Ҳис-туйғулар орқали кўриш

Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларга ким ва қандай таълим беради?

Тошкентдаги 77-сонли махсус мактабда кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар таҳсил олади. Ўқитувчилар, шу жумладан, худди шундай заиф кўрувчи муаллимлар, ўқувчиларга дунёни ҳис қилиш орқали «кўриш»ни ўргатади. Бунда уларга коррекцион фанлар ёрдам беради. «Газета.uz» болаларни ҳис-туйғуларига ишониб яшашга ўргатишни ўзининг вазифаси қилиб олган инсонлар ҳақида ҳикоя қилади.
Тошкентдаги 77-сонли махсус мактабда кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар таҳсил олади. Ўқитувчилар, шу жумладан, худди шундай заиф кўрувчи муаллимлар, ўқувчиларга дунёни ҳис қилиш орқали «кўриш»ни ўргатади. Бунда уларга коррекцион фанлар ёрдам беради. «Газета.uz» болаларни ҳис-туйғуларига ишониб яшашга ўргатишни ўзининг вазифаси қилиб олган инсонлар ҳақида ҳикоя қилади.
77-сонли ихтисослаштирилган мактабнинг ўқув биноси ёруғлик ва бўёқлар билан тўлдирилган. Йўлак деворлари бўйлаб болалар томонидан чизилган расмлар ва ёғоч тутқичларни кўриш мумкин. Улар мактаб ўқувчиларига ҳаракатланишда кўмаклашиш учун ўрнатилган, аммо болалар уларга деярли муҳтож эмас, чунки улар бу майдон бўйлаб қандай қилиб эркин ҳаракат қилишни ўрганишаяпти ёки аллақачон буни уддасидан чиқиб бўлишган. Мактаб ўқувчилари мустақил равишда ёки бир-бирларининг тирсагидан ушлаган ҳолда синфларни топишади, зинапоя орқали кўтарилишади, мактаб ҳовлисига чиқишади.
Муассасада республиканинг турли ҳудудларидан келган 367 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ҳудудда ётоқхона мавжуд. Бу ерда вилоятлардан келганлар билан бир қаторда, ота-оналари ҳар куни олиб келиб, уйларига олиб кета олмайдиган пойтахтлик болалар ҳам яшайди. Дам олиш кунларида баъзи мактаб ўқувчилари уйларига кетишади, лекин кўпчилик ўз яқинларини фақат таътил пайтида кўради.

Мактабга етти ёшдан қабул қилинади, аммо олти ёшлилар учун тайёргарлик синфлари ҳам мавжуд. Ўқув бўлими бошлиғи Анора Қодирова бундай таълим муассасалари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида фаолият юритаётганини тушунтирди. Умумтаълим мактабларида бўлгани каби бу ерда ҳам болалар 11 йил давомида гуманитар фанларга эътибор қаратган ҳолда ўқийди. Мактабда рус ва ўзбек тилида синфлар мавжуд.

Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар ҳам дунёни «кўра олишади». Уларга 72 нафар ўқитувчи ва 56 нафар тарбиячи сабоқ бермоқда. Ўқитувчиларнинг ярми — ушбу махсус мактабнинг битирувчиларидир. «Газета.uz» мухбири улар дунёни ҳис қилишни қандай ўргатишлари ҳақида билиб олди.
Зулайҳо Хуснутдинова
«Мўлжал олиш» фани ўқитувчиси
Зулайҳо Хуснитдинова болаларга ҳаёт учун энг зарур бўлган кўникмани ўргатади. У жавонда турган силикондан ясалган советча кўча хариталари тўпламини олади. Хариталар шундай ясалганки, болалар уни ушлаб кўриб кўчаларнинг геометрияси, светофорларнинг жойлашиши, пиёдалар ўтиш жойлари, автомобилларни ҳис қила олишади. Уларсиз бола атроф-муҳит ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлолмас эди.

«Авваллари мен ўтадиган дарсни “ҳасса” деб аташарди, лекин бу нотўғри ном, чунки болалар ва катталар майдонда нафақат ҳасса ёрдамида, балки бутун вужуди билан мўлжални олишади», — деб тушунтиради у.

Совет давридан бери Тошкент кўчалари ўзгариб, улардаги вазият йилдан-йилга назоратсиз ва хавфлироқ бўлиб бормоқда. Шунга қарамай, хариталар кўзи ожиз ва заив кўрувчи ўқувчиларга нотаниш муҳитга тушиб қолишганда кўчаларни тасаввур қилишга ёрдам беради, дейди педагог. Унинг сўзларига кўра, ҳатто мактаб битирувчилари ҳам мўлжал олиш бўйича ёрдам сўрашади. Бирор нотаниш жойда бўлиб қолишса, улар ўқитувчига қўнғироқ қилишади.
«Болаларга боғчадан то тўққизинчи синфгача мўлжал олишни ўргатаман. Бошланғич мактабда биз микромуҳитда, масалан, кичкина хонада, иш столида танамиз билан ишлашни ўрганамиз. 3-4-синфларда биз синфхоналар, турар-жой бинолари ва мактаб ҳудудида ҳаракат қилишни ўрганамиз. Бу ёшда болалар ҳассадан фойдаланишни бошлашади. 6-7-синфларда эса мактабдан ташқарида кўчада ҳаракат қилишни ўрганамиз», — дея тушунтирди у.

