Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 1000 га яқин болада онкологик касалликлар аниқланади. Хўш, болалар саратони қанчалик хавотирли? Унинг олдини олиш мумкинми? Ўзбекистонда саратонга чалинган болалар қандай даволанмоқда?

15 февраль — Халқаро саратонга чалинган болалар куни муносабати билан «Газета.uz» шу каби саволлар билан Болалар миллий тиббиёт маркази онкология ва гематология бўлими раҳбари Камол Искандаровга мурожаат қилди.

Камол Искандаров — онко-гематолог. Германия, Австрия, Корея, Япония, Туркия, Малайзия давлатларида болалар онкологияси бўйича ўқиб, малака оширган.

— Саратон ўзи қандай касаллик ва болалар саратони нималардан келиб чиқади?

— Саратон — организмдаги оддий ҳужайранинг, бузилган, яъни атипик ҳужайрага айланиши. У болаларда ҳам, катталарда ҳам учрайди.
Ҳаёт давомида шаклланадиган болалар саратонини келтириб чиқарувчи аниқ сабаб йўқ.

Айрим касалланиш ҳолатлари туғма характерга эга бўлиб, она қорнида шаклланади. Масалан, ҳомиладорлик давридаги турли стресслар, онанинг сурункали касалликларга чалиниши, яшаётган иқлимининг ёмонлиги, дейлик, радиоактив ҳудудларда яшаш натижасида бола саратон билан туғилиши мумкин.

Туғилажак фарзанддаги саратонни ҳомиладорлик давридаги скринингда аниқлаш деярли имконсиз. Бунинг учун ўсимта бола билан бирга катталашиши керак. Лекин битта ўсимтанинг ёнғоқдек — уч сантиметр бўлиши учун кўп вақт керак. Саратон ҳужайралари аввалига жуда секин бўлинади, ёнғоқдек шаклга келгандан кейин бу жараён бирдан тезлашиб, ўсимта катталашиб кетади.

Боланинг саратон билан туғилиши кам бўлса-да, учраб туради. Ҳозир Болалар миллий тиббиёт марказида шундай ҳолат билан туғилган 35 кунлик чақалоқ даволаняпти.

— Еб-ичилаётган маҳсулотлар таркибидаги ГМО ва турли концентратлар, умуман, нотабиий маҳсулотлар саратонга сабаб бўлиши мумкинми?

— Бундай саволларга гоҳида «ҳа», гоҳида «йўқ» деб жавоб бераман. Чунки оддий ҳужайранинг атипикка айланиши учун ундаги муҳит бузилиши керак. Битта фактор ҳеч қачон саратонга олиб бормайди. Бир нечта факторлар таъсир қилса, ҳужайра уларга жавоб қайтаролмай қолади. Шундан кейин иш фаолиятини тўхтатиб, ёнидаги ҳужайранинг ДНКсидан нусха кўчириб, яшай бошлайди. Ана шу номутаносиблик саратонга сабаб бўлади.

Шу факторлардан биттаси еб-ичаётган маҳсулотларимиз ҳам бўлиши мумкин. Лекин у ёки бу беморга «у айнан мана шу нотабиий маҳсулот ёки газли ичимликни истеъмол қилгани учун саратонга чалинган», деб ташхис қўйиб бўлмайди.

камол искандаров, онкогематология

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

— Болалар саратонининг қандай турлари бор? Қайси турлари кенг тарқалган?

— Саратоннинг болалар онкологиясида кўп учрайдиган 14 та тур бор. Уларнинг катта қисмини лейкозлар, қон касалликлари, қон ўсмалари ташкил қилади. Булардан кейин бош мия ўсмалари ва лимфомалар туради. Нефробластома, нейробластома, робдомиосаркома, остеосаркома, эмбрионал, герминоген ўсмалар кам миқдорда учрайди.

Ўзбекистонда бир йилда мингга яқин болага онко-гемотологик касаллик ташхиси қўйилади. Аслида мамлакатдаги касалланган болалар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Аммо биздаги онко-гематологиянинг имконияти (мутахассислар, техникаларнинг чекланганлик даражаси) ҳозирча бир йилда мингга яқин ҳолатда касалликни аниқлай олишга етади, холос.

