Туркия жануби-шарқида юз берган зилзила қурбонлари сони (Туркия ва унга қўшни Суриядаги қурбонларни қўшиб ҳисоблаганда) 15 мингдан ошиб кетди. Бу ушбу минтақада сўнгги ўн йилликларда юз берган энг кучли зилзиладир. Бахтга қарши, тадқиқотчилар Туркияда яқин йилларда яна бир кучли зилзила юз бериши эҳтимоли борлиги, бўлганда ҳам ушбу табиий офатдан аҳолиси бугунги кунда 15 млн кишидан ортиқ бўлган Истанбул жабр кўриши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Маҳаллий маъмуриятнинг бу ҳолатга тайёргарлиги эса олимларни ҳеч ҳам қониқтираётгани йўқ, деб ёзмоқда Meduza.

Истанбулда зилзила бўлиши муқаррар, дея таъкидламоқда олимлар. Минглаб одамлар қурбон бўлиши, миллионлаб одамлар уйсиз қолиши мумкин

«Бу муқаррар, факт», — дея қатъий таъкидлаганди 2006 йили Истанбул Техника университети ҳузуридаги Евросиё Ерга оид фанлар институти директори Окан Туйсиз Британиянинг The Guardian нашрига берган интервьюсида. Олим Истанбул атрофида яқин йилларда юз бериши мумкин бўлган зилзила эҳтимолини шундай баҳолаган эди:

«Биз магнитудасини биламиз. Биз жойини биламиз. Биз фақат бу ҳодиса айнан қачон бўлишини билмаймиз, холос. Лекин Истанбул 2030 йилга қадар 7,6 магнитудали зилзиладан зарар кўришининг 65 фоизлик эҳтимоли бор. Бу эҳтимоллиликнинг даражаси жуда юқори».

2006 йилдан кейинги даврда олимлар хавотирли прогнозни тасдиқловчи яна кўплаб ҳисоботларни эълон қилди (уларда зилзила эҳтимоли 35 фоиздан 95 фоизгача, зилзила юз бериши мумкин бўлган муддат 2045 йилгача, магнитуда эса «7,0 дан юқори» деб кўрсатилган). Зилзила кўламини прогнозлаштириш билан нафақат турк олимлари, балки АҚШ Геология хизмати экспертлари, Италия, Франция, Япония ва ҳатто халқаро суғурта компанияларининг мутахассислари ҳам шуғулланган.

Бу ерда масала шаҳарнинг географик жойлашуви билан боғлиқ. Истанбул Онадўли ва Евросиё тектоник плиталари кесишмасида, Мармара денгизи остидан ўтган Шимолий Онадўли ёриғидан 15−20 километр жануброқда жойлашган. Сейсмик хавфни айнан мана шу омил келтириб чиқаради. Плиталарнинг ёриқ бўйлаб ҳаракати асрлар давомида йирик зилзилаларга сабаб бўлган. Истанбулда сўнгги 500 йилдан ортиқ давр мобайнида улкан қувватли бундай табиий офатлар олти-етти марта содир бўлган. Энг ҳалокатли зилзилалардан бири 1766 йили — шаҳар яқинидаги ёриқнинг тармоқларидан бири ёрилиб кетганида содир бўлган (олимлар бўлажак зилзила ҳам худди шундай сценарий асосида юз беришини тахмин қилмоқда).

Истанбулга энг яқин ҳудуддаги сўнгги кучли зилзила 1999 йили юз берган. Ўшанда офат эпицентри Истанбулдан 90 километр жанубдаги Измит шаҳрида эди; 17 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. Бу Туркия ҳудудида Шимолий Онадўли ёриғи бўйлаб шарқдан ғарб томон «силжиётган» магнитудаси 7,0 дан юқори бўлган зилзилалар сериясидаги 1939 йилдан бери қайд этилган еттинчи фалокат эди. Гўёки кучли ерости силкинишлари Истанбул томон интилаётгандек.

Прогноз қилинаётган зилзила Истанбулнинг ўзида юз бериб, оқибатлари бўйича аввалги барча зилзилалардан кўра оғирроқ бўлиши мумкин. Истанбул мэрияси томонидан сейсмолог-олимлар томонидан 2020 йилда тайёрланган ҳисоботга кўра, 7,5 магнитадули зилзила юз бергудек бўлса, шаҳарнинг барча 39 та тумани турли даражада зарар кўради. Энг кўп вайронгарчиликлар мегаполиснинг Европа қисмида, Мармара денгизи бўйида юз беради. Масалан, экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, Авжилар туманида қурбонлар сони 465 кишини, жароҳатланганлар эса 1,5 минг кишини ташкил этиши мумкин. Туманнинг 104 минг аҳолиси эса уй-жойидан айрилиши мумкин. Зейтинбурнуда эса 688 киши ҳалок бўлиши, 5330 дан ортиқ бино эса қулаши мумкин.