Кўчага чиқишдан аввал болаларни қўрқув ва комплексларини енгишга ўргатиш муҳим, дейди Зулайҳо Хуснитдинова. Улар кўпчиликда мавжуд, шунинг учун ўқувчилар кўча макетлари билан машқ қилишади. Булардан ташқари, ўқитувчининг арсеналида меъморий ёдгорликларнинг миниатюравий моделлари мавжуд — улар болаларда гўзаллик туйғусини уйғотади.

«Лекин энг муҳими, болаларга бошқалардан ёрдам сўрашни ўргатиш, — дея сўзлаб берди Зулайҳо Хуснитдинова. — Бунинг учун сиз болага нотаниш одамлар билан қандай муносабатда бўлишни ва SOS-сигналини қандай қилиб тўғри беришни — олдинга қараб ҳассани вертикал ҳолда кўтаришни ўргатишингиз керак. Биз адашиб қолгандан кўра, ёрдам сўраган яхшироқ бўлишини тушунтирамиз».
Зулайҳо Хуснитдинованинг сўзларига кўра, ҳасса, — кўзи ожиз одамнинг рулидир.
Болаларга ҳассадан фойдаланишнинг сирпаниш, диагонал ва маятник усуллари ўргатилади. Диагонал усул таниш жойларда, сирпаниш ва маятник усуллари эса нотаниш жойларда қўлланилади. Ҳасса нафақат йўл кўрсатади, балки кўзи ожиз одамнинг дунёсида учрайдиган, ҳатто кичик бўлган тўсиқлар каби хавф-хатарлардан ҳам сақлайди. Ҳатто кичик бир тешик ҳам шикастланишга олиб келиши мумкин.
«Агар бола ариқ ёки чуқурни пайқаб қолса, олдинга қадам ташлашдан олдин унинг кенглиги ва эҳтимолий чуқурлигини аниқлашини маслаҳат берамиз. Агар тўсиқдан мустақил ўта олмаса, биз болаларга бошқалардан ёрдам сўрашни маслаҳат берамиз».
Ҳасса боланинг бўйига мос келиши керак, дейди Зулайҳо Хуснитдинова. Вертикал ҳолатда, у боланинг кўкрак қафасидан баланд бўлмаслиги керак.

«Ҳассанинг асосини ҳудди ёзаётганда қаламни тутаётгандагидек каби ушлаб олиш керак, – деб кўрсатади ўқитувчи. – “Рул” панжа ёрдамида бошқарилади».
Кўзи ожиз одам учун ҳидлар ва товушлар муҳим сигнал ҳисобланади. Янги ёпилган ноннинг хушбўй ҳиди яқин атрофда новвойхона борлигини англатади.

«Мактабимиз томонга бурилгандан кейин, Эрон элчихонасидан ўтгач, шамол қаттиқ эсади. Бу бизнинг мактаб яқин эканлиги ҳақида сигнал бериши мумкин».
реклама
реклама
Дилфуза Раҳманова
Кичик моторикани ривожлантириш бўйича ўқитувчиси
Кичик моторикани ривожлантириш хонаси кўплаб турли хил буюмлар билан жиҳозланган. Ўқитувчи анжомлари орасида кийим-кечаклар, миниатюра мебеллари, пластмасса идишлар, ўйинчоқлар, нишли силикон шарлар мавжуд.

«Мен ҳар хил болаларни ўқитаман. Масалан, қисқични очишга қийналадиганлар ҳам бор — уларнинг қўллари жуда нозик. Асосан, менинг дарсим кўзи ожизларга мўлжалланган, лекин амалда заиф кўрувчилар ҳам учраб туради», — дейди Дилфуза Раҳмонова.