— Болалар саратони қандай белгилар билан намоён бўлади? Ота-оналар энг биринчи даврлариданоқ қандай аломатларни сезиб, шифокорларга мурожаат қилиши мумкин?

— Болалар саратонининг белгилари касалликнинг турига боғлиқ. Масалан, юмшоқ тўқима ёки суяк билан боғлиқ турларида ўсимта ташқарига ўсиб чиқади ва ўша органларга қўл текканда ортиқча нарса борлиги билинади. Бу касалликдан хавфсираш учун сабаб бўла олади. Қонда бўлса, умумий қон таҳлилида ўзгариш пайдо бўлади. Аммо ички органларда саратон шаклланаётганини билиш қийин — бундай турларда саратон дастлабки даврда оғриқ чақирмайди. Ўсимта ҳажми катталашгандан кейин қайсидир нервни сиқиб ёки қайсидир орган фаолиятига таъсир қилади.

камол искандаров, онкогематология

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Шунинг учун ҳам ички органлар ҳолатини доимий назорат қилиб туриш керак. Ота-оналарга камида ҳар 6 ойда фарзандларини умумий текширувлардан ўтказишларини тавсия қиламиз. Текширувлар мураккаб эмас: қорин бўшлиғини УТТ, кўкрак қафасини рентгенография ёки ирригоскопия қилиш ва қон таҳлили топширишдан иборат.

Саратоннинг ҳар қандай тури шаклланиш даври бошланганда болада ҳолсизлик, иштаҳасизлик пайдо бўлади. Тана ҳарорати доим 37,5−38 даража иссиқ орасида бўлиб қолади, тез-тез ва кўп терлайди.

Афсуски, бундай пайтда ота-оналар болани кўрикка олиб чиққанда оилавий поликлиникалардаги шифокорларининг аксарияти турли антибиотиклар ёки гормонал муолажалар тавсия қилади. Ҳудудлардаги шифокорлар жудаям яхши кўрадиган, оммалашган дексаметазон гормони бор. Дексаметазон — суприцер (бостирувчи) хусусиятга эга бўлиб, организмга кириши билан ҳужайралар фаолиятини тезлик билан суприция қилади. Организмнинг бунга жавоб қайтаришга кучи етмайди ва бола тўсатдан яхши бўлиб қолади.

камол искандаров, онкогематология

Камол Искандаров. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Дексаметазонни қабул қилиш, айниқса, лимфома шаклланаётган пайтда жуда хавфли. Лимфома — болаларда лимфа тугунларида ривожланадиган ўсма ҳисобланади. Юқоридаги барча саратон шаклларида учрайдиган белгилар билан бирга боланинг қўлтиқ ости, бўйин, қорин, чов соҳаларида лимфа тугунлари чиқиб, катталаша бошлайди.

Лимфома дексаметазонга жудаям сезгир. Укол орқали дексаметазон суюқлиги организмга кириши билан лимфа тугунлари тезда йўқолади. Бемор тузалгандай бўладию, ўсмалар ички органлар — жигар, талоқ, ўпка, суякларда ривожланиб кетаверади. Вақт ўтиб бош мияга ҳам чиқади.

Касаллик ўз белгисини йўқотиш — энг ёмон нарса. Бир воқеани айтиб берай. Кўрикка бир болани олиб келишди. Саратонга ҳеч қандай шубҳа йўқ, лимфа тугунлари ҳам, бирор ерида ўсма ҳам кўринмайди. Аммо кўзлари кўрмай қолган, иккита буйраги ишламаяпти.

Онаси билан суҳбат давомида гормон олганми деб сўрасам: «Ҳа, бир докторга борганда, дексаметазон ёзиб берганди, аҳволи яхшиланди. Шундан кейин ҳар мазаси қочганда дорихонадан дексаметазонни олиб, ўзим қилардим, яна яхши бўларди», деди. Текширувлардан ўтказдик. Қарасак, лимфоманинг энг охирги босқичи. Касаллик ҳар гал белги кўрсата бошлаганда, укол билан бу белгилар йўқотилаверган.

