XXI асрнинг энг ҳалокатли ҳодисаларидан бири деб тан олинган Туркия ва Суриядаги «эгизак зилзилалар» содир бўлганига икки ҳафта бўлди. Зилзилалардан 14 кун ўтиб, қурбонлар сони 46 мингдан ошгани айтилмоқда. Ўнлаб шаҳарлар харобага айланди, кўп қаватли уйлар бир неча сония ичида қулаб, ер билан яксон бўлди. Дастлабки зилзилалардан беш кун ўтиб, зарар кўрган ҳудудлардаги қабристонларда ҳалок бўлганларни дафн этиш учун жой қолмади, омон қолган юз минглаб одамлар эса очиқ осмон остида, кўчаларда тунашга мажбур, деб ёзади The Guardian. Кўпчиликнинг борар жойи йўқ, машиналарда ёки бозор расталари остидаги вақтинчалик чодирларда ухлаяпти.

Қишнинг қаттиқ бўронларига қарамай, қутқарувчилар ҳамон омон қолганларни топишга ҳаракат қилиб, кечаю кундуз ишламоқда. Улар халқнинг олқишлари, вайроналар остида қолиб кетганларнинг яқинлари кўз ёшлари гувоҳлигида тирик қолган гўдаклар, болалар, баъзан бутун бошли оилаларни олиб чиқди. Баъзи одамлар 11 кунгача ўз уйи қолдиқлари остида ҳаёт учун курашган. Зилзиланинг дастлабки кунларида кўпчилик вайроналар остидан қариндошларининг заиф овозларини эшитаётганини таъкидлаётганди. Аммо, бир вақтлар хонадон, ҳозир эса қабрга айланган бетон ва ғишт уюмлари аста-секин сукунатга чўмди.

Бариш Япар 60 соат давомида ўз уйи вайроналари остидан бобоси ва бувисининг жасадларини чиқариб олишга уринди. 27 ёшли психолог-талаба ота-онаси Хабип ва Севжан билан биргаликда вайроналарни олиб ташлашга хўб уринди. Бу умидсиз иш эди. Икки кучли зилзиладан сўнг Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари Сурия чегараси яқинидаги Самандаг шаҳрига етиб бориши учун тўлиқ икки кун зарур бўлди. Қутқарувчилар Япарлар оиласи гувоҳлигида бетонлар остидан улар авлодлар давомида таниб келган одамларнинг жасадларини олиб чиқди.

Зилзиладан зарар кўрган бошқа ҳудудларда бўлгани каби, Самандағ қабристонида ҳам вайроналар остидан олиб чиқилган янги жасадлар учун жой қолмаган. Янги қазилган гўрларга бўш қабртошлари қўйилган бўлиб, улар кимники эканини қурбонларнинг кийимлари парчаларидан тайёрланган мато орқали билиш мумкин, холос.

Газиантеп вилоятидаги Нурдаги қабристони яқинидаги кўчада ўнлаб жасадлар устма-уст қўйилган бўлиб, қабрга қўйилишини кутиб ётибди. Бир вақтнинг ўзида ҳатто 10 нафаргача одамнинг жанозаси ўқилаётган Нурдаги оммавий дафн маросимларини ўтказиш учун камида бешта имом етиб келган. Расмийлар эса қўшни қишлоқлар ва ҳатто Истанбулдан тобутлар етказиб бермоқда.

«Бу шаҳарда яшаганларнинг 40 фоизи ҳалок бўлган бўлиши мумкин», — дейди Нурдаги имоми Содиқ Гунеш. Унинг уйи қулаб тушган масжид ёнида эди. Жамоа бўлиб намоз ўқиш учун жой йўқлиги сабабли Нурдаги ва Туркия жанубидаги қолган жойларда жанозалар очиқ майдонларда ўқилмоқда. «Мен душанбадан бери дафн этилган жасадлар сонида адашиб кетдим», — дейди Гунеш. «Биз қабристонни кенгайтирдик. Вайроналар остида ҳали ҳам одамлар бор. Уларни ҳам олиб чиқишимиз билан дафн этамиз. Биз ёрдамга келган фуқаролар кўмагида жасадларни ҳатто ярим тунда ҳам кўмяпмиз».

Бугунги куннинг ўзида ҳам ўн минглаб одамлар кўчаларда қолмоқда. Кўплаб оилалар, уйларини ўмариб кетишларидан хавотирланиб, ўз уйлари вайроналари олдида тунамоқда ва уйларининг харобалардан чиққан тахта-ёғочлардан гулхан ёқиб, исинмоқда.

