Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — Ўзбекистондаги Гёте институти ходими, таржимон Гулноза Набиева. Қаҳрамонимиз Илия Трояновнинг «Оламлар соҳиби» ҳамда Жианна Молинарининг «Бу ерда ҳамма нарса бўлиши мумкин» китобларини немис тилидан ўзбек тилига таржима қилган.

Яқин орада ўқилган китоблардан тавсиялар

Китоб ўқишнинг аҳамияти, инсоннинг шахс бўлиб шаклланишда тутган ўрни ҳақида гапириш ортиқча. Бу ҳаммага маълум ҳақиқат, лекин, минг афсуски, биз бу оддий ҳақиқатни унутиб қўямиз. Қизиқ, Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи кечқурун ётишдан олдин китоб ўқир экан? Афсуски, бундай ўқиш маданияти бизда оммалашмаган. Ҳашаматли уйларда кутубхона йўқ. Одамлар нима дейди, деб турли маъракаларни исрофгарчилик билан ўтказишга ўрганганмиз, лекин фарзандларимизга китоб олиб беришдан пулни қизғанамиз.

Жадид боболаримиз бундан 100 йил олдин ёзғиришган, уларнинг гаплари худди бугун ҳақида айтилгандек. Бир асрдан буён ҳеч нарса ўзгармабди. Тўйлар, машина рақамлари учун сарфланган миллионларни эшитсам, ўз миллатим учун уят ҳиссини туяман. Ўқиш маданияти баланд миллатлар ҳеч қачон бировга қарам бўлмайди, японлар, немислар, французлардан бу борада ўрнак олсак арзийди.

Ўқимайдиган миллат эканимиз ёзган китобларимиздан, суратга олган фильмларимиздан, санъатимиздан сезилиб туради. Тасаввур қилинг, суннат тўйида қариндош-уруғ болага энг сара китоблардан совға қилса, сариқ чақага арзимайдиган тўй сарполари ўрнига келин-куёвга нодир китоблардан ташкил топган кутубхона тўёна қилинса, нима бўлади? Қалблар, онглар уйғонган бўларди. Ўқиган ҳар бир китобимиз бизни бир поғона баландга кўтаради.

Қуйидаги асарларни эса яқин орада ўқиб тугатдим ва уларни китоб ўқийдиганларга тавсия қилмоқчиман.

Shida Bazyar. Nachts ist es leise in Teheran. KiWi Paperback нашриёти. 2017 йил. 288 саҳифа.

гулноз набиева, китобхонлик, нима ўқиймиз, тавсиялар

Асли келиб чиқиши эронлик бўлган немис адибаси Шида Бозёр қаламига мансуб «Теҳронда тунлар жим-жит» асари инқилоб, зулм, қаршилик ва эркинликка интилиш ҳақида. Роман қаҳрамонлари Беҳзод ва Ниҳод бир-бирини севади, биргаликда тақиқланган китобларни ўқийди, намойишларда қатнашади, ҳукуматга қарши сиёсий курашлари оқибатида тазйиқларга учраб, Германияга қочишга мажбур бўлади. Вақтинчалик бошпана деб ўйланган юртда уч нафар фарзанд кўришади, немис жамиятида уларга нисбатан сийқаси чиққан қарашлардан азобланади, сиёсий идеалларидан йироқлашиб боради. Бир сўз билан айтганда, Ватан соғинчи, қайтиш имконсизлиги, мусофирчилик азоблари ҳақидаги китоб.

Лев Толстой. «Война и мир» (икки китоб). Азбука нашриёти. 1408 саҳифа.

гулноз набиева, китобхонлик, нима ўқиймиз, тавсиялар

Лев Толстойнинг ушбу роман эпопеяси бутун дунёда миллионлар қалбини забт этган. Асар мени ўзининг серқирралиги, қаҳрамонларининг теран фикрлаши, ҳаёт фалсафаси билан суғорилгани билан ўзига тортади. Толстой, шубҳасиз, энциклопедик билимга эга улуғ шахс, буни асарларини ўқиш асносида билиб оламиз. «Уруш ва тинчлик» романи бир маротаба эмас, қайта ва қайта ўқиладиган асарлардан бири.

Андрей Платонов. «Жон». «Академнашр» нашриёти. 2019 йил. 192 саҳифа.

гулноз набиева, китобхонлик, нима ўқиймиз, тавсиялар

Рус ёзувчиси Андрей Платонов қаламига мансуб «Жон» асари 2019 йили таржимон Шарифжон Аҳмад таржимасида нашрдан чиқди. Ўз қавмини гўдаклигида тарк этган Назар орадан йиллар ўтиб, Москвада олийгоҳни битириб қайтиб келади. Унга ўз элини қидириб топиш, уларни бахтли ҳаётга қайтариш миссияси юклатилади. Жон элини деярли «жонсиз» ҳолатда топади, уларни бирлаштириш, ортидан эргаштириш учун дастлаб қорниларини тўйғазиши, сув топиши керак. Асарда ҳар бир жумла рамзий маъно касб этади, шу жумладан, жон ҳам. Чўли биёбон умидсизлик, лоқайдлик рамзи. Унда сув ахтариш — ҳаётдан маъно излаш, ҳаракат — нажот рамзи.