Оқибатда саратон боланинг миясига ўтиб, кўзини кўр қилиб, иккала буйрагини ҳам ишдан чиқарган. Энди ҳар қандай муолажага ҳам, тузалиб кетишидан умид қилишга ҳам аллақачон кеч бўлган эди.

камол искандаров, онкогематология

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

— Боласидаги ҳар қандай белгидан хавфсираш ва ҳар бир шифокор ёзиб берадиган дори-дармону, тавсия қиладиган муолажалардан «шубҳаланишлари» учун ота-оналарга тавсиялар бериб ўтсангиз.

— Ота-оналарга тавсияларим: ҳар қандай мутахассис ёзиб берган ҳар бир дори воситаси, муолажани фарзандингизга қўллашдан аввал ўйлаб кўринг, эринмай йўриқномалари билан танишинг. Яқинда ҳаммамиз кўрган «Док-1 Макс» сиропи билан боғлиқ ҳолат кўзгу бўлсин.

Ҳаммада интернет бор, унда маълумот тиқилиб ётибди. Касалликни ёзинг, сизга исталган ахборотни чиқариб беради. Дорилар ҳақида ҳам, сиз мурожаат қилган шифокорнинг даражаси, бошқа беморларнинг у ҳақидаги фикригача кўра оласиз ҳатто.

Врачларни ёмонламоқчи эмасман. Онкология, гематология соҳаларида шифокорларнинг савияси ҳар хил бўлиб қолиши сабаби — Ўзбекистон бўйича стандарт протоколлар йўқлигида. Стандартлар бор, лекин улар протокол эмас. Протокол шундай нарсаки, касалликка оид ҳар бир маълумот қадамба-қадам, икир-чикиригача ёзиб қўйилган бўлади. Ҳар қандай шифокор протоколни ўқиб, беморида касаллик эҳтимоли бор ёки йўқлигини айта олади.

камол искандаров, онкогематология

Даволаниб кетган бемор болалардан бирининг шифокорини тасвирлаб чизган сурати. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

— Касалликнинг қандай даражалари бор? Уларнинг қайси бирида даволаниш ва омон қолиш нисбати юқорироқ?

— Онкология соҳасида касалликни тўртта даражада баҳолаймиз. Фақатгина буйрак касаллигида бешта босқич қилинган. Чунки иккита буйрак бор. Агар иккаласи ҳам зарарланса, бешинчи босқич бўлади. 1 ва 2-даражада мурожаат қилинганда 95 фоиз беморлар тузалади. 3-даражада бу фоиз камаяди, 4-даражада эса жудаям камайиб кетади.

Қанча кўп вақт ўтса, саратон ҳужайралари тананинг турли қисмларига шунча кўп тарқаб кетаверади. Бош мия саратонининг 3 ва 4-босқичларида тузалиш нисбати жуда кам. Чунки бош мия ўсмаларига ҳамма дорилар ҳам таъсир қилавермайди.

Шунингдек, беморда кимёвий давога нисбатан ўрганувчанлик пайдо бўлиб қолса ёрдам бериш имконсиз. Даволаниш жараёнида белгиланган дозада кимё қилинмаслиги ўрганувчанликка сабаб бўлади. Оддийгина метотрексат дориси 1 метр квадратга 12 грамм юборилиши керак. Айримлар 1−2 грамм қилади. Бу натижа бермайди.

Агар бу ҳолат такрорланиб, 1 граммдан 2−3 марта қилинса, 4-мартада 12 грамм метотрексат юборсангиз ҳам фойдаси бўлмайди. Чунки бола организми дорига аллақачон ўрганиб бўлди. Бундай ҳолат жуда кам бўлса-да, учраб туради.

камол искандаров, онкогематология

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Ривожланган давлатлар 4-даража жудаям кам учрайди. Бизда эса аксинча, 3 ва 4-даража билан келиш ҳаддан зиёд кўп. Бунда ота-оналарнинг ҳам, ҳудудий шифокорларнинг ҳам айби бор. Сурхондарёдан бир бемор келди, жағида чойнакдан катта ўсимта бор. Инсоннинг оғиз бўшлиғи Аллоҳ томонидан шу даражада мукаммал қилиб яратилганки, оғиз бўшлиғида ортиқча нарса пайдо бўлса, бирдан сезилади.