Шаҳарнинг энг кўп кўҳна ҳудудларидан бири — кўплаб тарихий муҳим бинолар (масалан, Аё София ва Кўк масжид) жойлашган Фатиҳда эса янада жиддийроқ талофатлар юз бериши мумкин: ушбу тумандаги биноларнинг 72 фоизи зилзилага бардош бера олмаслиги, 1,5 минг киши ҳалок бўлиши мумкин.

Энг ёмон сценарий бўйича, профессор Туйсузнинг сўзларига кўра, фалокат ҳудуди Истанбулнинг 40 фоиз ҳудудини қамраб олади, шаҳарга ёпириладиган цунамининг баландлиги эса етти метрга етиши мумкин.

Истанбул мэриясининг 2021 йили тақдим этилган бошқа бир ҳисоботида 7,5 магнитудали зилзила оқибатида шаҳардаги тахминан 209 мингта бино тўлиқ ё қисман вайрон бўлиши мумкин (шаҳардаги бинолар сони 1,16 млндан ортиқ). Бу — шаҳарнинг салкам 3 млн аҳолиси бошпанасиз қолади, дегани. Экспертларнинг фикрича, 2000 йилгача бўлган даврда қурилган ва ҳозирда маълум бўлган сейсмик таҳдидларни ҳисобга олинмай қурилган кўп қаватли уйлар энг юқори риск зонасидадир. Истанбулда бундай бинолар соин бир неча ўн мингтани ташкил этади. Амалдорлар табиий офатдан кўрилиши мумкин бўлган зарар миқдорини 17 млрд долларга баҳолаган.

Ўшанда мэрия вакиллари шаҳар учун ерости сувлари харитаси ишлаб чиқилгани, мутахассислар эса бу сувларни жабрланувчиларни вақтинча жойлаштириш ҳудудлари (қутқарув анжомлари ва гуманитар ёрдам тўплаш пунктлари, шунингдек, бошпанасидан айрилган аҳоли учун чодирлар шаҳарчаси)га олиб келиш йўлини излаётганини маълум қилганди.

Бу расмийлар наздида табиий офат оқибатларига қарши курашишда ёрдам бериши мумкин бўлган ягона тайёргарлик чораси эмас. Масалан, Истанбулда фавқулодда вазиятлар эҳтимоли учун мунтазам равишда кенг кўламли ўқув машғулотлари ўтказилади: шаҳар аҳолисининг телефон рақамларига зилзила ҳақида хабар юборилади, бу ҳақдаги хабарларни телеканал ва радиостанциялар, масжидлар ва муниципалитетлардаги карнайлар эшиттириб туради. Ўтган йили шаҳарнинг сейсмик жиҳатдан энг хавфли ҳудудларидан бири ҳисобланган Буюкчекмежеда цунамидан огоҳлантириш тизими ишга тушди — бу тизим зарбадан беш-етти дақиқа аввал цунами тўлқинлари пайдо бўлгани ҳақида хабар бера олади. Истанбулдаги эски биноларни реконструкция қилиш ва янгиларини ишончли қилиб лойиҳалаш ишларини ўн йилдан ортиқ вақтдан бери Жаҳон банки қўллаб-қувватлаб келади — бу дастур банкка 550 млн долларга тушган.

Сўнгги йилларда Истанбулда тартибсиз қурилишлар фаол олиб борилди. Ҳукумат эҳтимолий офатга тайёргарлик кўриш бўйича ўз режаларини неча ўн йиллардан бери бажармаяпти

Юқорида кўрсатиб ўтилган ишларга қарамай, экспертларда расмийларга нисбатан эътирозлар кўп. Туркия муҳандис-геофизиклар палатаси аъзоси, сейсмолог Ҳалук Эйидўғаннинг Reuters’га тушунтиришича, мэриянинг баёнотларига қарамай, камида сўнгги 15 йилдан бери шаҳарда — энг аввало янги келаётган муҳожирларни жойлаштириш учун — тартибсиз қурилишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, эски биноларни реконструкция қилиш бўйича кўплаб лойиҳалар ҳам юқори хавф ҳолатини келтириб чиқарган — чунки таъмирлаш ишлари вақтида бу эски биноларнинг аксарияти устига янги қаватлар қурилган. Бу эса бинога тушаётган юкламани оширган ва, катта эҳтимол билан, уларни сейсмик чидамлилик стандартларига номувофиқ қилиб қўйган. Биргина 2019 йили эълон қилинган «қурилиш амнистияси» доирасида шаҳар маъмуриятига 7,5 миллиондан зиёд ноқонуний қурилиш бўйича ариза тушган эди.

