Тошкентнинг Чилонзор тумани 7-мавзесидаги кўп қаватли уйларни базальт қопламалари билан қоплаб чиқиш бошланди. Аномал совуқ вақтида пойтахт аҳолиси чироқсиз ва иссиқликсиз қолиб кетгач, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов январь охирида 1991 йилгача қурилган кўп қаватли уйларнинг фасад қисмини базальт плиталари билан қоплаб чиқиш дастурини қабул қилиш ҳақида кўрсатма берганди. Базальт билан қопланишидан ташқари, бу уйларнинг коммуникация тармоқлари ҳам янгиланиши кўзда тутилган. «Газета.uz» мухбирлари Чилонзорда бўлиб, уйларни совуқ ўтмайдиган қилиш жараёни қандай кечаётгани ва одамларнинг бу янгилик ҳақидаги фикрларини ўрганди.

Совуқ ўтмайдиган иншоотга айлантирилиш учун дастлабки номзодлар — тўрт қаватли бетон домлар — қурилиш ҳавозалари билан қуршаб олинган. 10 кунда ишни тугатиши керак бўлган ишчилар батартиб ҳаракат қилмоқда: бирлари базальт қопламаларни етказиб бераётган бўлса, бошқалари уларни деворга қотирмоқда.

Ишчилар дастлаб деразалардан панжара ва бўғот («козирёк»)ларни ечиб олган. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалик вазирлигининг шартномавий бозор ва қурилиш саноатини ривожлантириш бўлими етакчи мутахассиси Анвар Усмоновнинг сўзларига кўра, аҳоли ўз панжаралари тақдиридан, қайтиб ўрнатиб бериладими-йўқми, дея ташвишга тушган. «Улар ташвишланмаслиги учун биз алоҳида жой ажратиб, панжараларни ўша ерга тартиб билан қўйиб чиқдик, аралашиб кетмаслиги учун ҳар бирини рақамладик. Ишлар тугаганидан кейин панжараларни ўз ўрнига қайтиб ўрнатамиз», — деди у.

базальт, чилонзор, энергия самарадор уй, энергия самарадорлиги

Панжаралар олингач, деворлар — елим яхшироқ ёпишиши учун — эски бўёқ излари ва кирлардан тозаланмоқда. Шундан сўнг девор бетоноконтакт қоришмаси билан қайта ишланяпти.

Базальт қопламаларини деворга ёпиштиришдан аввал уларга тахминан ярим сантиметр қалинликда — деворнинг қанчалик тўғри-қийшиқлигидан келиб чиқиб — таркибида елими бор қоришма суртилмоқда.

базальт, чилонзор, энергия самарадор уй, энергия самарадорлиги

Плиталар деворга қурувчилар орасида «зонтик» ёки «қўзиқорин» деб аталадиган кенг қалпоқчали дюбель-михлар билан қоқилмоқда.

«Ҳар квадрат метр жойга камида бешта „зонтик“ қоқяпмиз», — деди Анвар Усмонов.

Деворга қотирилгач, базальт блокларга яна бир қават елим суртилиб, устидан сувоқлаш учун арматурали каркас (тўр) ётқизиляпти.

базальт, чилонзор, энергия самарадор уй, энергия самарадорлиги

«Ҳозирча режа бўйича кетяпмиз, лекин панжаралар ва қуриб битказилмаган балконлар каби кўпроқ вақт оладиган кутилмаган ҳолатлар ҳам учраб турибди», — дея тушунтирди мутахассис.

базальт, чилонзор, энергия самарадор уй, энергия самарадорлиги

Сувоқдан сўнг деворлар ё бўялади, ёки декоратив шпаклёвка билан қопланади — «қандай қарор қабул қилинишини ҳозирча билмайман, нима дейишса — шу», деди Қурилиш вазирлиги вакили.

Уйларнинг томига сувни қочирадиган ариқчалар, деворларига эса тарновлар ўрнатилиши режалаштирилган. Анвар Усмоновнинг таъкидлашича, нормативларга мос технологиялар қўлланилади.

Уйларни ичкаридан ҳам совуқ ўтмайдиган қилиш керакми, кўчадаги базальтда моғорлар ҳосил бўлмайдими, у бўкиб қолмайдими, деган саволларни мутахассис бошини чайқаб рад этади.

«Моғор уйни айнан ичкаридан базальт билан қоплагандагина пайдо бўлади, чунки хонадон ичида ҳарорат ташқаридагидан кўра кўпроқ ўзгариб туради… Базальт ташқи томондаги сувдан сувоқ ва бўёқ билан ҳимояланган», — дея таъкидлади мутахассис.

Лойиҳа доирасида усталар иш олиб бораётган уйлардан бирининг аҳолиси бу ишлардан норози эмаслигини билдирди. «Иссиқ бўлади. Қаранг, батареялар ҳали ҳам совуқ, бир ҳафта аввал эса бундан ҳам совуқроқ эди, музлаб ўтиргандик», — дейди хонадонлардан бирининг эгаси.

базальт, чилонзор, энергия самарадор уй, энергия самарадорлиги

Совуқ ўтмайдиган қилинишидан ташқари бу учта «дом»нинг қувурлари ва электр симлари ҳам янгиланади. Уйлар олдидаги ҳовлиларга болалар учун янги арғимчоқлар ҳам олиб келинган.

Қурувчиларнинг сўзларига кўра, бундан кейин кўп қаватли уйларни совуқ ўтмайдиган қилиш ишлари Чилонзор тажрибаси асосида давом эттирилиши мумкин. Қурувчилар ҳозирги жараёнда дуч келган барча муаммоли масалаларни лойиҳачилар кўриб чиққанидан сўнг, уйларни иссиқлик сақлайдиган қилиш ишлари давом эттирилади.