Бола томоғимда ёки тилимнинг тагида қаттиқ нарса бор деб шикоят қилган, гапириш ва овқат ейишда қийналган боланинг аҳволи 5−6 ойда бу даражага келиб қолмаган, у камида бир йил шундай азобланган, яқинлари эса бунга бефарқ қараган. Шу вақт оралиғида ота-онаси ҳамма иримларни қилган: эчкию ҳўкиз сўйган, фолчига ҳам борган, илону чаённи ҳам едирган, кейин охири шифокорга келган. Лекин бу пайтда анча кеч бўлганди.

— Саратонни даволашнинг қандай босқичлари бор?

— Бугунги кунда Ўзбекистонда саратон уч хил йўл билан даволанади: жарроҳлик, кимётерапия, нур терапия. Дунё тажрибасида суяк илигини кўчириб ўтказиш, иммунотерапия, таргет терапия, пратон терапиялар ҳам кенг қўлланилади. Булардан айримларини яқин келажакда тажрибада қўллаш бўйича режаларимиз бор. Уларни амалга ошириб кўрмай, натижа кўрсатмасдан туриб бирор нарса дейишни хоҳламасдим.

Келинг, остеосаркома — суяк хавфли ўсимтасининг даволаш босқичларини тушунтираман. Бу касаллик кўпроқ сон суяги ва узун суякларда учрайди. Белгиси суякда катталашиш бошланиши билан намоён бўлади. Аввал биопция оламиз.

Биопция — ўсмадан маълум бир бўлак материал олиш учун қилинадиган амалиёт. Уни махсус асбоблар, жарроҳлик йўли, эндоскопик йўл билан ҳам олиш мумкин. Биопция микроскопда кўрилади ва гистологик текширувда тўқиманинг хусусиятини кўрсатади. Бундан ҳужайра саратонга айланганми ёки йўқ, агар саратон бўлса, яхши сифатлими ёки ёмон сифатли эканини хулоса қилиш мумкин.

Остеосаркома ташхиси тасдиқлангандан кейин биринчи навбатда юқори дозали кимётерапия ўтказиш керак. Юқори дозали кимё Ўзбекистонда аввал қўлланмас эди. Болалар миллий тиббиёт марказида яқинда йўлга қўйдик. 20 га яқин бемор юқори дозали кимё оляпти. Протокол бўйича давонинг муддати, қандай қилиниши белгилаб олинади. Ундан кейин жарроҳлик амалиёти орқали эндопротез қўйилади ёки ўсма олиб ташланади. Операциядан кейин протоколга кўра яна кимёвий даволар давом эттирилади.

камол искандаров, онкогематология

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Аслида, аксар ҳолларда онкологик касалликларнинг ҳаммаси қайси босқичда бўлишидан қатъи назар кимёвий даводан бошланади. Лекин ўсимтани олиб ташлаш имконияти бўлса, аввал жарроҳлик амалиёти қилинади. Кейин бемор текширилиб, гистологик кўрикдан ўтказилади ва кимёвий даво бошланади.

Кимёвий даво ҳар 21 кунда қилинади. Чунки суяк кўмиги шу вақтнинг ичида тиклана олади. Агар бу даврда узлуксиз даво қилинса, кўмикнинг иши бузилиб, қон ҳужайраларини ишлаб чиқаришни тўхтатади. Кимётерапиянинг давом этиши эса протоколга қараб ҳар хил бўлади. 10 ё 12 кун, айримларда бир ҳафта ёки яна бошқача муддат. Баъзи ҳолларда кимёвий даво учун алоҳида белгиланадиган кун-соатлар ҳам бор. Шунинг учун ҳам стандарт протокол жуда муҳим.

