа

Турли поездлардан ажратиб олинган вагонлардан иборат «гирлянда» эшелон. Очарчилик ҳукм сураётган Татаристон ва жаннатдай сероб туюлаётган Туркистон. Юмшоқкўнгил эшелон бошлиғи ва қаҳри қаттиқ, тутган жойидан кесадиган болалар комиссари. Машаққатли, олис йўл ва 500 нимжон бола. Булардан қанчаси афсонавий Самарқандга етиб оладию, қанчаси митти, номсиз қабрларга дафн қилинади? Оғир ўқиладиган, «давр руҳи» уфуриб турган асар.

Владимир Войнович. «Москва 2042». АСТ нашриёти. 2021 йил. 544 саҳифа

китобхонлик, комил жалилов, нима ўқиймиз, тавсиялар, китоб, мутолаа

Антиутопия (дистопия) жанри нималигини кўпчилигимиз биламиз, бу жанрдаги «1984» (Жорж Оруэлл), «Биз» (Евгений Замятин), «Фаренгейт бўйича 451 даража» (Рей Брэдбери) сингари асарларни ўқиганмиз. Войновичнинг «Москва 2042» асари эса сатирик антиутопия. Тасаввур қилинг: СССР тарқалиб кетмаган, пойтахт Москва эса — алоҳида, мамлакатнинг бошқа қисмларидан иҳота қилинган макон. Унда яшаш учун алоҳида рухсат керак. Унда доно Гениалиссимус бошчилигида «коммунизм» қурилган, тўкин-сочинлик. Лекин Москореп (Москва коммунистик республикаси)даги ҳаётнинг ичига чуқурроқ кириб борар экансиз, тўкин-сочинлик ҳам фақат «танланганлар» учун эканининг, ёлғон устига ёлғон қурилганининг гувоҳи бўласиз. Ёлғоннинг ёлғонлигини ҳамма билади, лекин… шуниси қулай. Асар сатирик оҳангда ёзилган бўлса-да, уни кулгили эмас, қайғули ва огоҳлантирувчи асар деган бўлардим.

Илья Ильф ва Евгений Петров. «Ўн икки стул». АCТ нашриёти. 2017 йил. 720 саҳифа

китобхонлик, комил жалилов, нима ўқиймиз, тавсиялар, китоб, мутолаа

Икки ҳамроҳ — собиқ дворян ва товламачи-рецидивистнинг 1917 йиллардаги талотумлар пайтида 12 стулдан бирига яширилган жавоҳирларни қидириши ҳақидаги бу асарни кўплар ўқиган, у асосидаги фильмларни кўрган бўлса керак. Асарнинг тўлиқ (цензура қилинмаган, қисқартирилмаган), изоҳлар билан чоп этилган нашрини ўқиганимдан кейин унга бошқачароқ қарай бошладим. Муаллифлар стул изидан турфа жойларга боришга мажбур бўлган ҳамроҳлар саргузаштларини тасвирлар экан, эски ва янги тузум ўртасида аросатда қолганларни ҳам, янги ҳокимият берган «имконият»лардан «унумли» фойдаланаётганларни ҳам, хуллас, ўша даврнинг турфа қиёфаларини чизади. Қизиғи, асарни ўқир экансиз, «СССРдай улкан, қудратли кўринган давлат аввал-бошданоқ инқирозга маҳкум эдими?» деган савол миянгизда чарх уради. «Ишчи ва деҳқонлар ҳокимияти» деб аталган тузумнинг иллатларини гоҳ очиқ, гоҳ «қоғозга ўраб» фош қилган асар нима учун тақиқланмаган, қайта-қайта нашр қилинган (қисқартирилган ҳолда бўлса ҳам) — ҳайрон қоламан.

