Иқлим ўзгариши билан боғлиқ таҳдидлар глобал миқёсда тобора ортиб бормоқда. Ёғингарчиликнинг ўзгариши, сув тошқинлари, қурғоқчилик ва бошқа экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг кўпаяётгани қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам бевосита таъсир ўтказмоқда. Корнелл университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларигакўра, иқлим ўзгариши оқибатида қишлоқ хўжалигининг умумий миллий маҳсулдорлиги 1960 йиллардан буён 21 фоизга пасайган. Олимлар бундай пасайиш сўнгги етти йил ичидаги маҳсулдорликнинг ўсишини йўқотиш билан тенг, деб ҳисобламоқда. Европа Иттифоқининг Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш ва соҳа билимларини ошириш (Agriculture Support and Knowledge facility) дастури ҳам 2022 йили иқлим ўзгаришининг Ўзбекистон аграр секторига таъсирини ўрганди. «Газета.uz» мухбири мамлакатнинг уч ҳудудида ўтказилган тадқиқот жараёни ва натижалари хусусида ASK дастури раҳбари Адриан Нил билан суҳбатлашди.

— Суҳбатимиз бошида сиз раҳбарлик қилаётган ASK (Agriculture Support and Knowledge facility) дастури ҳақида маълумот олсам дегандим. Бу қандай лойиҳа?

— ASK — Европа Иттифоқининг техник кўмак дастури. Асосий вазифамиз 2020−2030-йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини амалга оширишда Ўзбекистон ҳукуматига техник кўмак кўрсатишдан иборат. Cтратегиядаги 9 та устувор йўналиш вазифалари ижросида халқаро мақбул тажрибаларни қўллаймиз, эътибордан четда қолаётган масалаларни кун тартибига қайта қўйишга аҳамият қаратамиз.

— Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги сектори билан қай даражада танишсиз? Қайси муаммо ва ютуқлар эътиборингизни тортди?

— 2019 йилдан бери шу ерда аграр соҳа бўйича ишлаяпман. Тўрт йилдан буён кўряпман: мамлакат қишлоқ хўжалигида собиқ Совет Иттифоқидан мерос қолган марказий режалаштириш сиёсати муайян даражада мавжуд. Масалан, фермер ва деҳқонга қандай экин экиш, қандай ўстириш, қачон ва қаерда сотиш кераклиги ҳалигача юқоридан буюрилади. Бозор иқтисодиёти эса ҳамма жараённинг очиқ, эркин ва танлов имконияти бўлишини талаб қилади. Давлат фермерга маслаҳат ва кўмак бериши зарур, буйруқ ва кўрсатма эмас.

Аммо, тан олиш керак, соҳада ижобий ўзгаришлар ҳам йўқ эмас. Масалан, битта экинга асосланган деҳқончиликдан аста-секин диверсификацияга ўтиляпти. Олдинлари асосий эътибор пахта ва буғдой етиштиришга қаратилган бўлса, энди ердан турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари олиняпти. Тўғри, бунда ижобий ўзгаришлар кўп эмас, аммо давлат мазкур соҳада ҳам ислоҳотлар қилишга интиляпти.

Бундан ташқари, яқин-яқингача мамлакатда қишлоқ хўжалигига бутун сектор эмас, битта ташкилот сифатида қараб келинган эди. Сифатли, рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш нафақат ерга, балки сув, об-ҳаво, органик ва минерал ресурслар сингари омилларга ҳам боғлиқлигини кўпчилик билади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга алоқадор ташкилотларнинг якка тартибда ишлаши, муаммоларга алоҳида чора қидириши деҳқон ва фермерларга маълум қийинчиликларни туғдиради. Лекин 2022 йил декабрида Ўзбекистон президенти қабул қилган институтционал ислоҳотларга оид фармон сабаб аграр соҳага тааллуқли ташкилотлар бирлаштириляпти. Бу қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат сектори тарқоқлигига барҳам бериш йўлидаги ижобий қадам, деб ўйлайман. Натижани эса вақт кўрсатади.

аграр соҳа, адриан нил, иқлим ўзгариши

Адриан Нил. Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

— Иқлим ўзгаришининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасига таъсирини қандай баҳолайсиз?