Кимётерапия, жарроҳлик амалиётларининг ҳаммаси тугагач, касаллик ремиссия (белгиларнинг заифлашуви)га чиқади. Шундан кейин беморни яна 5 йил давомида кузатамиз. Бошида ҳар ой келиб туради, кейин ҳолатига қараб ҳар 6 ойда, сўнг ҳар бир йилда келишади. 5 йилгача касаллик қайталанмаса, тузалган ҳисобланади.

Ривожланган ва бир қанча ривожланаётган давлатларда саратонни даволашда жуда кўп усуллардан фойдаланилади. Шунинг учун натижалари ҳам юқори. Германия, Корея, Япония каби давлатларда CАР Т-Cэлл терапия ва иммунотерапия амалиёти қўлланилади.

CАР Т-Cэлл терапия — беморнинг саратонга чалинган ҳужайрасини олиб, унга қарши кураша оладиган ҳужайраларни ясаб, кўпайтириб, беморнинг қонига қуйиш. Ясалган ҳужайра саратон ҳужайраларини таниш хусусиятига эга бўлиб, ҳамма саратон ҳужайраларини топиб ўлдиради. Иммунотерапияда эса рак ҳужайралари ўлдирадиган дорилар қабул қилинади. Улар жуда қиммат туради.

Германия, Японияда молекулар-генетик лабораториялар бор. Бу орқали саратон ташхиси қўйилган беморга қандай дорилар қўллаш мумкинлигини чиқариб олиш мумкин. Беморнинг ўсма ҳужайраси олиниб, лабораторияга топширилади.

Бир куннинг ичида шифокорнинг қўлига шу беморга қандай дориларни қўллаш яхши самара бериши мумкинлиги ҳақидаги рўйхат келади. Бу билан саратонга чалинган ҳар бир шахс учун унинг саратон ҳужайраси хусусиятларидан келиб чиқиб алоҳида даволар қўлланилади.

камол искандаров, онкогематология

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

— Саратон тўлиқ даволангандан кейин қайталаниши ёки бир организмда саратоннинг турли шакллари учраши ҳам мумкинми?

— Ҳа. Кам бўлса-да учраб туради. Бу иккиламчи саратон касаллиги деб аталади. Масалан, ретинобластомадан соғайган беморда 20−30 йил ўтиб иккиламчи остеосаркома келиб чиқиши мумкин.

Ретиноблaстома — хавфли кўз саратони. Бу касаллик ташхисини онколог эмас, офтaлмолог қўяди. Ретиноблaстомада кўз шох пардасининг биринчи қаватида ялтироқлар пайдо бўлади. Бола кўзидаги нуқсонсифат ялтироқлар ва кўз оғриқларидан шикоят қилганда буни ота-она ҳам сезиши мумкин.

Бемор узоқ вақт даволаниб, саратондандан қутулишга ҳаракат қилди. Узоқ вақт давомида беморда қилинадиган ҳар қандай муолажа: қон қуйиш, осма уколлар, кимётерапия, нур терапиялар ҳужайрага таъсир қилишини натижасида иккиламчи саратон келиб чиқиши мумкин.

— Бола организмининг саратонни кўтара олиш, даволаниш нисбати қандай?

— Боласида саратон ташхиси қўйилган ҳар бир ота-онанинг берадиган умумий саволи бор: «Болам кимёни кўтара оладими?». Катталарга нисбатан болалар кимёвий давони яхши кўтаради. Катталарга нисбатан болаларда кимёвий даво яхши натижа беради. Катталарга нисбатан болаларда саратондан тузалиш даражаси юқори. Чунки бола организми ёш, унда бошқа касалликлар бўлмайди ёки бўлганда ҳам биттадан ошмайди.

Катталарда ҳамроҳ касалликлар кўп бўлади. Организм қанча катта, кекса бўлса, кимёвий давони қабул қилиши шунча қийин бўлади. Остеосаркома касаллигида ҳам катталарда кимёвий давонинг натижаси бўлмайди, болаларнинг суяги ёш бўлгани учун тез таъсир қилади. Суяк илигини кўчириб ўтказиш амалиёти ҳам катталарга нисбатан болаларда яхши натижа беради. Бирор муолажанинг асоратлари ҳам болаларда камроқ бўлади.