Жавлон Жовлиев. «Қўрқма». «Ниҳол нашр» нашриёти. 2021 йил. 376 саҳифа.

гулноз набиева, китобхонлик, нима ўқиймиз, тавсиялар

Ёш адибимиз Жавлон Жовлиевнинг «Қўрқма» романида Германияга ўқишга юборилган туркистонлик талабаларнинг фожиали тақдири маҳорат билан бадиий адабиётга кўчирилган. Асар миллатимизнинг армони ва аламларидан сўзлайди. «Биз мағлуб миллатмиз, ғурурни унутган, қорин учун яшашга ўрганган ва кўнган!». Бу қаҳрамоннинг гапи, лекин айни кунимизга жуда-жуда мос. Деярли ҳеч нарса ўзгармагандек.

Edward W. Said. Orientalism. Pantheon Books нашриёти. 1978 йил. 368 саҳифа.

гулноз набиева, китобхонлик, нима ўқиймиз, тавсиялар

Муаллиф Шарқни англаш, талқин ва тадқиқ этишда Ғарб ёндашувининг моҳияти, унинг нохолис ва тарафкашликка асослангани, Шарқ устидан ҳукмронликка интилиш мавжудлигини очиб беради. Муаллиф «ориентализм» атамасига танқид кўзи билан қарайди. Ғарб дунёсининг империалистик жамиятлари билан чамбарчас боғлиқ бу тушунча кўп ҳолларда сиёсат ва ҳокимиятга хизмат қилишига диққатни қаратади.

Yuval Noah Harari. Sapiens: A Brief History of Humankind. Harper нашриёти. 2015 йил. 464 саҳифа.

гулноз набиева, китобхонлик, нима ўқиймиз, тавсиялар

Бу китоб инсониятнинг ривожланиш тарихи алоҳида босқичларидаги когнитив ва илм-фан инқилоби қай тариқа юз бергани ҳақида содда ва аниқ услубда умумий тушунча беради.

Болалар ва ёшларга тавсиялар

Ёшлар ўқиши керак бўлган китоблар рўйхатини ёш гуруҳлари бўйича тавсия этмоқчиман. Болаликдан ўқилса, улғайганда ҳам бу одат йўқолмаслиги ҳақиқатга яқинроқ.

12 ёшгача

  • Ўзбек ва жаҳон ҳалқлари эртаклари;
  • Ҳанс Кристиан Андерсен эртаклари;
  • Ака-ука Гримм эртаклари;
  • Жонатан Свифт. «Гулливернинг саёҳатлари»;
  • Жанни Родари эртаклари;
  • Антуан де Сент-Экзюпери. «Кичкина шаҳзода».

Ўсмирлар учун

  • Юнон мифологияси;
  • Ғафур Ғулом. «Шум бола»;
  • Анна Франк. «Анна Франк кундалиги»;
  • Йоханна Спири. «Хайди»;
  • Роалд Дал. «Матильда»;
  • Ҳарпер Ли. «Мазахчини ўлдириш»;
  • Жоан Роулинг. «Ҳарри Поттер» (барчаси қисмлари);
  • Пауло Коэльо."Алкимёгар";
  • Даниель Дефо. «Робинзон Крузо».

Катталар учун

  • Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Назар Эшонқул асарлари;
  • «Излам» тўпламига кирган ижодкорлар китоби;
  • Чингиз Айтматов. «Асрга татигулик кун», «Қиёмат»;
  • Габриэл Гарсиа Маркес. «Мустабиднинг кузи», «Ёлғизликнинг юз йили»;
  • Гёте. «Фауст»;
  • Лев Толстой. «Анна Каренина»;
  • Француз шоирларидан Бодлер, Поль Элуар, немис шоирларидан Паул Целан, Рике Шеффлер асарлари.

Охирги йиллари Ўзбекистонда жуда кўп сара асарлар ўзбек тилига таржима қилинди, бу қуворнарли, аммо етарли эмас. Шу боис, чет тилларни ўрганиш муҳим, чунки янги нашрни аслиятда ўқишга нима етсин. Инглиз, немис ва дунёнинг бошқа тилларида ёзилган илмий ишлар жамланган Open Access тармоғидан уч миллиондан ошиқ китоб, диссертация, эсселарни бепул юклаб олиш мумкин. Шу ўринда, Гёте институтининг рақамли кутубхонаси ҳақида айтиб ўтмоқчиман — унда 35 000дан ортиқ электрон китоб, фильм ва бошқа контентни топиш мумкин.