— Иқлим ўзгариши бугун дунёнинг барча нуқтасида кузатилмоқда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам. Фермер, деҳқонларнинг об-ҳаво, иқлим ўзгариши туфайли зарар кўриши келгусида аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлом озиқланиш, экспорт ва импорт, миграция, қишлоқ худудларини ривожлантириш, бандлик даражаси, қўйингки, аграр ва иқтисодий тараққиётнинг кўплаб индикаторларига таъсир кўрсатади. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторида иқлим ўзгаришига мослашиш ҳамда унинг оқибатларини юмшатиш ривожланишнинг муҳим омили. Шунинг учун, аграр соҳа ривожланган мамлакатларда иқлим ўзгариши бўйича таҳлилларга асосланган тадқиқотлар тез-тез ўтказилади. Ҳукумат эса ўз сиёсат дастурлари, чора-тадбирларини шу тадқиқот хулосаларига асослаган ҳолда ишлаб чиқади.

Ўзбекистон аграр секторида иқлим ўзгариши оқибатларига оид бизга маълум бўлган охирги халқаро тадқиқот 2011 йили Жаҳон банки томонидан ўтказилган экан. Билишимизча, ўша тадқиқот хулосалари нима учундир кейинги сиёсий ҳаракатларга сабаб бўлмаган, қандай бўлса, шундайлигича қоғозда қолиб кетган. Бунинг сабаблари бизга қоронғи, балки тадқиқот натижалари етарлича тарғиб қилинмаган ёки керакли шахслар қўлига етиб бормагандир. Ҳукуматнинг аграр секторда иқлим ўзгаришининг таъсирларига қарши курашиши учун далилларга асосланган таҳлилларга эҳтиёжи мавжудлигини инобатга олиб, жамоамиз билан 2022 йилда тадқиқот ишига киришдик.

Бунинг учун экспертларимиз мамлакатдаги иқлим кўрсаткичлари турлича бўлган 3 та ҳудуд: Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларини танлади. AquaCrop, SPHY ва WEAP моделларидан фойдаланиб, 2059 йилга қадар 4 та сценарий — ўрта, иссиқ-қуруқ, илиқ-нам ва қуруқ иқлим ўзгариши мазкур ҳудудлардаги асосий экинлар, боғдорчилик, чорвачилик ва қишлоқ хўжалигини суғориш сувларига таъсири прогнозларни ишлаб чиқдик.

— Тадқиқотнинг умумий хулосалари қандай бўлди? Бизни қандай таҳдидлар кутмоқда?

— Рақамлар ҳақида гапирадиган бўлсам, белгиланган ҳудудларда 2050 йилга келиб, ҳарорат 1 дан 2,5 даражагача ошиши, ёғингарчилик +/-20 фоиз ўзгариши ва ойлик суғориш учун сув 20−35 фоизга камайиш эҳтимолини кўрсатди. Иқлим ўзгаришидан келиб чиқадиган инсон фаолияти ва экотизимларни баҳолаш орқали картошканинг ҳосилдорлиги 50 фоизгача пасайиши мумкинлиги аниқланди.

Биз таҳлил қилган пахта, буғдой, олма, картошка ва помидор экинларининг ҳосилдорлиги Қашқадарё ва Қорақалпоғистонда иссиқ-қуруқ сценарий бўйича 12−50 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Фарғона вилоятида кузги буғдойнинг ўзи шу даражада зарар кўради. Илиқ-нам сценарийнинг таъсири юмшоқроқ, лекин экинлар ва минтақалар комбинацияси ҳосилнинг 10 фоизга пасайишини кўрсатди. Яйлов ва беда ҳосилдорлиги кўп ҳолларда юқори бўлиши кутилмоқда, айниқса, беда ҳосили иқлимга чидамли чиқди. Шунга қарамай, Қашқадарёдаги лалми яйловлар ҳосилдорлиги иссиқ-қуруқ сценарийда 50 фоиздан ошади. Кўриб турганингиздек, қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат сектори иқлимга ниҳоятда боғланган.

Aйни пайтда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғининг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ҳиссаси 30 фоизга тенг. Аграр сектордаги бу каби сценарийлар маҳсулотлар нархи, миқдори, сифати, савдо ва логистика моделлари, озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан таъсир қилади. Натижада нафақат деҳқонлар, томорқа ер эгалари, қишлоқ жойларидаги заиф гуруҳлар, умуман, мамлакатдаги оддий аҳоли зарар кўради. Эътиборлиси шуки, бу сценарийлар «ҳаракатсизлик цикли», яъни вазиятни ўзгартириш учун ҳеч қандай чоралар кўрилмаган тақдирда юз беради. Бизда эса ҳали имкон бор. Вақт кўп эмас, лекин барча бирлашса, салбий эҳтимолларни қисқартиришнинг иложи топилади.