Стивен Кинг. «11/22/63». АCТ нашриёти. 2013 йил. 800 саҳифа

китобхонлик, комил жалилов, нима ўқиймиз, тавсиялар, китоб, мутолаа

Тасаввур қилинг: ўтмишга қайтиб, тарихдаги битта воқеани ўзгартириш имкони берилса, қайси воқеани ўзгартирган бўлардингиз? Асар бош қаҳрамони — оддий ўқитувчи Эппингга шундай имконият берилади ва у 1963 йил 22 ноябрда содир бўлган воқеа — АҚШ президенти Кеннедига суиқасднинг олдини олишга қарор қилади. Унгача у бир неча марта ўтмишга қайтиб, ярим аср илгари содир бўлган бошқа воқеаларга аралашишига тўғри келади, кимларнингдир ҳаётидаги мудҳиш воқеаларнинг олдини олади, кимларгадир ёрдам беради. Сўнгра Ли Освалднинг изига тушади, унинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан ўрганади, охири мақсадига эришади — Кеннеди омон қолади. Лекин «капалак эффекти» деган тушунча бор — ўтмишдаги битта воқеанинг бошқача йўлдан кетиши келажакда кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Кеннеди тирик қолди, кейин-чи? Бу Эппинг ўйлаганчалик хайрли оқибатларга олиб келадими? Асарнинг яна бир мен учун қизиқ жиҳати: назаримда, инсон психологияси, унинг хатти-ҳаракатлари мотивлари яхши очиб берилган ва 1960 йиллардаги Америка манзаралари анча батафсил тасвирланган.

Ёшларга тавсиялар

Ёшларга ўз соҳалари бўйича илмий адабиётларни, мақолаларни кўпроқ ўқиб боришни тавсия қиламан. Соҳасининг етук мутахассиси бўлиш, касби ортидан яхши яшаш, ўзига, оиласига, жамиятга фойда келтириш учун кўп ўқиш, изланиш керак. Афсуски, бизда турли соҳалар бўйича сифатли илмий адабиётлар деярли йўқ ҳисоби — масалан, ўз соҳам (педагогика, педагогик психология, методика, баҳолаш) бўйича охирги йилларда нашр қилинган ва мен кўрган ўзбек тилидаги адабиётлар соҳа ривожидан, охирги тенденциялардан камида 30−40 йил ортда қолиб кетган. Шунинг учун хорижий тилларни билиш, адабиётларни аслиятда ўқий олиш учун жуда муҳим. Адабиётларни қаердан олишга келсак — ҳар ойга обуна ҳақи эвазига катта кутубхоналардан, китоблар омборидан фойдаланиш имкониятини берадиган халқаро сервислар бор, улардан фойдаланиш мумкин. Ҳар сафар китобларни алоҳида сотиб олишдан кўра, бундай сервислардан фойдаланиш арзонроқ тушиши мумкин.

Бадиий адабиётга келсак, қандай асарларни танлаб ўқиш шахсий дид билан, кишининг маълум пайтдаги эмоционал ҳолати, эҳтиёжлари билан боғлиқ бўлса керак. Ўзингизга ўзингиз қандай саволлар бераётганингиз, нималар излаётганингизга қараб танлайсиз. Баъзан эса олдинроқ ўқиган асарингизга қайтиб, унга бошқачароқ кўз билан қарайсиз, бошқачароқ саволлар қўя бошлайсиз. Масалан, ҳозирги кунларда мени ўйлантираётган нарсалардан келиб чиқиб, «Ўткан кунлар»ни ўқисам «Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кетаберса, ҳолимизнинг нима бўлишиға ақлим етмай қолди» дея куйинган зиёли нега ҳаётнинг маиший муаммолари билан ўралашиб қолди, Кумуш вафот этмаса икки хотин ўртасида шундай яшайверармиди, деган саволларни берсам керак.