камол искандаров, онкогематология

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

— Болалар миллий тиббиёт марказидаги онко-гематология бўлими неча ўринли? Нега аксар ҳолларда онкологик касалликка чалинган беморлар даволаниш учун пойтахтга интилади? Вилоятларда ҳам даволаш марказлари бор-ку.

— Марказ 20 та ўринга мўлжаллаб очилган. Лекин бошқа бўлимларда ҳам ётқизиб, бир вақтда 30−40 тагача болага муолажа қиляпмиз. 2021 йилда белгиланган миқдорга кўра, 530 нафар бемор қабул қилишимиз керак эди, 700 киши бўлди. 2022 йилдаги миқдор 600 киши эди, 1015 нафар беморни қабул қилдик.

Вилоятларда болалар онко-гемтолог мутахассислари кам, шифохоналарнинг шароитлари ҳам ўзига яраша. Айрим жойларда болалар ва катталар бўлими қўшилиб кетган. Шунинг учун ҳам кўп беморлар ё Республика онкология марказига, ёки Болалар миллий тиббиёт марказига келади. Аммо иккита жой бутун Ўзбекистондаги эҳтиёжни қоплай олмайди.

камол искандаров, онкогематология

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Болалар миллий тиббиёт марказидаги мутахассислар бошқа чет давлатларда ўқиб, тажриба ошириб қайтган. Бизда қўлланиладиган кимёвий даволар Жанубий Корея протоколи асосида бўлгани учун яхши натижа беради. Бу давлат билан доимий ҳамкорлигимиз бор. Устозимиз — кореялик профессор Канг жаноблари Сеул миллий университети Болалар онкология маркази раҳбари. Ҳар 3−4 ойда марказимизга келади, шунингдек, телемедицинадан фойдаланиб ишларимиз, натижаларимизни таҳлил қиламиз.

Болалар онко-гемотологияси ўзи кичкина соҳа. Гематологларни билмадиму, республикадаги онкологлар 30 нафарга ҳам етмайди. Катталар онкологиясининг кимётерапиядан тортиб, бошқа муолажаларигача болаларникидан тубдан фарқ қилади. Уларнинг тажрибасини қўлласак, хато бўлади. Ўз навбатида улардан ўрганишимиз ҳам бесамар. Бунинг ечими — халқаро тажрибани ўрганиш.

Аммо Ўзбекистондаги болалар онколог мутахассислари ўз қобиғидан чиқишни, янги билимларни олишни хоҳламайди. «Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди» томонидан бир қанча ёшлар чет давлатларида ўқитиляпти. Улар қайтиб келиб, билим-тажрибаларини қўллашади. Лекин ўша пайтгача ҳозирги мутахассислар ҳозирги беморларни даволаш олиши керак-ку.

Бошқа давлатларда малака ошириш учун вазирлик томонидан пул ажратилади. Катталар онкологиясидан ўтган йилнинг ўзида 50−60 мутахассис бориб ўқиб, тажриба ошириб қайтди. Ҳатто бир нечта болалар гематологлари ҳам бориб келишди. Лекин болалар онкологиясидан ўзимизнинг Болалар миллий тиббиёт марказидаги мутахассислардан ташқари бошқа бирор онколог малака ошириб келмади.

Давлат «пулини тўлайман» деб турганда бориб ўрганиб келиш наҳот шунчалар қийин бўлса? Кимдир қўлидан ушлаб туриб, ўқитиб келмайди-ку. Шифокорларнинг ўзи ҳам сал ҳаракат қилиши, уйғониши керак.

камол искандаров, онкогематология

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Вилоятлардаги онколог шифокорларнинг салоҳиятини оширмасак, Тошкентда қилинадиган даволар ҳам бесамар кетади. Биз беморларни узоқ вақт ўзимизда ушлаб туролмаймиз. Даволаш муддати 10−12 кун. Онкологияда даволаш жараёни ниҳоялангач, асоратлар билан ҳам курашиш керак.