— Юқорида тадқиқот давомида суғориш тизими ҳам ўрганилди, дедингиз. Бу борадаги прогнозлар қандай?

— Иқлим ўзгариши ва сув таъминоти ўзаро боғлиқ. Шунинг учун тадқиқот жараёнида иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалиги экинларининг суғорилишига қандай таъсир кўрсатишини алоҳида ўргандик ва натижа анча хавотирли чиқди. Прогнозга кўра, 2059 йилга бориб Ўзбекистонда ирмоқлар қисқариши ёки йўқолиб кетиши мумкин.

Умумий хулосага кўра, иқлим ўзгаришининг экинлардан кўра сувга нисбатан таъсири хавотирлироқ. Чунки сувсизлик оқибатида экин ҳам, хосил ҳам бўлмайди. Мазкур тадқиқот натижасидан кўпчилик ёки айримлар хавотирга тушмаслиги, бунга ишонмаслиги мумкин. Лекин бу тадқиқот далилларга асосланган ва келажакда кутилаётган прогнозлар эканини унутмаслик зарур.

— Мамлакатдаги фермер ва деҳқонлар иқлим ўзгаришига қарши курашиш ёки мослашишга қай даражада ҳаракат қилмоқда? Бу борадаги фикрларингиз қандай?

— Билишимизча, айрим фермерлар иқлим ўзгаришига жиддий қараяпти, турли технологияларни жорий қилишга ҳаракат қиляпти ёки бу борада бош қотиряпти. Лекин ер ўзиники бўлмаган деҳқон фақат бу йилги ҳосилни кўп олиб, максимал даромад топишни кўзлайди. Бунинг учун қўллайдиган методлари келгуси йилларда иқлимга, ерга, сувга қанчалик салбий таъсир кўрсатишини доим ҳам ўйлаб ўтирмайди. Шу боис фермер ва деҳқонлар иқлим ўзгаришига қарши чора кўришдан олдин, ердан фойдаланиш ҳуқуқини амалда ҳис қилиши, ўзи хоҳлаганидек ишлаши жудаям муҳим. Нимани истаса ўшани эксин, даромад топсин, ерга ҳам ўзи жавоб берсин. Одам ўзига тегишли, деб билган нарса учун қаттиқ жон куйдиради, уни эҳтиёт қилади, асрайди. Нима қилишни, қаерга боришни ва кимдан маслаҳат сўрашни билмаган деҳқонга юқоридан кўрсатма эмас, илмга асосланган маслаҳат берилиши шарт.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги AKIS марказининг асосий мақсадларидан бири ҳам фермер ва деҳқонларга тўғри маслаҳатлар бериб, билимини ошириш ҳисобланади. Масала юзасидан фермер, деҳқонларнинг хабардорлигини оширишда ОАВнинг ўрни ҳам жуда катта. Сизлар бу муаммоларга эътибор қаратсангиз, одамлар хабардорлигини оширсангиз, албатта, қандайдир ўзгариш бўлади.

— 2022 йилнинг декабрида Тошкентда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторида иқлим ўзгариши таҳдидларига қарши кураш мавзусида тадбир бўлиб ўтганди. Унда сиз мамлакат аграр секторида иқлим ўзгаришига қарши мувофиқлашган миллий кураш йўқлигини таъкидлаган эдингиз. Бундай хулосани айтишингизга сабаб нима?

— Сабаблардан бирини суҳбатимиз давомида айтдим: битта давлат ташкилоти битта секторга масъул сифатида кўрилади ва ўз доирасида фаолият юритади. Мисол учун, Ўзбекистонда иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига таҳдидларининг олдини олиш бўйича тадқиқот натижаларини Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўрсатадиган бўлсак, ер унумдорлигини ошириш, фермерларни ўқитиш бўйича ишлар қилинади. Лекин сув масаласини ҳал қилиш бу вазирлик ваколатига кирмайди. Агар Сув хўжалиги вазирлигига тақдим этсак, суғориш тизимини ривожлантиришга эътибор қаратилиши мумкин. Аммо иқлим ўзгаришига чидамли экин навларни яратиш, атроф-муҳит муҳофазаси учун кимёвий воситаларни қўллашни камайтириш масаласи четда қолиб кетади.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган кўплаб халқаро ташкилотлар филиаллари ҳам иқлим ўзгаришига қарши курашишда турли лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда, амалга оширмоқда. Бироқ халқаро ривожланиш ҳамкорлари ҳам аксар ҳолларда тарқоқ иш кўради, якдил тадбирларни амалга ошириш мушкул. Чунки уларни ҳам бирлаштирадиган нуқта мавжуд эмас. Кўряпсизми, бу масала халқаро тажрибани ўз ичига олган ташкилотлараро тизимли дастур ишлаб чиқишни ва амалга оширишни талаб қилади, тарқоқ лойиҳаларни эмас.