Истанбулнинг зилзила оқибатларига қарши курашиш бўйича 2003 йили ишлаб чиқилган мастер-плани сўнгги бор 2018 йили янгиланган. Шаҳар зилзилалар билан боғлиқ рискларни бошқариш департаменти бошлиғи Тайфун Каҳраманнинг тан олишича, ҳозирча бирорта ҳам бино мастер-план талаблари доирасида қайта қурилгани йўқ. Аммо, унинг ваъда беришича, истиқболда 790 мингдан зиёд қурилма бирдан рискларни баҳолаш жараёнидан ўтказилади. Бир қатор бинолар учун кўтариб турувчи конструкцияларни мустаҳкамлаш, бошқалари учун эса тўлиқ реконструкция ечим сифатида кўрсатилиши мумкин, деганди у.

Босфор университети профессори Дўған Калафатнинг фикрича, бу очиқ-ойдин кечиккан муносабат. Олим энг мўрт, ишончсиз иморатларни реконструкция қилиш ишларини 2020 йилда тўплаб бўлинган ахборот асосида бутун турар жой фондини комплекс баҳолаш якунига етгунича бошлашга чақирган.

Муҳандис-геофизиклар палатаси вакили Ҳалук Эйидўған мисол тариқасида Зейтинбурну тумани амалдорларининг сусткашлигини кўрсатиб ўтган. Ушбу туман Шимолий Онадўли ёриғининг хавфли қисми яқинида жойлашган. Ушбу ҳудуддаги қурилишлар сифати пастлиги, уларни тўлиқ реконструкция қилиш лозимлиги, туманда жабрланувчилар учун жон сақлаш вақтинчалик бошпаналар тармоғини ташкил этиш зарурлиги 2000 йиллар бошида тайёрланган мастер-пландаёқ кўрсатиб ўтилган. Аммо Истанбул маъмурияти сўнгги 20 йил давомида зилзилага тайёргарлик кўриш йўлида фаол ишлар бошлашга жазм қила олгани йўқ, дейди эксперт: «Режа токчага қандай қўйилган бўлса, шундайлигича қолди, биров уни очиб қарагани ҳам йўқ». Боз устига, сўнгги йилларда ушбу туманда бадавлат харидорлар учун янги кўп қаватли уйлар қурилди. Аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд қатлами эса хавфли уйларда яшашда давом этмоқда, дейди Эйидўған.

Ижтимоий тенгсизлик қандай оқибатлар келтириб чиқараётганини Окан Туйсуз The Guardian’га берган интервьюсида ҳам айтиб ўтган эди:

«Истанбулнинг Европа қисми юмшоқ (зилзила таъсири нуқтаи назаридан хавфсизлиги паст ҳисобланган) тош устида, шимолий ва Осиё қисми эса қаттиқ тош устида қурилган. Мана нима учун бойлар ўз виллаларини (шимолдаги) Босфорда қуришни маъқул кўришади».

Масаланинг яна бир хавотирли томони шундаки, Истанбулнинг ҳамма аҳолиси ҳам бўлажак фалокат ҳақидаги фикрни қабул қилишга тайёр эмас. «Кўпчилик бундай истиқболга фаталист каби ёндашади: бўлса бўлар — тақдир экан-да, деб. Одамлар ҳақиқий вазиятни шунчаки эътиборсиз қолдириб, шу йўл билан хавотирини босишга уринади», — дея ушбу ҳолатга изоҳ беради психолог Ибраҳим Эке The Guardian’га берган интервьюсида (у уч йил давомида Измит зилзиласидан жабрланганларга руҳий ёрдам кўрсатган). Айни вақтда, унинг қўшимча қилишича, Истанбулда табиий офатга қарши курашиш йўлида чоралар кўрувчи фаол фуқаролар ҳам йўқ эмас — улар бара хавфсизлик чораларини кўришади ва бинолардан авария чиқиш йўлларини тўсиб қўйган машиналарни излаб, ҳатто кўчаларда патруллик ҳам қилишади.