Унинг дарсларида болалар пластилин, хамир ёки геометрик шакллар билан ишлашади. Бунинг ёрдамида улар тегиш орқали ҳис қилишни ўрганишади. Бу Брайл алифбосини ўқиш учун муҳимдир. Объект қанчалик кичик бўлса, ўқиш қобилияти шунчалик яхши бўлади, дейди ўқитувчи.
«Болалар ўқишни ўрганиши ва самаралироқ ўқий олиши учун кичик моторикани ривожлантиришлари зарур, чунки улар кўзлари билан эмас, қўллари билан ўқишади, — деб тушунтиради Дилфуза Раҳмонова. — Аввало, бармоқларнинг сезгирлигини ошириш учун кичик предметлар, жумладан, кийим қисқичлар ёрдамида машқлар бажарамиз, кейин асосий қисмга — ўқишга ўтамиз. Болалар учун Брайл алифбосини ўрганишнинг энг яхши усули бу дидактик ўйинлардир. Мен кичик предметларни катта қопчага яшираман ва улар айтилган объектни қидириб, уни қопча тортиб олишади».
Улар ўқишни, асосан Брайл алифбосида ёзилган сатрлар тасвирланган доскачада ўрганишади. Доска бир нечта катакчаларга бўлинган. Ҳар бирида олтита тешик бор. Дилфуза опа болаларга уларни ҳис қилишни ўргатади. Ҳар бир тешикчаларга нуқталарни ўрнини босадиган қўзиқоринчалар жойлаштирилади, чунки Брайл алифбосини фақат бўртиб чиққан нуқталар орқали ўқиш мумкин.
Николай Макаркин
Математика, геометрия ва информатика ўқитувчиси
Николай Макаркин — 77-мактабнинг кўзи ожиз битирувчиси. Тошкент давлат педагогика университетини тамомлаб, ўзи таълим олган мактабига қайтиб келган.

Ўқитувчи қўлида экрани ўчирилган смартфонни ушлаб турибди. У 1992 ёки 1993 йилларда куйиш оқибатида кўриш қобилиятини йўқотган бўлсада, худди уни кўраётгандек бармоғини экран бўйлаб юргизмоқда. Ўша пайтлар смартфонлар йўқ эди.

Телефон карнайидан тез оҳангда «Созламалар, махсус имкониятлар» деган робот аёл овози эшитилади. Ўқитувчи аудио ижро этиш тезлигини пасайтирди, экранни ёритди ва уни кўрсатмоқда.
«Телефонда матнни ҳисоблаш ва ўқиш учун мўлжалланган TalkBack дастури ўрнатилган. Бу болаларга электрон гаджетларни ўзлаштиришга ёрдам беради. Windows тизимида ишлайдиган компьютерларга NVDA дастури ўрнатилган», — дейди Николай Макаркин.

Унинг сўзларига кўра, компьютер билан ишлашда кўзи ожизлар асосан клавиатурадан фойдаланган ҳолда — сичқончасиз ишлашади. Аввало, бармоқларингизни клавиатурада қандай қилиб тўғри жойлаштиришни ўрганишингиз керак. Уни бир нечта блокларга бўлиш мумкин.
«Биз энг ўнг бурчакдан бошлаймиз: ALT, Windows, CTRL тугмалари. Кейинчалик, юқоридаги тугмачаларни маълум тартибда жойлашувини эслаб қолишни ўргатамиз. Боланинг кўриш қобилияти қай даражада эканлигидан қатъи назар, ҳамма қарамасдан ёзишни яхши билади», — дея тушунтиради Николай Макаркин.

Ўқитувчининг ўзи монитордан фойдаланмайди, лекин кўриш қобилияти монитор билан ишлашга имкон берадиган заиф кўрувчи болалар ундан фойдаланишади.
«Кенг маънода гаджетлар — смартфонлар, компьютерлар бизга маълумот олиш имконини беради», — дейди Николай Макаркин
У информатикадан ташқари геометрия ва математикадан ҳам дарс беради. Пластикли геометрик шакллар болаларга уларнинг шаклларини тушунишга ёрдам беради.

«Албатта, топшириқларда пайдо бўладиган барча геометрик жисмларга тегиб бўлмайди, лекин шунга қарамай, сиз уларни атрофлича тушунтиришингиз мумкин», — дейди ўқитувчи.
Болалар математик масалаларни Брайл алифбосида ёзиш учун махсус дафтарда ишлашади. Матн ёзиш учун қоғозда нуқталар тешишга мўлжалланган ўткир грифел, шунингдек, 18 та қатор ва 24 катакчадан иборат металл трафарет ишлатилади – уни «қурилма» деб аташга одатланишган.

«Кўриш қобилияти заиф бўлган болалар масалаларни доскада ечишади. Мен ечимларни тинглаган ҳолда текшираман», — деди Николай Макаркин.
Абдулло Исломов
Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси
Абдулло Исломовнинг иш столида кўплаб дафтарлар орасида муқовасида Алишер Навоий портрети туширилган қалин китоб ҳам бор. Уни очиб, кўрмоқчи бўлган одам ичида ҳарфларни кўришни кутади, лекин саҳифалар оқ ва бўш. Қуёш нурлари остида грифел билан ўйилган нуқталар кўринади.

Абдулло аканинг рўпарасида икки талаба ўтирибди: бирининг кўзи ожиз, иккинчиси заиф кўради. Уларнинг бармоқлари қоғоз устида сирпанарди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалларини ўқиб, ёд олишмоқда.