Умумий тавсия сифатида шуни айтишим мумкин: имкон қадар турфа адабиётларни ўқинг. Фақат ўзимизнинг адабиёт билан, фақат маълум бир жанрлар билан чекланманг. Бадиий адабиёт турфа оламларга шўнғиш, турфа маданиятларни ҳис қилиш имконини беради — шундан унумли фойдаланинг. Қувонарлиси, ўзбек адабиётида янги номлар, янги услублар пайдо бўляпти, жаҳон адабиётининг сара асарлари ўзбек тилига таржима қилиняпти. Бироқ ҳали бу йўналишда қиладиган ишлар кўп. Масалан, қоғоз китоблар Ўзбекистон аҳолисига нисбатан олганда жуда кам нусхада чиқади. Йирик нашриётлар бирлашиб, ўзларининг янги нашрларини электрон ва аудио китоб шаклида қонуний сотиб олса бўладиган платформа яратишса — бу ҳам китобхонликни тарғиб қилиш учун яхши восита, ҳам китоб бизнесининг кенгайиши бўларди.

Хуллас, ёшлар ўқиши керак бўлган китоблар:

  • Абдулла Қодирий. «Ўткан кунлар»;
  • Абдулҳамид Чўлпон. «Кеча ва кундуз» — қайта-қайта ўқилиши керак бўлган асарлар. Афсуски, Қодирий, Чўлпонлар қўйган саволларга, кўтарган масалаларга жамият ўлароқ ҳали ҳам жавоб топа олганимиз йўқ;
  • Мурод Муҳаммад Дўст. «Лолазор» — баъзан ёнғин телевизор мурватини вақтида бурайдиган одам йўқлигидан ҳам келиб чиқиши мумкин. Қизиғи, шу асарни ўқиганимда, муаллиф «яширган» образлар, жойлар, воқеа-ҳодисалар менга жуда-жуда таниш, деган ўй мени тарк этмаган;
  • Назар Эшонқул. «Гўрўғли» — қўрқинчли, лекин долзарб асар. Фикрдан маҳрум қилинган жамият қандай бўлишини кўринг ва фикрланг;
  • Уильям Шекспир. «Макбет» — нега инсон баъзан юқорига чиққан сари тубанликка шўнғиб бораверади?;
  • Жонатан Свифт. «Гулливернинг саёҳатлари» — болалар учун соддалаштирилган вариантини эмас, тўлиқ 4 қисмдан иборат нашрини ўқишни тавсия қиламан. Бу асар шунчаки бир денгизнинг турли ғаройиб мамлакатларга саёҳати ҳақидаги эртак эмас;
  • Фёдор Достоевский. «Жиноят ва жазо» — ўзликни тафтиш қилиш, инсон қалбининг овлоқ, кўздан яширин қирралари ҳақида мушоҳада юритишга туртки беради;
  • Михаил Булгаков. «Уста ва Маргарита» — маълум бир тайёргарликни талаб қиладиган асар. Имкони бўлса, аслиятда ўқишни маслаҳат бераман;
  • Эрих Мария Ремарк. «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» — йўқотилган авлод иқрори. Урушнинг фақат жисмонан ўлдирмаслиги ёки мажруҳ қилмаслиги, балки бир неча авлодни келажакдан маҳрум қилиши ҳақида. Айниқса ҳозирги кунимизда жуда ҳам керак;
  • Жорж Оруэлл. «Ҳайвонлар фермаси» — ўзбек тилига «Ҳайвонлар хўжалиги ҳақида қисса» ва «Молхона» деб таржима қилинган. Ҳар биримизни ҳушёрликка чорловчи, долзарб асар;
  • Антуан де Сент-Экюзпери. «Кичкина шаҳзода» — ёлғизлик, дўстлик, садоқат, беғубор орзулар. Ҳеч қачон аҳамиятини йўқотмайдиган фалсафа.

Албатта, рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Инсоният тамаддунлари тарихида яратилган, шу кунларда ёзилган қанчадан-қанча ўқилиши шарт бўлган, ўқишга арзийдиган китоблар бор. Асосийси, мутолаа қилинг ва фикрланг. Мия фикрлаш учун, қалб ҳис қилиш учун берилган.