Одамлар Суриянинг Идлиб вилоятида вайрон бўлган бинолар ёнидан ўтишмоқда.Одамлар Суриянинг Идлиб вилоятида вайрон бўлган бинолар ёнидан ўтишмоқда.

Зилзила Суриянинг исёнчилар назорати остидаги Идлиб вилояти шаҳарларини ларзага келтирган вақтда кўпчилик буни Башар Асад тузуми ва унинг россиялик иттифоқчилари томонидан амалга оширилаётган навбатдаги ҳаво ҳужуми деб ўйлаган. Ал-Ҳарамдаги зилзила оқибатида вайрон бўлган беш қаватли уйда рафиқаси ва беш фарзанди билан бирга яшаган Муҳаммад Ҳодий ҳатто Москва ерни ларзага келтира оладиган янги турдаги қуролни синовдан ўтказяпти, деб ўйлаган. Ҳодийнинг айтишича, зилзила бошланганида у ухлаб ётганди, бир неча сониядан сўнг у хотини ва икки боласини олиб, ташқарига қочиб чиққан.

Муҳаммад Ҳодий икки фарзанди ва қўлидаги гўдаги билан зилзиладан тирик қолди.Муҳаммад Ҳодий икки фарзанди ва қўлидаги гўдаги билан зилзиладан тирик қолди.

«Қочиб чиқаётганимизда рафиқам қўлимни маҳкам ушлаб олганди», — деб эслайди у. «Аммо, ташқарига чиқишимиз билан, у ичкарида икки қизимиз қолиб кетганини англаб қолди ва уларни қутқариш учун ортга қайтди». Ҳодийнинг кўз олдида қулаган беш қаватли бино уни уч нафар яқинидан айирди.

Зилзила Идлибдаги ижтимоий инқирозни баттар кучайтирди. Идлиб Асад тузумининг қишлоқларга ҳужумидан қочганлар учун бошпана, 12 йилдан бери давом этаётган уруш туфайли кўчишга мажбур бўлган минглаб одамлар учун сўнгги нажот маскани эди. Айни вақтда бошпанасиз қолганларнинг аксарияти сўзларига кўра, уларнинг Идлибга келганига ҳали ҳеч қанча вақт бўлмаганди. Хавфсиз уй-жой излашдан ҳафсаласи пир бўлган одамлар қадимги Византия харобалари орасида чодирлар қуриб яшаяпти.

Идлибда касалхонага айлантирилган ва қулаб тушаётган мактабларда кам сонли шифокорлар жуда оғир жароҳатли беморларни даволаш билан банд. Ушбу вақтинчалик муассасаларнинг бюджети чекланган, уларда зилзиладан омон қолганларни даволаш учун зарур бўлган асосий тиббий буюмлар ва дори-дармонларнинг аксарияти етишмайди. Зилзиладан сўнг юзлаб болалар, урушнинг юзлаб етимлари қаторига қўшилиб, етимга айланди.

Жинан, 5 ёшда, Суриянинг Идлиб шаҳридаги касалхонада.Жинан, 5 ёшда, Суриянинг Идлиб шаҳридаги касалхонада.

The Guardian зилзиладан бир неча кун ўтиб видеоси интернетда оммавий тарқалиб кетган вайроналар остидаги опа ва ука — 5 ёшли Жинан ва 9 ойлик Абдуллоҳ билан учрашди. Ҳозирда шифохонада ётган бу икки бола зилзила оқибатида ота-онаси ва яна беш нафар ака-укаси, опа-сингилларидан айрилган. Жинаннинг оёғи жиддий жароҳатланган ва, шифокорнинг сўзларига кўра, агар жароҳатда яхши томонга ўзгариш сезилмаса, оёқни кесиб ташлашлари ҳам мумкин.

«Бу — фожиа», — дейди доктор Вожиҳ ал-Каррат паст овозда. «Сиз Жинаннинг каравоти ёнидаги болаларни кўраяпсизми, улар ҳам етим қолди. Кўпчилиги ҳали ҳам ота-онам қаерда, қачон келиб, мени олиб кетишади, деб сўраяпти. Аввало, биз уларга ғамхўрлик қилишни хоҳлаймиз. Кейин, қайсидир бир вазиятда, уларга ота-оналари энди ҳеч қачон қайтиб келмаслигини айтишга мажбур бўламиз».