«Мен 1981 йилда [ушбу мактабга] ўқишга келганман. Эсимда, кираверишда овоз кучайтиргич бор эди. Эрталаб янгиликлар ва қўшиқларни тинглардим. Кўзи ожиз ўқитувчиларни пахтага олиб кетишганда, уларнинг ўрнига ёш котиблар дарсга киришарди. Бизга ўзбек эртакларини ўқиб беришарди. У вақтлар бошқача эди — на гаджетлар, на телефонлар бор эди. Биз иштиёқ билан ўқирдик. 4-синфда ўзбек ва турк халқ эртакларини, 5-синфдан эса ўзбек бадиий адабиётини ўқиганман».
Бир куни Абдулло Исломовнинг ўқитувчиси битта асар асосида иншо ёзишни топшириқ қилиб берган. У Брайл алифбосида 24 варақ ёзган ва 5 баҳо олишига ишончи комил бўлган, лекин ўқитувчи унга 4 баҳо қўйган.

«Ҳайрон бўлиб, сабабини сўрадим, у жавоб берди: “Сиз ўз фикрингизни билдириш учун жуда кўп сўз ишлатгансиз. Қисқароқ ёзишни ўрганишингиз керак”. Мен қанча кўп ёзсам, ишим шунча яхши бўлади, деб ўйлаганман».

Ўқишни битиришига икки йил қолганида Абдулло Исломов онасидан айрилиб қолади. У эндигина 17 ёшга кирган эди. Шунга қарамай, олдинги ўқув йилида ўзбек тили ва адабиёти бўйича ўтказилган республика олимпиадасида учинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлган. Кўп ўтмай, унинг яқинлари газетадан олимпиада ғолиблари имтиёз асосда олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилиниши ҳақидаги хабарни ўқиб қолади.

«Худо менга шундай имконият берганидан жуда хурсанд бўлдим. 9-синфдан сўнг шиша идишлар учун қопқоқ ишлаб чиқарувчи заводда ишлашни режалаштирган эдим, лекин Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ўқишни бошладим», — дейди Абдулло Исломов.
реклама
реклама
35 нафар талаба орасида у ягона кўзи ожиз эди. Маърузалар пайтида у грифел билан ёзаётгани сабаб бироз товуш чиқарди. Бошида ўқитувчилар буни тушунмаганидан жаҳл қилиб: «Ким тақиллатаяпти!» дейишарди. Аммо улар тез орада бунга кўникиб қолишди ва агар бундай товуш эшитишмаса: «Нега буни ёзмаяпсиз?» деб сўрайдиган бўлишди.

Абдулло Исломовнинг қариндошлари уни Тошкентда рўйхатдан ўтказишгани учун ўзи таълим олган мактабга ўқитувчи сифатида қайтишга муваффақ бўлди. Акс ҳолда, катта эҳтимол билан у Жиззахга кетишига мажбур бўларди, чунки кўзи ожиз одамга иш топиш осон эмас.

Абдулло Исломовнинг айтишича, махсус мактабда ўзбек тили ва адабиёти умумтаълим мактабларидаги каби дастур асосида ўқитилмоқда.

«Лотин тилидаги ўқув дастуримиз Брайл алифбосига мослаштирилди. Босмахона бизни барча ўқув материаллари билан таъминлайди. Биз учун жуда кўп имкониятлар яратилган», — дейди у.
Ўқитувчининг фикрича, адабиётни ўрганишнинг мазмун-моҳияти шунчаки фактларни ёд олиш ва асарлар қаҳрамонларини билиш эмас, балки ҳаёт қийинчиликларини енгиб ўтишга имкон берувчи ҳикматларни қўллай билишдан иборат бўлиши керак.

«Дарслар давомида мен болалардан қаҳрамонлар ўрнида бўлишганида нима қилишларини сўрайман. Жумладан, Ўткир Ҳошимов “Дунёнинг ишлари” номли қиссаларида онанинг ҳаётдаги ўрни ҳақида гапиради. Ёзувчи яратган образ орқали кўзи ожиз болаларнинг оналари қандай қийинчиликларни енгишгани ҳақида сўзлайман. Ахир уларга кўрувчи болаларнинг оналарига қараганда анча қийинроқ. Оналаримиз кўпинча фарзандлари жамиятга қўшилиб кетадими, ҳаётда ўз ўрнини топа оладими, деган ўйлар билан хавотирда. Онам жамиятнинг бир бўлаги бўлишимни истарди: тўй-ҳашамларга, зиёфатларга олиб борарди. Онам мени бошқача севарди».


Материални Жаҳонгир Азимов тайёрлади.
Назарбек Назаров рус тилидан таржима қилди.
Фотосуратлар муаллифи: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг