Устида охори тўкилмаган оқ кўйлак, тим кўк костюм-шим, этаги тиззадан ҳам пастга тушиб турувчи узун қора плаш, бўйнида тилларанг илмоғи бор қизил-кулранг йўл-йўл галстук, оёғида қора туфли. Билмаганлар бўйи баланд бу одамни бирор «каттакон»нинг хос соқчиси деб ўйлаши мумкин. Ҳа, у қачонлардир қўриқчилик қилган. Лекин ҳозир халқ хизматидаги дастурхончи. Дастурхончи Абдусалом Усмонов.

Ошга чақирилган эркаклар тўйхонага бирин-кетин кириб келаркан, Абдусалом ака уларни «хуш келибсиз», «келинг, келинг», дея кутиб олади. Меҳмонни тўйхона дарвозасидан то белгиланган жойга қадар кузатиб бораркан, ҳурмат белгиси сифатида қўли кўксидан тушмайди. Баъзида меҳмонларни эшик олдида кутиб олиб, катта залга олиб кирадию, эстафетани ҳамкасбларига топширади: маросимнинг катта-кичиклигига қараб, унга уч нафардан 10 нафаргача дастурхончи ёрдам беради. Интервью олинган куни унинг жамоаси «Яккасарой» тўйхонасида 600 кишини кутиб олди.

Кўпчилик дастурхончиларни ҳассакаш ва ўртакашлар билан адаштиради. Россия педагогик ва ижтимоий фанлар академияси мухбир-аъзоси, тилшунос Давлатбек Саъдуллаевнинг тушунтиришча, ҳассакаш деганда аза ё тўй бўлаётган хонадонда ташрифчиларни кутиб олувчи, одатда, ёши улуғ инсон тушунилади. Бу ўзбекчиликда аксарият маросимлар уй шароитида ўтказилиши билан ҳам боғлиқ. Шунинг учун ҳам келаётган одамларни кутиб олувчи алоҳида одамга эҳтиёж сезилган.

Жаноза вақти ҳассакаш вазифасини марҳумнинг яқинлари бажаради. Эски вақтларда майит қабристонга олиб кетиларкан, ҳассакашлар тобут олдида ҳассага таяниб йўл бошлаб борган — «ҳассакаш» деган атаманинг келиб чиқиши ҳам шундан. Жанозадан сўнг уч кун давомида марҳумнинг қариндошлари таъзия билдириб, кўнгил сўраб келувчиларни ҳассакаш сифатида кутиб олади. Тадқиқотчи Гулмира Шукурованинг қўшимча қилишича, инсон ҳассага таяниб, қаддини ўнглаб олиши мумкин бўлганидек, бунда ҳассакашлар руҳий-маънавий жиҳатдан суянса бўладиган кишилардир, деган маънони ҳам кўриш мумкин.

Ўртакаш эса икки-уч томон ёки икки-уч оила ўртасидаги воситачидир. У тадбирлар уюштириш ёки маслаҳатлашувлар, музокаралар вақтида медиаторлик вазифасини бажаради. Лингвист Меҳрибон Абдураҳимованинг қайд этишича, ўртакаш — бу ё бошловчи, ёки ош маросимининг меҳмонларни жой-жойига ўтқазиб, сўнг уларга чопонлар кийдирувчи ташкилотчисидир.

Дастурхончилар эса алоҳида тоифа. Давлатбек Саъдуллаевнинг тушунтиришича, аввалари дастурхончилик билан асосан аёллар шуғуланган — улар тўй ва маросимларга чақирилган меҳмонларни кутиб олиб, кузатиб қўйган, улардан совғаларни қабул қилиб олган. Шунингдек, саройларда сарой хизматчилари, бек, амир ва хонлар учун тушлик ва кечки овқатларни тайёрлашга масъул мулозимлар ҳам дастурхончи деб аталган — улар тадбирлар вақтида меҳмонларни кутиб олиб, сўнг кузатиб қўйган.

Хон ва амирлар ўтмишда қолиб кетди. Ўтган давр ичида дастурхончи касби ҳам ўзгариб, сарой мулозимидан тўй ё аза муносабати бериладиган ошларда хизмат кўрсатувчи ёрдамчиларга айланди. Аёллардан ташқари эркаклар ҳам дастурхончилик қилади. Улар наҳорги ошларда, куёв-навкарларда, тўйларда хизмат қилади. Ўзбекнинг тўй-маросимлари 100 нафардан 1000 нафаргача (баъзан ҳатто бундан ҳам кўпроқ) меҳмон тўплаши сабабли, дастурхончилар ҳам гуруҳ бўлиб ишлайди.

Кўпчилик дастурхончиларни ўртакашлар билан адаштиради, сабаби унисининг ҳам, бунисининг ҳам вазифалари қаторида меҳмонларни кутиб олиш бор. Лекин, ўртакашлардан фарқли ўлароқ, дастурхончилар гиргиттонлик (официантлик) қилмайди. Абдусалом ака ҳам «Газета.uz»га берган интервьюсида у ҳозирда шуғулланаётан касб эгалари «неча асрлардан бери» дастурхончилар деб аталишини алоҳида таъкидлади.

У ўз қизиқишлари сабаб дастурхончига айланган. У болалигидан тўйларни яхши кўради. Асли «Ракат» маҳаллалик Абдусалом ака саккиз ёшидаёқ қўшниларининг тўй-маросимларида чой ташиб, бўшаган идиш-товоқларни йиғиб, меҳмонларга хизмат кўрсатган.

«Ёрдам кўрсатиш — менинг бурчим», — дейди у, нега бу касбни танлаганини тушунтираркан.

»дастурхончи,

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Унинг фикрича, меҳмоннавозлик маҳорати ҳаммага ҳам берилавермайди. Абдусалом аканинг ишлашини кузатиб, бу фикрга қўшилмай илож йўқ. Унинг баланд ва ўткир овози тўйхонадаги 500 қошиқнинг лаганларга урилиб жаранглаши, ҳофизнинг куйи, эркакларнинг ғала-ғовурини босиб кетади. Айтганча, тўй-маросим ташкилотчилари орасида уни «ўзбек Левитани» деб ҳам таърифлашаркан. «Нима бало, сабвуфер ютворганмисан, деб ҳазиллашиб ҳам туришади», — дейди Абдусалом ака. Овози туғилганидан бери шундай — алоҳида шуғулланмайди.

У меҳмонларга уларни худди азалдан танийдигандек, бугунги ош эса яна кўришиш учун гўё бир баҳона бўлганидек пешвоз чиқади. Ёши улуғроқ меҳмонлар маросим бошлангунича эшик олдида туриб қолса, стул келтиришни буюради, ҳол-аҳвол сўрайди, «невараларингизнинг бахтини кўринг», деб кўнглини кўтаради. Бундай эҳтиромдан, афтидан, қандай жавоб қайтаришни билмаганинг сабаб, ноқулайлик ҳисси уйғонади. Умуман, кимдир бундай муносабатдан қувонса, бошқалар алоҳида эътибор қаратиб ҳам ўтирмайди.

У ўз кўникма ва тажрибаси учун халқ орасида «Ош маркази» номи билан танилган «Беш Қозон» ресторанининг собиқ раҳбари Мирсолиҳ акадан миннатдор. Коронавирус сабаб вафот этгунига қадар, у Абдусалом акага меҳмоннавозликнинг сир-асрорларини ўргатган эди. Абдусалом ака «Беш Қозон»га халқаро аэропортдаги иши — қўриқчиликни ташлаб ўтганди. Пандемияга қадар ош марказига ҳар куни 5−10 минг хўранда келарди. Мирсолиҳ акага меҳмонларни кутиб олиб, рестораннинг умумий аҳволини назорат қилиб бора оладиган одам керак эди. Танлов Абдусалом акада тўхтаган.

«Бу ишда биринчи навбатда қилишинг керак бўлган нарса — ҳурмат ва тўғри ёндашув. Иккинчидан — ҳурмат ва тўғри ёндашув. Учинчидан ҳам — ҳурмат ва тўғри ёндашув», — Абдусалом ака шундай деб Мирсолиҳ аканинг ўгитлари билан ўртоқлашади.

»дастурхончи,

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

«Беш Қозон»даги уч йиллик — 2017 йилдан 2020 йил қадар давом этган фаолияти давомида у жаҳонга машҳур кўплаб инсонларни кутиб олган ва улар билан тушган суратларини ғурур билан смартфонидан топиб кўрсатади. Тахминан шу вақтларда унга тўй-маросимларда ёрдам бериб туриш ҳақида илтимослар туша бошлаган. Мирсолиҳ ака вафот этгач, Абдусалом Усмонов «Беш Қозон»ни тарк этишга ва бор вақтини тадбирларда одамларга ёрдам беришга ажратишга қарор қилган.

Профессионал дастурхончининг ишида майда-чуйда йўқ, ҳамма нарса муҳим. Меҳмон келаркан, уни қўлни кўксига қўйган ҳолда тавозе билан кутиб олиш лозим. Кимни қаерга ўтқазиш буюртмачи билан олдиндан гаплашиб олинади. Абдусалом аканинг айтишича, у одамларни ижтимоий ё иқтисодий аҳволидан келиб чиқиб ажратмайди. Меҳмон ўз ўрнига ўтиргач, ундан ҳол-аҳвол сўралади. Бу — у билан ўтириб олиб мароқли суҳбат бошлаш учун эмас, шунчаки ўзбекча мулозамат. Сўнг, агар столда чой йўқ бўлса, официантга чой келтириш буюрилади ва «Яхши ўтиринглар» дея, яна эшикка қайтилади.

Тасаввур қилайлик, дастурхончи никоҳ тўйи муносабати билан берилаётган ошда хизматда. Ошхўрлик бошлангач, у столма-стол юриб, чой ё бошқа нарса керак эмасми, деб аҳвол сўрайди. Лаганлари бўшатилган столларга бориб, меҳмонлар рухсати билан идишларни олади ва официантларга узатади. Сўнг дастурхонга қисқа фотиҳа ўқиб, «Худо хоҳласа, ақиқа-тўйларида учрашайлик» деганча меҳмонларни кузатиб қўяди.

»дастурхончи,

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Зарурат туғилса, дастурхончи келин ва куёв томон ўртасида совға алмашиш маросимини ҳам ўтказиб бериши мумкин. Бунда у қариндошларнинг исмини ўқиб, уларга бирма-бир совғаларни топширади.

Аслини олганда, Абдусалом ака ва унинг жамоаси ғамхўрлик ва меҳмондўстликни таклиф этади. «Тўй мавсуми»да улар кунига учтадан бештагача маросимда хизмат кўрсатиши мумкин. Буюртмалар бутун Ўзбекистондан тушади. Бир сафар, Чирчиқда Абдусалом аканинг жамоаси 3500 меҳмонни кутиб олган. Келиб қарашсаки, тўй эгаси очиқ жойда минг кишилик дастурхон ёзган. Меҳмонларнинг охири кўринмаган. «Столлар уч марта бўшаб қолганди, — деб эслайди у. — Биз эса атиги уч киши эдик».

Абдусалом аканинг жамоаси хусусий буюртмалардан ташқари давлат тадбирларида ҳам ишлайди. Биринчи президент Ислом Каримов вафоти муносабати билан халққа ош берилганида ҳам хизматда унинг жамоаси бўлган.

Абдусалом ака ва унинг жамоаси ўзлари хизмат қилган маросимларда ош ейишмайди. «Қоидаси шунақа», — дейди у. Энг қизиғи, «ош»ларда хизмат кўрсатган дастурхончининг ўзи турк ошхонаси ва қайноқ бардак-чойни яхши кўради. У уйга 18:00—19:00 ларда қайтиб, оқшомни болалари билан ўтказади. Улар чизган суратларини кўрсатишади, отаси эса уларнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади. У маросимларда меҳмонларни: «Фарзандларингиз камолини кўринг», дея дуо қиларкан, аслида худди шу манзарани тасаввур қилади ҳар сафар.

50 ёшли Абдусалом ака дастурхончиликни танлаганидан ҳеч афсусланмайди. Одамларнинг дуои-фотиҳалари ичида юраман доим, дейди. Унинг касби ўзбекнинг меҳри ва самимиятини намоён қилади, деб ҳисоблайди. «Меҳмонларни чиройли кутиб олиш биз ўзбекларнинг қонида бор, — дейди у. — Мен шу анъаналарни давом эттиряпман».

«Вақти-соати келиб, ҳаммамиз ҳам бу дунёни тарк этамиз. Мен ўзимдан яхши ном қолишини хоҳлайман», — дейди Абдусалом ака.