Вилоятлардаги мутахассислар асоратлар билан кураша билмаяпти. Шундай муаммо туфайли иккита вилоятда икки бемор ремиссияга чиққан даврида нобуд бўлди.
Бугунгача Ўзбекистонда юқори дозали кимёни қўлламасликнинг сабаби шу: беморнинг оламдан ўтиб қолиш эҳтимоли баланд. Аксар шифокорлар шу қийинчиликдан қўрқишади.

— Вилоятлардан пойтахтга келишнинг сабаби тиббий жиҳозлар билан ҳам боғлиқми?

— Ҳа. Тиббий жиҳозлар етарли эмаслиги ҳам мутахассисга бориб тақалади. Мутахассис бўлмаса, тиббий жиҳоз ҳам йўқ. Мисол тариқасида айтаман, Самарқанд вилоят кардиохирургия маркази республиканикидан зўр бўлса зўрки, асло қолишмайди. Уларнинг тўрт-беш ходими Россия кардиохирургиясида неча йиллаб ишлаб келди. Улар келганидан кейин керакли ҳамма нарсани давлатдан талаб қилиб олди. Қандай тиббий жиҳоз кераклигини мутахассис айтади, масъуллар таъминлайди.

— Болалар онкологиясида мутахассислар камлигининг сабаби нимада?

— Сабаби — болалар онкологияси қийин соҳа. Саратоннинг 14 тури учун 14 хил даво қўлланилади. Тиббиёт талабалари аксар ҳолатларда бундай қийин соҳани танлагунча тор мутахассисликлардан кетишни маъқул кўради. Жуда кўп муаммоларда пулнинг асосий ҳаракатлантирувчи восита эканини инобатга олганда, эҳтимол, шу ерда давлат ҳам ҳаракатга келиши муаммога ечим бўла олар.

Бу соҳага бир йилда 2−3 минг шифокор керак эмас. Ҳозир 30 га яқин бўлса, яна 70−80 мутахассис қўшилиб 100 нафарча бўлиб қолса, бу миқдор Ўзбекистон учун бемалол етади. Болалар онко-гематологларининг маошларини ошириш мутахассисларни кўпайтиришга сабаб бўлиши мумкин.

Тиббиёт олийгоҳларида ўқиётган талабаларга мотивация учун айтишим мумкин: болалар онко-гемотологиясида ўрганилмаган билим, ўзлаштирилмаган тажрибалар кўп. Агар тиббиётда нимадир янгилик, қолаверса, жуда керакли ва фойдали иш қилмоқчи бўлсангиз, иккиланмай шу йўналишни танлашингиз мумкин.

камол искандаров, онкогематология

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

— Болалар онкологик касалликларидан даволанишда моддий ҳолат қандай роль ўйнайди? Кам таъминланган, оддий қилиб айтганда, камбағал одам саратонга чалинган боласини сақлаб қола олиш имкони қандай?

— Моддий ҳолат жудаям катта аҳамиятга эга. Аммо ҳаммаси ота-онанинг ўзига боғлиқ. Бир хил ота-оналар пули йўқ бўлса ҳам ҳаракат қилади. «Доктор, дорига пулим қолмади», деса, биз ҳам қараб турмаймиз. Ҳомийлар излаймиз ёки «Эзгу амал», «Замин» ва шунга ўхшаш бошқа фондлардан илтимос қиламиз. Шифохонада давлат томонидан ҳам анча-мунча дорилар бериляпти, таъминот олдингидан фарқли.

Моддий ҳолати яхши бўлмаган айрим ота-оналар ҳаракат ҳам қилмайди, бировдан сўраб ҳам кўрмайди. Пулим йўқ деб муолажаларни қолдиради, огоҳлантириб, бирор йўл ҳам сўрамасдан вақтида келмай, кечикади ёки бир нечтасидан кейин тўхтатиб қўяди. Айримларга шунчаки боласи қизиқ ҳам эмас, тақдирга тан беради-қўяди. Ҳаракатини қилса, Аллоҳ ҳам йўлларини очади. Муҳими тўхтаб қолмаслик керак.

Зиёда Рамазонова суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси Маъмуржон Обраҳматов.