аграр соҳа, адриан нил, иқлим ўзгариши

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати.

Биз шуни таклиф қиляпмизки, барча ҳамкорлар битта йўлдан борса — қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторида иқлим таҳдидларига қарши курашда ўзаро мувофиқлик ҳамда мулоқот таъминланса, муаммоларга ечим топиш осонлашади. Бошқа давлатларда шундай қилинган. Ўзбекистонда ҳам буни қилиш мумкин.

— Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон ҳукумати иқлим ўзгаришининг аграр секторга таъсири ва кутилаётган таҳдидлардан қай даражада хавотирда?

— Мамлакатингизда аграр секторда иқлим ўзгаришига қарши курашилмаяпти, дейиш нотўғри. Аксинча, ҳукумат томонидан бу борада турли лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалга оширилган ва бу давом этмоқда. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги зараркунандаларга қарши кураш олиб бораётганини биламан. Сув хўжалиги вазирлиги томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш каби сув тежовчи технологияларни тарғиб қилаётганидан хабарим бор. Буни қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам тарғиб қилмоқда. Бу каби лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани жуда ҳам яхши. Аммо улар бир-бири билан қанчалик узвий, қанчалик алоқадор? Улар бир-бирини тўлдирадими, такрорлайдими ё инкор қиладими? Бу лойиҳаларнинг ҳаммасини мувофиқлаштириб, ягона мақсадга йўналтириш нуқтаси мавжудми? Билишимча, йўқ. Шунинг учун ҳам натижалар кутилгандек сезиларли эмас.

аграр соҳа, адриан нил, иқлим ўзгариши

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғида иқлим ўзгариши муаммоларига қарши кўрилиши мумкин бўлган жавоб чоралари
Инфографика: Agriculture Support and Knowledge facility

— Жаноб Адриан, сиз иқтисодчи сифатида қишлоқ хўжалиги соҳасида ўттиз йиллик тажрибага эга мутахассиссиз. Украина, Сербия, Албания, Македония каби ўнлаб давлатларда қишлоқ хўжалиги вазирларининг маслаҳатчиси бўлгансиз. Бугун эса Ўзбекистонда фаолиятингизни давом эттиряпсиз. Масъулларимиз иқлим ўзгаришини енгиллаштириш учун нималарга аҳамият қаратиши зарур, деб ўйлайсиз? Ижрочиларга қандай маслаҳатлар бера оласиз?

— Энг аввало, аграр секторда иқлим ўзгариши бўйича доимий ишлайдиган мувофиқлаштирувчи тузилма бўлиши керак. Ҳозир Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги шу гуруҳни ташкил этиш бўйича иш олиб боряпти. Умид қиламизки, бу гуруҳда барча масъул давлат ташкилотлари ва халқаро ривожланиш ҳамкорлари мувофиқлашган ҳолда биргаликда ишлаймиз, аграр секторда иқлим ўзгаришига қарши кураш олиб борамиз.

Бундан ташқари, аграр маслаҳат хизматларини ривожлантириш зарур. Agriculture knowledge and innovation system (AKIS) ва бошқа лойиҳалар орқали фермер, деҳқонларга ўз йўналиши бўйича энг янги, маҳаллий шароитга мос билимларни етказиш керак. Иқлим хатарларига қарши кураш усуллари шу маслаҳат хизматларининг таркибий қисми саналади. Бу ишлар ҳам албатта, тарқоқликда эмас, ўзаро мувофиқликда бажарилса, натижа беради. Аграр секторга кучли мутахассисларни жалб этиб, уларга халқаро тажрибани ўргатиш, кадрлар билимини ошириш керак. Аслида барча муаммоларнинг илдизи хабардорлик ва билим етишмаслигига бориб тақалади.

Миролим Исажонов суҳбатлашди.